Ахборотнома - Июль 2023

logo_uz
logo_uz_3
01
Regional_Dialogue_Uzbekistan_logo_big

Ўзбекистонда демократия

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти ҳамда "Минтақавий мулоқот" (Regional Dialogue) халқаро нодавлат ташкилотининг ойлик бюллетени   

    Ахборотнома № 35                                                                                 2023 йил 5 июль

Мазкур электрон нашр АҚШ Давлат департаментининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти ва халқаро гиёҳванд моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш Бюроси (INL) кўмагида тайёрланди. Ахборотлар мазмуни учун муаллифлар жавобгар, INL ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини билдирмайди.

“Юксалиш” ҳаракати Ўзбекистонда қийноқларга барҳам бериш бўйича 10 та таклиф берди

1_9ec66aac

Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБда бир эркакнинг қийноққа солиниши оқибатида вафот этганидан сўнг, ички ишлар идоралари айрим ходимларининг ғайриқонуний ҳаракатлари, шу жумладан қийноқларни қўллаш ҳолатлари яна кун тартибига чиқди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати кенг жамоатчилик фикри ва соҳа экспертларига таянган ҳолда, ИИБ тизимида қийноқларга барҳам беришни тезлаштириш бўйича 10 та таклифни эълон қилди.

Ички ишлар идораларини халқчил ва инсонпарвар тизимга айлантириш давлатимизнинг кун тартибида жиддий масала сифатида қолмоқда. Ушбу ҳолатлар инсонпарварлик ва инсон қадри устуворлиги тамойилларига зид”, - дея таъкидлайди “Юксалиш” ҳаракати.

Батафсил

“Ҳали қилиниши керак бўлган ишлар бор”... ЕХҲТ ДИИҲБ Ўзбекистондаги сайловолди кампанияси ҳақида

2_982c8dea

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) миссияси Ўзбекистон президенти сайловини кузатиш бўйича оралиқ ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда, анъанага кўра, сайлов қонунчилигидаги ва умуман мамлакатдаги ижобий ўзгаришлар, шунингдек, ЕХҲТ экспертларининг фикрича эътибор қаратиш лозим бўлган камчиликлар санаб ўтилган.

“Конституцияга киритилган сўнгги ўзгартиришлар ўртача оғир ва оғир жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган ҳамда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларига қўйиладиган умумий чекловни олиб ташлади. Эндиликда уларнинг овоз бериш ҳуқуқи фақат суд қарори билан чекланиши мумкин”, — дейилади ҳисоботда.

Шу билан бирга, ЕХҲТнинг узоқ муддатли баъзи тавсиялари бўйича ҳали қилиниши керак бўлган ишлар борлиги қайд этилган. Хусусан, бу “йиғилишлар ўтказиш ва сўз эркинлиги, фуқароларнинг сайловларни кузатиш ва сиёсий партияларни рўйхатга олиш”га тааллуқлидир.

ДИИҲБнинг олдинги тавсияларига қарамай, қонун ҳужжатларида фуқаро сифатида кузатувчилик қилиш бўйича тартиб-қоидалар мавжуд эмаслиги қайд этилган. Халқаро ташкилотлар, сиёсий партиялар, маҳалла қўмиталари кузатувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари сайловларни кузатиб бориш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, миссияга элчи Урсула Гацек бошчилик қилмоқда. Миссия Тошкент шаҳрида жойлашган 11 нафар асосий гуруҳ аъзоларидан ва бутун мамлакат бўйлаб 24 нафар узоқ муддатли кузатувчилардан иборат. Аъзолар ЕХҲТга кирувчи 25 та давлатдан келган. Сайлов куни жараёнларни кузатиш учун ЕХҲТ давлатларидан 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар келиши керак.


ННТ ва ОАВлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади

3_310e5022

22 июнь куни Сенатнинг 42-ялпи мажлисида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Бугунги кунга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш қонун билан эмас, балки Адлия вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланган низом асосида тартибга солинган. Бу эса қонунчилик ҳужжатларида коррупциявий бўшлиқларнинг юзага келишига замин яратмоқда.

Сенат Раиси Танзила Нарбаеванинг маълум қилишича, 2021 йилда 800 дан ортиқ амалдаги қонун ҳужжатларида коррупцияга қарши экспертиза ўтказилган, уларнинг 224 тасида ёки 28 фоизида 650 дан ортиқ коррупция омили аниқланган.

Эндиликда коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш нафақат Адлия вазирлиги томонидан, балки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, юридик хизмат ходимлари ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш ўз зиммасига юклатилган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситаларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда.

Қонун кучга кириши учун Президент томонидан имзоланиши керак.


Альберто Туркстра: Янги Конституция — янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун мустаҳкам пойдевор

4_6c7f9ff2

Diplomatic World лойиҳа менежери, Брюссель—Ўзбекистон дўстлик гуруҳи ҳаммуассиси Альберто Туркстра “Янги Ўзбекистон учун янги Конституция” мақоласини эълон қилди.

Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси бўйича референдум натижалари ҳақидаги мақолада муаллиф, хусусан, жадал ўзгараётган, кўплаб геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларга дуч келаётган мамлакатда сиёсий барқарорлик, давомийлик ўта муҳимлигини таъкидлаган. Муаммолардан бири демография билан боғлиқ: Ўзбекистоннинг 36 миллионлик аҳолиси ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади, бунда масалан, таълим тизимига, меҳнат бозори ва уй-жойга босим бўлади. Шу каби муаммолар узоқ муддатли сиёсий қарашни талаб қилади, вазият айрим демократик ривожланган, сиёсий етакчилари келгуси сайлов даврини ташқаридан кўрмайдиган мамлакатларда бутунлай бошқача.  

Янги Конституцияга мувофиқ, давлатнинг ўз фуқаролари олдида ижтимоий ҳимоя ва фуқаролар эркинлигини ҳимоя қилиш борасидаги мажбуриятлари сезиларли даражада кенгайтирилган. Бу ҳукуматдагиларнинг масъулиятини ва ҳисобдорлигини оширади, фуқароларнинг давлатдан умидларини қайта белгилайди. Шуниси аниқки, янги Конституция янги Ўзбекистонни қуришда мустаҳкам пойдевор бўлади.

Батафсил

Болалар омбудсмани носоғлом муҳитдаги оилада яшаётган болаларга ёрдам берди

5_b9767f61

11 ёшли бола Н. Р. онасининг унга нисбатан қўпол муносабатда бўлгани, тазйиқ ўтказгани устидан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусовага мурожаат қилди. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар қилди.

Боланинг отаси вафот этган, онаси эса доимий равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилади. Шу сабабли у бувисиникига қочиб кетган. Уйда яна опаси, акаси ва синглиси қолган.

Боланинг айтишича, у мактабга бормайди, ўқиш-ёзишни билмайди, бувиси билан яшашни хоҳлайди. Онаси уни уч марта руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирган. Бир куни онаси билан карта ўйнашганида, карта тушиб кетгани учун онаси пичоқ билан кўкрак қафасига урган, танасида пичоқ ўрни чандиқ бўлиб қолган.

Алия Юнусова ва бошқа расмийлар ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш учун 16 июнь куни мурожаатчи хонадонига борди ва аёл спиртли ичимлик таъсирида эканини кўришди. Аёл ўзини одобсизларча тутиб, хонадон эшигини очмаган, қолаверса, барчани ҳақоратлаб, кетишларини талаб қилган. Уйга киришганида унинг санитария ҳолати қониқарли эмаслиги ҳамда қарамоғида бўлган болалари қаровсиз қолгани аниқланди.

Аёл даволаниш учун тиббий муассасага жойлаштирилди. Болалар онаси даволаниб оиласига қайтгунча Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Болаларга ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда.


Фуқароларнинг айрим тоифаларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам берилади

6_a632530f

Кам таъминланган шахслар, руҳий ҳолати бузилганлар, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилганлар, шунингдек, жиноят иши бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчилар юридик ёрдам олишлари мумкин бўлади. Бу 16 июнь куни имзоланган Қонун билан кўзда тутилган.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун жисмоний шахслар экстерриториаллик принципи асосида махсус ваколатли давлат органига (Адлия вазирлигига) оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Бундай ёрдам фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилади.

Қонун 2023 йил 18 сентябрдан кучга киради.


Борий Алихонов: Тошкентда жон бошига суткасига 400 литр сув сарфланади

7_e4f6091d

22 июнь куни бўлиб ўтган Юқори палата ялпи мажлисида Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов Ўзбекистонда сув ресурсларидан норационал фойдаланиш давом этаётганини маълум қилди.

Мамлакатда олинадиган чучук сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Дунёда ушбу кўрсаткич ўртача 65 фоизга тенг. Қишлоқ хўжалигида ҳар бир гектарга сув сарфи айрим давлатларга нисбатан 2-2,5 баробар кўп. Экин майдонларига сув етказиб беришда сезиларли йўқотишлар бор. Ирригация тизимларида носозликлар мавжуд. Қолаверса, ерости сувларининг ҳажми ва сифати ҳам тобора пасайиб бормоқда. Иқтисодий тармоқлар, ижтимоий объектлар ҳатто аграр соҳада ҳам сувдан фойдаланишнинг эскирган усул ва воситалари қўлланмоқда”, - дея қайд этди сенатор Алихонов.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳрида сув сарфи айрим пайтларда аҳоли жон бошига суткасига 400 литрни ташкил қилмоқда. Бу дунё шаҳарлари кўрсаткичидан анча юқори. Масалан, аҳоли жон бошига суткалик сув сарфи Берлин шаҳрида 124 литрни, Амстердамда 156 литрни, Лондонда 165 литрни, Москвада 249 литрни, Хитойнинг шаҳарларида эса 204 литрни ташкил этади.

Сенаторнинг қўшимча қилишича, мамлакатда ерости ва ерусти сувларининг тўлақонли кадастри мавжуд эмас, сув омборларининг кадастри бор холос.


Ўзбекистонда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати ривожлантирилади

8_80f0da46

Ўзбекистонда аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати тубдан такомиллаштирилади. Ушбу хизмат бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларига руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизматлари интеграция қилинади. Соҳа ходимлари маошига устамалар оширилади. Бу Президентнинг 19 июндаги қарорида назарда тутилган.

1 июлдан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилади. Марказ ихтисослаштирилган психиатрик, тиббий-психологик ва наркологик ёрдам кўрсатишни йўлга қўяди, ушбу йўналишларда юқори технологик моддий база ва илмий мактабни шакллантиради. Шунингдек, руҳий саломатликни таъминлаш йўналишидаги ишларни соғлиқни сақлашнинг барча даражаларида мувофиқлаштиради ва назорат қилади.

Мактабларда мактаб дастуридаги мавжуд фанлар ва дарсдан ташқари жараёнлар доирасида ўзини ўзи бошқариш, мураккаб ҳаётий вазиятларни енгиб ўтиш кўникмаларини шакллантириш, депрессия, хавотирли ҳолатлар ва суицидларнинг олдини олиш бўйича махсус ижтимоий-эмоционал ўқув соатлари (Social Emotional Learning, SEL) йўлга қўйилади.

2023/2024 ўқув йилидан “Психиатрия”, “Тиббий психология” ва “Наркология” клиник ординатура ва магистратура мутахассисликларига қабул фақат давлат гранти асосида умумий қабул параметрлари доирасида амалга оширилади.

1 июлдан бошлаб туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида фаолият юритаётган психиатр ҳамда психиатрия даволаш муассасаларида фаолият юритаётган психиатр, тиббий психолог, психотерапевт ҳамда суицидологларнинг лавозим маошига устама миқдори 25 фоиздан 50 фоизга оширилади.


Андижонда маҳкумнинг уриб ўлдирилгани юзасидан 12 нафар ИИО ходимига ҳукм ўқилди

9_b5974469

Тошкент вилоятидаги жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳри судида Андижондаги 3-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкумни аёвсиз дўппослаб, унинг ўлимига сабабчи бўлган жами 13 кишига нисбатан ҳукм ўқилди.

Ҳибсхонанинг 6 нафар ходими ва 1 нафар маҳбус қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Қолган ходимлар, жумладан, тергов изолятори бошлиғи ва икки шифокорга нисбатан озодлик чеклови қўлланилди.

Олий суднинг маълум қилишича, айни пайтда биринчи инстанция судининг ҳукми қонуний кучга кирмаган бўлиб, ундан норози бўлган 9 нафар судланувчи томонидан апелляция шикоятлари берилган. Ҳозирги кунда ушбу шикоятлар Тошкент вилояти судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун расмийлаштирилмоқда.


Экоблогер сувни тежашга чақирувчи акция ўтказди

10_7c79d05f

12 июнь куни O‘rikguli тахаллусидаги эко-блогер Тошкентда сувни тежаш, майсазорларни ортиқча суғормаслик ва асфальтга сув сепмасликка чақирувчи навбатдаги акцияни ўтказди.

Акция “якка пикет” кўринишидаги фотосуратлар туркуми бўлиб, унда блогер Мўътабар Хушвақтова “Суғориш фаввораларини таъмирланг!”, “Бундай суғориш нотўғри, дарахт илдизлари чирийди, кўп сув исроф бўлади!”, “Сувни тежанг! Асфальтга сув сепманг!” деган ёзувлари бор плакатларни кўтариб олгани акс этган.

Бу унинг биринчи экологик акцияси эмас. Май ойи бошида блогер пойтахт кўчалари ва пиёдалар йўлакларида суғориш фавворалари суви тошиб ётгани ҳақидаги видеолавҳаларни эълон қилганди. Апрелдаги ўтказган акциясида эса дарахтларни “гапиртирган”ди, яъни дарахтларга  одамлардан уларнинг ўсишига халақит бермаслик сўралган плакатлар илиб чиқилганди.

Долзарб мавзулар

Президентликка номзодлар вакиллари ўртасида теледебатлар ташкил этилди

12

Ўзбекистонда президентликка номзодлар вакиллари ўртасида теледебатлар ташкил этилди.

Кўрсатув 13 та телеканалда ўзбек тилида, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларига таржима қилинган ҳолда олиб борилди.

25 июнь куни теледебатлар мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш масалаларига бағишланди. 2 июль куни президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари номзодларнинг давлат бошқаруви тизими ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш борасидаги ташаббуслари ва режалари ҳақида гапирди.


МСК президентлик сайловига доир сайлов бюллетенини тасдиқлади

11_83c708e1

Марказий сайлов комиссиясининг 9 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишида 9 июлда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни тасдиқланди.

4 нафар номзод лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбосига кўра алифбо тартибида сайлов бюллетенига киритилади. Худди шундай, улар сайлов участкаларида овозларни санаб чиқиш якунлари ва сайлов натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомаларда ҳам қайд этилади.


Сенаторлар Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилишни маъқуллади

12_6d1cd621

Сенат Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади.

Ушбу шартнома икки давлат Президентлари томонидан 2022 йил 21 декабрда имзоланган. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги давлат чегарасининг демаркацияланган чизиғи узунлиги 2356 километрдан ортиқни ташкил қилади.

Шартнома билан Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасини белгилаш бўйича ишлар тўлиқ якунланади ва шу билан унинг хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароит яратилади.

30 июнь куни ушбу шартнома ратификация қилинди.


Ўзбекистон Тринидад ва Тобаго билан дипломатик муносабатларни ўрнатди

13_bae82399

15 июнь куни Ўзбекистон билан Тринидад ва Тобаго ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида икки давлатнинг БМТдаги доимий вакиллари томонидан қўшма коммунике имзоланди. Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг агентликлари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади.

Бу Ўзбекистон дипломатик муносабатларни ўрнатган 144-давлатдир.


Сенаторлар Ўзбекистон байроғи тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларни маъқуллади

14_73b5d115

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатнинг 42-ялпи мажлисида давлат байроғидан фойдаланишдаги чекловларни юмшатувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, маъқулланди.

Байроқ тасвири туширилган белгилардан жамоат жойлари ва биноларда, яшаш ёки иш жойларида ҳамда уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланиш мумкин бўлади. Байроқдан кийим-кечак, чойшаб ва бошқалар сифатида этика қоидаларини бузган ҳолда фойдаланишга тақиқ жорий этилади.

Қонун Президент томонидан имзолангач, кучга киради.


Адлия вазирлиги “Uzbekistan’s Club” нодавлат нотижорат ташкилотини рўйхатдан ўтказди

15_e5cdd6b6

Ўзбекистон Адлия вазирлиги “Uzbekistan’s Clubнодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ўтказди. Илгари ушбу ННТ “Кинематографияни ривожлантиришга кўмаклашиш маркази” деб аталган.

"Uzbekistan’s Club”нинг асосий мақсадлари халқаро миқёсда муваффақиятга эришган ўзбекистонликлар билан ишлаш, улар ҳақида медиа-маҳсулотлар тайёрлаш ва тарғиб қилиш, хориждаги ўзбеклар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, диаспоранинг салоҳиятини ва унинг Ўзбекистон тараққиётига қўшган ҳиссасини оширишдан иборат.

Биз ўзбекистонликлар учун медиа платформани ривожлантиришни, уларнинг узлуксиз ўзаро ҳамкорлигини таъминлашни, шунингдек, ёш ватандошларга ўз мақсадларига эришиш учун трамплин топиш имкониятини беришда давом этамиз”, — дейилади ННТ хабарида.

Апрелдан бошлаб "Uzbekistan’s Club” онлайн платформаси иш бошлади. Клуб жамоаси хорижда муваффақиятга эришган ўзбекистонликлар ҳақида “O‘zbekistonlik” туркум фильмларини суратга олмоқда.


Германияда оғир аҳволга тушиб қолган ўзбекистонликлар билан боғлиқ вазиятга изоҳ берилди

16_8767fc4f

 “Turon World Cooperation” компанияси орқали Германияга борган ўзбекистонлик 100 нафарга яқин талаба иш топа олмай, оғир аҳволга тушиб қолган.

Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълум қилишича, вазиятга ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган. Бош консуллик ва элчихона вазиятни назоратга олган.

Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консуллиги Германияга келган, “иш топишдаги муаммолар ва етарли молиявий ресурслар йўқлиги сабабли” Мюнхен марказий вокзалида тунашга мажбур бўлган фуқаролар ҳақида хабардорлигини билдирди.

Ўзбек дипломатлари „Ҳумо“ ўзбек-немис маданий жамияти фаоллари билан биргаликда воқеа жойига зудлик билан етиб борди ва ўзбекистонлик ватандошлар билан ҳамкорликда 35 нафар Ўзбекистон фуқаросига ушбу ҳудудда вақтинча яшаш учун зарур ёрдам кўрсатди”, — дейилади консуллик хабарида.

Хабар берилишича, Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ва Бош консуллиги вазиятни ўз назоратига олган ва ваколатли органлар билан биргаликда вазиятни бартараф этиш чораларини кўрмоқда.


Термиздаги маҳаллаларга чиқиндилар учун алоҳда контейнерлар топширилди

17_2cef2228

“ЭКОСАН” халқаро хайрия жамғармаси томонидан амалга оширилаётган “Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш” давлат ижтимоий буюртмаси доирасида Термиз шаҳридаги “Шодлик”, “Ўзбекистон”, “Дўстлик”, “Тупрокқўрғон”, “Жайҳун” ва “Аму-соҳиллари” маҳаллаларига чиқиндиларни алоҳида йиғиш учун 24 та контейнер берилди.


Янги тайинловлар

Нодиржон Холбўтаев Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири бўлди

18_c6470ccf

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Нодиржон Жонузоқович  Холбўтаев Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири лавозимига тайинланди.

Нодиржон Холбутаев 1976 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. Нодир Жонузоқ тахаллуси билан ижод қилади. Кўп йиллар “Ёшлик” журналига бош муҳаррирлик қилган. 2018 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосари, 2019 йил декабридан Уюшма раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.

2022 йилнинг апрелида Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланган. Шу йили декабрда яна Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосарлигига қайтарилган.


Ўзбекистони ННТларининг муваффақият тарихи


Қўшработ туманидаги олис қишлоқда пиёдалар кўприги қуриб берилди

19_ed7ccd6c

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати "Тараққиёт" маркази билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан амалга оширган “Аҳолига ёрдам” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Юқори Жўш” маҳалласида пиёдалар ўтиш кўприги қуриб берилди.

Узунлиги 18,7 метр, кенглиги 2 метр бўлган ушбу пиёдалар кўприги учун ҳамкор ташкилотлар томонидан қурилиш материаллари етказиб берилди. Бунга Европа Иттифоқининг 135,8 млн сўм маблағи ажратилди, шунингдек, ҳокимлик ва ҳомийлар маблағлари ҳам қўшилди.

“Юқори Жўш” маҳалласи тоғли ҳудудда жойлашгани учун қиш ва баҳор мавсумларида кучли сел тошқинлари тез-тез юз беради. Маҳалла аҳолиси билан ўтказилган маслаҳат учрашувларида кўпчилик кўприк қуриб беришни сўраган.

Батафсил

“Юксалиш” ҳаракати БМТнинг коррупцияга қарши Конвенцияси ижроси бўйича Фуқаролик жамияти коалициясига қўшилади

20_d210e79b

12—16 июнь кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан Австрия пойтахти Вена шаҳрида ўтказилган БМТнинг коррупцияга қарши Конвенцияси амалга оширилишини кузатиш гуруҳининг 14-сессиясида иштирок этди.

Ташриф доирасида делегация, шунингдек, ННТлар учун кузатувлар жараёни натижалари ва техник кўмак кўрсатишдаги эҳтиёжлар юзасидан ташкил этилган брифингда қатнашди, халқаро ташкилотлар ва “ақл марказлари” вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Хусусан, 15 июнь куни “Юксалиш” ҳаракати раиси БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг сиёсат таҳлили ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими директори Жан-Люк Лемахе билан учрашди. Томонлар ўз ташкилотлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг натижалари ҳамда истиқболдаги режалари ҳақида маълумот алмашди.

Учрашувда таъкидланишича, Самарқандда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташаббуси билан Марказий Осиё Аксилкоррупция хаби ишга туширилади ва Ўзбекистон мезбон давлат сифатида ўзгаришларнинг локомотиви бўлади. “Юксалиш” ҳаракати Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Словениянинг “Минтақавий мулоқот” ХННТ билан ҳамкорликда амалга ошираётган “Аксилкоррупция лабораторияси” лойиҳаси ҳам юқори баҳоланди. Халқаро экспертларнинг фикрича, ННТлар томонидан шу каби тадқиқотлар олиб борилиши давлатнинг бу борада амалга ошираётган ишларида юқори сифатни таъминлайди.

Учрашув якунида БМТ бошқармаси вакиллари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг  БМТнинг коррупцияга қарши Конвенцияси ижроси бўйича Фуқаролик жамияти коалициясига қўшилиш ташаббусини қўллаб-қувватлади, бу йўналишда ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди.

НАШР УСТИДА ИШЛАДИ:

Элвина Мустафина,
Муниса Алиева,
Сухроб Тухтамишев,
Людмила Стайшюнайте,
Шамшод Юнусов

САҲИФАЛОВЧИ ДИЗАЙНЕР:
Жасур Олтинбоев

© Copyright 2023 • info@yumh.uz • Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш.

You received this email as you are on the mailing list of the Nationwide Movement "Yuksalish" (Uzbekistan). 

If you are not willing to receive the newsletter, please Unsubscribe

Отправлено через

SendPulse