Юксалиш ҳаракати ахборотномаси, 2024 йил Июнь

logo_f89cf94b
logo_uz_3
01
RD

Ўзбекистонда демократия

"Юксалиш" ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти ҳамда
"Минтақавий мулоқот" (Regional Dialogue) халқаро нодавлат ташкилотининг
ойлик бюллетени      

Ахборотнома № 46                                                                                 2024 йил 5 июнь
Мазкур электрон нашр АҚШ Давлат департаментининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти ва халқаро гиёҳванд моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш Бюроси (INL) кўмагида тайёрланди. Ахборотлар мазмуни учун муаллифлар жавобгар, INL ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини билдирмайди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда “БМТ-аёллар” тузилмаси очилишини қўллаб-қувватлади

1_a4506df2

Ушбу ташаббус ҳақида Президентнинг БМТ бош котиби ўринбосари — “БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус билан учрашувида маълум бўлди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг “БМТ-аёллар” тузилмаси билан конструктив ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Делегация томонидан Ўзбекистонда хотин-қизларнинг мавқеини тубдан яхшилаш ва жамиятдаги мақомини оширишга қаратилган самарали ислоҳотларга юксак баҳо берилди.

Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва манфаатларини илгари суриш соҳасидаги барча асосий халқаро конвенцияларга қўшилгани ва БМТнинг тегишли комиссияси ишида фаол иштирок этаётгани қайд этилди.

"БМТ-аёллар" тузилмасининг мамлакатимизда ваколатхонасини очиш масаласи қўллаб-қувватланди.


Самарқандда Осиё хотин-қизлар форуми ўтказилди

32_cf6f09fb

Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш таклифини Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида билдирганди.

13−14 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган мазкур Форум “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусига бағишланди. Унда 30 дан ортиқ давлатдан 81 нафар нуфузли меҳмон, жумладан, БМТ бош котиби ўринбосари, “БМТ аёллар” тузилмаси директори Сима Сами Бахус, Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг, БМТнинг Женевадаги бўлими директори Татьяна Валовая ва бошқалар иштирок этди.

Тадбир давомида вилоят хотин-қизларининг илм-фан, таълим, инновациялар ва рақамли технологиялардан фойдаланишдаги иштироки, замонавий жаҳон иқтисодиётида аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш орқали камбағалликни қисқартириш, уларни тадбиркорлик, етакчилик ва инновацияларга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хотин-қизларнинг иштироки муҳимлигини таъкидлади. Зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш, аёллар учун тенг ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш, иш жойидаги камситиш ва зўравонликка барҳам беришга алоҳида эътибор қаратилди.


Ўзбекистон вакили тарихда биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига сайланди

24_7985d12c

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов 2025—2028 йилларга мўлжалланган қўмита аъзоси бўлди.

29 май куни БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессияси доирасида қўмитанинг тўққиз нафар аъзоси уч йилга сайланди.

Сайловда Ўзбекистон билан бирга 16 та давлат — Бурунди, Грузия, Миср, Ҳиндистон, Испания, Камерун, Кот-д'Ивуар, Литва, Марокаш, Парагвай, Жанубий Корея, Шимолий Македония, Того, Хорватия, Эфиопия ва Жанубий Африка вакиллари 9 та ўрин учун кураш олиб борди.

Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон номзоди аъзо мамлакатлар орасида энг кўп овоз тўплади. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи марта БМТнинг асосий органларидан бирига аъзо бўлди.


Жаҳон банки Ўзбекистонга 100 млн доллар кредит ажратди

3_e5306beb

Ушбу маблағлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилишга қаратилган “Инсон” лойиҳасини амалга ошириш учун йўналтирилади.

Лойиҳа доирасида 50 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларини ташкил этиш, 50 мингдан ортиқ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг сифатли ижтимоий ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш кўзда тутилган.

Лойиҳа кўмагида ногиронлиги бўлган шахсларнинг касбий маҳоратини ошириш ва иш билан таъминлаш, зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига мурожаат қилган барча аёлларга сифатли ҳуқуқий, тиббий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳа қўшимча равишда Жаҳон банки қошидаги “Эрта ёшдаги таълим учун ҳамкорлик” кўп томонлама донорлик траст жамғармаси томонидан тақдим этилган 2 млн долларлик грант воситасида молиялаштирилади.

Лойиҳа Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан мамлакатнинг турли давлат органлари, нодавлат ташкилотлари ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.


Зўравонликдан жабрланганларга ҳимоя ордерисиз ёрдам кўрсатилади

4_939547d9

 “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан 1 июндан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда “Инсон” марказларида ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилди.

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг “102” телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида рўйхатга олинади.

Зўравонликдан жабр кўрган аёлларга Республика аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказининг вилоят марказларида вақтинчалик бошпана (шелтер) ташкил этилади.


Гиёҳвандликни қандай енгиш мумкин? Муаммо ва ечимлар

5_51388309

 “Юксалиш” ҳаракати “Анъанавий гиёҳвандликдан замонавий наркосавдогача” мавзусида жамоатчилик муҳокамасини ўтказди.

Статистик маълумотларга кўра, наркотик моддалар билан жиноят содир этишлар сони 2023 йилда аввалги йилга нисбатан 15,3 %га ошган.

2018—2019 йилларда 350 гр.дан ортиқ “синтетик дорилар” мусодара қилинган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 78,6 кг.ни ташкил этди.

Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 – 2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилди.

Тадбир АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштириладиган "Марказий Осиёдаги ижтимоий инновациялар" дастури доирасида Евроосиё жамғармаси кўмагида ташкил этилди.

Батафсил

Ўзбекистонликларда “гиёҳвандликка қарши иммунитет” ҳосил қилинади

37_60da80e0

Президент қарори билан Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024—2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди.

Стратегиянинг устувор мақсадлари сифатида аҳоли, айниқса хотин-қизлар ва ёшларда “гиёҳвандликка қарши иммунитет”ни, ўқувчи ва талабалар орасида психотроп моддаларни истеъмол қилишга муросасиз муносабатни шакллантириш, аҳолига сифатли наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, гиёҳвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитацияси тизимини тубдан такомиллаштириш, гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасининг янгича усулларига барҳам бериш, бу борадаги тезкор-қидирув, тергов ва эксперт-криминалистик чоралар комплексини ривожлантириш, гиёҳвандликни даволаш ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш белгиланмоқда.


Болаларни ҳимоя қилиш учун марафон

6_1758bf35

Тошкентда ногиронлиги бўлган болалар иштирокида “Биз турлимиз. Биз тенгмиз” марафони ўтказилди.

Тадбир Спорт вазирлиги, Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили, ЮНИСEФ жамғармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилди.

Марафон мавзуси ногиронлиги бўлган болалар учун тўсиқлардан холи ва инклюзив муҳитни яратишга бағишланган бўлиб, тадбирда 110 нафардан ортиқ ногиронлиги бор болалар иштирок этди.

Марафон барча манфаатдор томонларни, жумладан, ривожланиш бўйича ҳамкорлар ва хусусий секторни бирлаштирди.


Хавфсизлик масалалари “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматида муҳокама қилинди

7_8d56d1a5

Марказий Осиё халқаро институтида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: хавфсизлик соҳасида ҳамкорликнинг янги кун тартиби” мавзусида экспертлик анжумани бўлиб ўтди.

Форумда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатларининг вазирлик ва идоралари, дипломатик ваколатхоналари, етакчи таҳлилий ва тадқиқот марказларининг 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Томонлар Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги BOMCA, CADAP, LEICA ва бошқа хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик дастурлари доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Анжуман иштирокчилари мазкур лойиҳаларнинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича таклифлари билан ўртоқлашди.

Бундан ташқари, иштирокчилар терроризм мафкураси ва ташвиқотининг Интернет орқали тарқалишига қарши курашни кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг терроризмга қарши кураш бўйича резолюцияларини изчил амалга оширишга чақирди.


Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигига 30 йил тўлди

9_c84f49d4

Тошкентда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигининг 30 йиллигига бағишланган фестивал бўлиб ўтди.

Фестивалда Ўзбекистон ва минтақанинг қўшни давлатларида Европа Иттифоқи ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан молиялаштирилган 40 дан ортиқ лойиҳалар кўргазмаси ташкил этилди.  

Европа Иттифоқи савдо алоқаларини кенгайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти соҳасидаги демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари тузилмаларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар ҳам шулар жумласидан.

Фестиваль доирасида Erasmus викториналари, “Муваффақиятли қишлоқ хўжалиги мутахассиси”, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” маҳсулотларни татиб кўриш ва “Иқлим фрескаси” ўйини каби интерактив тадбирлар ҳам ўтказилди.


Ўзбекистон маҳаллалар фаолиятини қўллаб-қувватлайди

10_8b21f3b3

Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси ҳузурида “Маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармаси” ташкил этилди.

Уюшма ҳузурида, шунингдек, “Маҳалла” медиа-маркази, “Маҳалла” пресс-клуби ҳамда уюшма тизимидаги ходимларининг малакасини ошириш ва маҳаллаларни методик таъминлаш ўқув-услубий марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Жамғарма маблағлари умумхалқ хайрия ҳашаридан тушадиган тушумлар( 10 %), тизим ташкилотларининг соф фойдаси (10 %), жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари ва бошқалардан шакллантирилади.

Жамғарма маблағлари маҳаллалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини тўлақонли ва самарали жорий этиш, “Маҳалла еттилиги” аъзоларини ўқитиш, малакасини ошириш ҳамда улар орасида ўз фаолияти намунали ташкил этганларни рағбатлантириш ва бошқалар учун ишлатилиши мумкин.


“Юксалиш” ҳаракати раиси АҚШ Давлат департаменти вакиллари билан учрашди

11_3b8f7d59

21 май куни “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов АҚШ Давлат департаментининг Наркотикларга қарши халқаро курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалалари Бюроси (INL)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий дастурлари раҳбари Кайл Ожима билан учрашди.

Мақсад – икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини кўриб чиқиш.

Батафсил

Ўзбекистон ва рейтинглар

Ўзбекистон сўз эркинлиги рейтингида кўтарилди

12_cf23cdcd

Ўзбекистон “Article 19” ташкилотининг (Буюк Британия) сўз эркинлиги индексида 161 мамлакат ичида 132-ўринни эгаллади.

Мамлакат ўтган йилга нисбатан бир поғонага кўтарилди, аммо “сўз эркинлиги инқирози”га учраган давлатлар тоифасида қолмоқда. Рейтингда 25 та кўрсаткич, жумладан, Интернет ва оммавий ахборот воситаларида цензура, диний эътиқод эркинлиги, академик ва маданий муҳит ва бошқа жиҳатлар ҳисобга олинган.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистон 113-ўрин, Қозоғистон 120, Тожикистон 151, Туркманистон 157-ўринда.

Биринчи ўринни Дания, Швейцария, Швеция, Белгия ва Эстония эгаллади. Шимолий Корея рўйхатнинг сўнгги поғонасида.

Долзарб мавзулар

Ўзбекистон Эронга ҳамдардлик билдирди

30_a695cdad

Президент Шавкат Мирзиёев 21 май куни Эрон Ислом Республикасининг элчихонасига ташриф буюриб, мамлакат шимолида вертолёт қулаши оқибатида Президент Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахслар фожиали ҳалок бўлгани муносабати билан Эрон халқига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Эроннинг Олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеийга ҳамдардлик мактуби йўллади.


Ўзбекистон ва Россия кўп томонлама ҳамкорлик қилади

35_c34a757e

Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 30 млрд долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Музокаралар якунлари бўйича Қўшма баёнот имзоланди, муҳим икки томонлама битимлар алмашинди. Жумладан, метрология, кино, санитария-эпидемиология, таълим, балиқчилик, маданият, туризм, савдо, фитосанитария, соғлиқни сақлаш, энергетика соҳаларида ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар имзоланди.


БМТ Бош котибининг ўринбосари Президент қабулида бўлди

15_168446b2

Президент Шавкат Мирзиёев қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Минтақавий экспертлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган БМТ Бош котибининг ўринбосари - Контртеррор бошқармаси раҳбари Владимир Воронковни қабул қилди.

Воронков Ўзбекистоннинг можаролар ҳудудларидан фуқароларни қайтариш, уларни реабилитация қилиш ва жамиятга қайта интеграция қилиш, жумладан, бунда маҳалла институтининг кенг имкониятлари ва салоҳиятидан фойдаланиш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Ўзбекистон ва БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасида 2024–2025 йилларга мўлжалланган янги "Йўл харитаси" имзоланганини мамнуният билан қайд этди.


Ўзбекистон Афғонистондаги сув тошқинидан жабрланганларга инсонпарварлик ёрдами жўнатди

16_cd8a3226

Афғонистонда кучли ёмғир туфайли юзага келган сув тошқинлари мамлакат шимолини қамраб олди. Оқибатда 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 1600 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Инсонпарварлик ёрдами 48 тонна ун, 22 тонна гуруч, 100 минг дона консерва, 44 тонна макарон, 25 минг литр ўсимлик ёғи, 100 мингта ярим тайёр маҳсулот, шунингдек, 10 ўринли 100 та махсус чодир ва 96 та сув сақлаш идишларидан иборат.


ШҲТ саммитига тайёргарлик кўрилмоқда

17_f72b30c9

Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этди.

Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси кун тартибидаги асосий масалалардан бири 2024 йил июль ойида ўтказилиши режалаштирилган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашига ҳар томонлама тайёргарлик кўриш бўлди.

Делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий вазият, хавфсизлик масалалари ҳамда ШҲТ доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.


ТИВда Европа комиссияси директори билан учрашув бўлди

18_84d2949b

15 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов Европа комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича Бош директоратининг Инсон тараққиёти, миграция, бошқарув ва тинчлик бошқармаси директори Эрика Герретсен билан учрашув ўтказди.

Э.Герретсен Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг мавқеини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Учрашувда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, Ўзбекистон-Европа Иттифоқи кун тартибини амалий бойитиш муҳимлиги қайд этилди.


Европа Иттифоқи Ўзбекистонда “яшил бюджетлаштириш” лойиҳаларига 600 минг евро грант ажратди

34_a62a9fdf

6 май куни Франция тараққиёт агентлиги (ФТА)нинг Марказий Осиё бўлими раҳбари Винсент Копен, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Анас Карман томонидан Ўзбекистонда яшил ривожланишни қўллаб-қувватлашга доир янги лойиҳани молиялаштириш бўйича келишув имзоланди.

Лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматига давлат молиясидан самарали фойдаланиш, яшил устуворликларни бюджет жараёнига интеграциялаш (яшил бюджетлаштириш) ва яшил лойиҳаларга инвестицияларни жалб қилиш учун инновацион молиявий воситаларни жорий этиш орқали мамлакатда яшил ривожланишни молиялаштиришга комплекс ёндашувни амалга оширишда кўмаклашишга қаратилган.

Имзоланган келишув доирасида ЕИ томонидан тақдим этилган 600 минг евро миқдоридаги грант маблағлари 2024−2026 йилларда “Ўзбекистонда яшил ривожланишни молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ҳукуматига техник ёрдам кўрсатиш учун ФТА ва БМТТДга юборилади.

Лойиҳанинг асосий натижалари “Фуқаролар учун бюджет” доирасида тақдим этилади.


“Йўл ҳаракати хавфсизлиги шарҳи” тақдим этилди

8_81f7c4ca

БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, ЮНИCEФ ва Ички ишлар вазирлиги томонидан “Йўл ҳаракати хавфсизлиги шарҳи” тақдимот қилинди. Шарҳда Ўзбекистондаги йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими батафсил баҳоланган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳаси илгари халқаро мустақил экспертлар томонидан ўрганилмаган. БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ва ЮНИСEФ мамлакатда йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга ёрдам берадиган бундай ҳамкорлик ташаббуси билан чиқди.

Мазкур шарҳда йўл ҳаракати хавфсизлиги миллий тизимини ривожлантиришнинг энг муҳим жиҳатлари қайд этилиб, уни такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилган.

Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари ва ҳалок бўлганлар сони  юқорилигича қолмоқда, бу Европа Иттифоқидаги ўртача кўрсаткичдан 45 фоиздан ортиқроқдир. Бундай кўрсаткичлар катта иқтисодий харажатларни талаб қилади. Ўзбекистон учун маълумотлар манбаларига қараб, ижтимоий-иқтисодий харажатларнинг турли баҳолари ЯИМнинг 2,6% дан 3,8% гача ўзгариб туради.

Шарҳда келтирилган тавсияларни амалга ошириш Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга ёрдам беради.


Тошкент бўйлаб 100 км “Xavfsiz harakat”

21_ccdda481

30-31 май кунлари Ўзбекистонда биринчи марта шаҳар бўйлаб кунлик пиёда сайр ўтказилди.

“Xavfsiz harakat” ижтимоий лойиҳаси доирасида лойиҳа амбассадори триатлончи Шавкат Мусинов пиёдалар учун хавфсиз муҳитга эътибор жалб қилиш мақсадида Тошкент бўйлаб 100 км масофани босиб ўтди. Йўналиш шаҳарнинг барча ҳудудларини қамраб олди, спортчи уни "Скандинавча (Шимолий) юриш" услубида енгиб ўтди.

Кун давомида лойиҳа жамоаси ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси ходимлари билан биргаликда ҳар куни пиёдалар дуч келаётган муаммоларни белгилаб беради.


Янги тайинловлар

Беш давлатнинг Ўзбекистондаги элчилари тайинланди

22_19a5308a

Ўзбекистон Президенти Венгрия, Эрон, Чехия, Уммон ва Жазоирнинг мамлакатга янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Давлат раҳбари элчиларни ушбу лавозимга тайинлангани билан табриклар экан, Ўзбекистоннинг улар вакиллик қилаётган давлатлар билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада яқинлаштириш ва ривожлантиришдаги муҳим ролини таъкидлади.


ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига янги раҳбар тайинланди

23_cff20143

Реҳина Мария Кастижио БМТ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари бўлди. Бунгача у фонднинг Хорватия ва Парагвайдаги ваколатхоналарини бошқарган.

2016 йилда ЮНИСEФда меҳнат фаолиятини бошлашдан олдин Боливия, Эквадор ва Перудаги ЮНЭЙДС (БМТнинг ОИВ /ОИТС бўйича қўшма дастури) директори, Швейцарияда ЮНЭЙДС хусусий сектор билан ҳамкорлик бўлими раҳбари ва БМТ бош котиби Кофи Аннан Ижроия аппаратида Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича масъул ходими бўлган.

Реҳина Мария Кастижио АҚШнинг Вашингтон штатидаги Ғарбий Вашингтон университетида иқтисод ва халқаро муносабатлар бўйича таҳсил олган, АҚШнинг Индиана штатидаги Нотр-Дам университетида давлат бошқаруви ва халқаро муносабатлар бўйича магистрлик даражасига эга.

ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг аввалги раҳбари Мунир Мамедзода эди.


БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори тайинланди

39_232a9a52

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори этиб Сабине Маҳл тайинланди. У 1 июндан бошлаб ўз вазифаларини бажаришга киришди.

Сабине Маҳл тайинловга қадар БМТнинг Грузиядаги доимий координатори лавозимида ишлаган. 22 йилдан ортиқ вақт давомида халқаро ташкилотларда фаолият олиб борган. Жумладан, Индонезия, Фаластин ва Қирғизистонда БМТ Аёллар ваколатхонаси раҳбари, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи бўлган.

Сабине Маҳл Вена университетида таҳсил олган, иккита магистр даражасига эга (ҳуқуқ ва тиллар) ва ҳуқуқ фанлари доктори. Немис (она тили), инглиз, рус ва француз тилларини билади.
Оилали, икки ўғли бор.

БМТнинг Ўзбекистондаги аввалги координатори Роли Астхана эди.


Қонунчилик палатаси аппаратига раҳбар тайинланди

25_54d16788

Маҳмуд Истамов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аппарати раҳбари этиб тайинланди.

У аввал Бухоро вилояти прокурори, Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари, адлия вазирининг ўринбосари ва биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.


Масс-медиа фонди бошқарув жамоаси янгиланди

28_74e504a5

Жаҳонгир Азимов Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори этиб тайинланди.

Акрамжон Фозилов эса Фонднинг Васийлик кенгашига раис этиб маъқулланди. У 2022 йил декабрь ойидан шу вақтгача Фонд директори сифатида ишлаб келаётганди.


Ўзбекистон ННТларининг муваффақият тарихи

Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни илгари суришга қаратилган лойиҳа муваффақиятли якунланди

29_bd0a6cf1

Тошкентда 2021 йилда бошланган “Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш” (EQUAL) лойиҳасининг якуний анжумани ўтказилди.

Тадбирда лойиҳа натижалари, олинган қимматли сабоқлар муҳокама қилинди, шунингдек, ҳамкорлар ва бенефициарларнинг дастлабки нуқтаи назарлари тақдимот қилинди. Анжуманда иштирок этган халқаро ва миллий экспертлар ҳам мавзу доирасида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Уларда асосий эътибор инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни татбиқ этишда Ўзбекистоннинг миллий механизмлари муҳимлигига қаратилди.

Батафсил

Эшитишда нуқсони бўлган ўқувчилар учун IT курслар

40_6f8c0be4

101, 102, 106-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг юқори синф ўқувчилари учун “Рақамли авлод” ва “Zamin Education” лойиҳалари доирасида ахборот технологиялари бўйича курслар ташкил этилди.

Ўқувчилар фотосуратларни қайта ишлаш, видео монтаж қилиш, дастурлаш ва дизайн, 3D моделлаштириш, компьютер тизимларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича билимларга эга бўлди.  Дарслар ўтган йилнинг октябрь ойидан жорий йилнинг май ойига қадар ўтказилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат ташкилоти, “Zamin” халқаро жамоат фонди ҳамда “Касб-ҳунар таълими ва педагогика” ташкилоти вакиллари томонидан жами 185 нафар курс битирувчиларига сертификатлар топширилди.


ОИТСдан вафот этганлар хотирланди

31_0d086c57

“Ўзбекистон саратонга қарши жамияти”нинг Тошкент вилояти филиали ходимлари ва волонтёрлари томонидан Тошкентдаги Эко боғда “Бутунжаҳон ОИТСдан вафот этганларни хотирлаш куни”га бағишланган тадбир ташкил этилди.

Мақсад – аҳоли ўртасида ОИВ/ОИТС тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини ошириш, уларга нисбатан стигма ва камситиш ҳолатларига барҳам бериш.

Тадбирда интерфаол викториналар, спорт мусобақалари ва ўйинлар ўтказилди.

1983 йилдан буён май ойининг ҳар учинчи якшанбасида ОИТСдан вафот этганларни хотирлашга бағишланган тадбирлар ўтказилади. Бу йилги сана 19 май кунига тўғри келди ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таклифи билан “Севги ва бирдамлик, шифо ва хотира учун!” шиори танланди.

НАШР УСТИДА ИШЛАДИ:

"Юксалиш" ҳаракати жамоаси

© Copyright 2024 • info@yumh.uz • Тошкент, Ўзбекистон Республикаси

You received this email as you are on the mailing list of the Nationwide Movement "Yuksalish" (Uzbekistan). 

If you are not willing to receive the newsletter, please Unsubscribe

Отправлено через

SendPulse