Ўзбекистонда демократия"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти ҳамда "Минтақавий мулоқот" (Regional Dialogue) халқаро нодавлат ташкилотининг ойлик бюллетени Ахборотнома № 32 2023 йил 5 апрель
Мазкур электрон нашр АҚШ Давлат департаментининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти ва халқаро гиёҳванд моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш Бюроси (INL) кўмагида тайёрланди. Ахборотлар мазмуни учун муаллифлар жавобгар, INL ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини билдирмайди. |
|
|
---|
|
Давлат бошқарувидаги ТОП-40 раҳбар аёллар рейтинги янгиланди |
|
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати мутахассислари Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти экспертлари билан ҳамкорликда давлат тузилмалари ва ташкилотларидаги раҳбар аёллар рўйхатини янгилади. Раҳбар аёлларнинг кучли 40 талигига бир неча жамоат тузилмалари вакилалари ҳам киритилди. Зеро, улар давлат сиёсатини шакллантиришда ва қарорлар қабул қилишда фаол иштирок этмоқда. Ўрганиш натижалари мамлакатда тузилмавий ва институционал ўзгаришлар изчил давом этаётганини, гендер тенглик соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилаётганини, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни ва мавқеи ортиб бораётганини тасдиқлайди. Хотин-қизлар улуши сиёсий партияларда 47 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорлик фаолиятида эса 37 фоизга етди. Раҳбар лавозимларда ишлаётган аёллар улуши — 33 фоиз. Бугунги кунда 2 мингга яқин давлат ва жамоат ташкилотларига аёллар раҳбарлик қилмоқда. |
|
Депутатлар Ўзбекистонда оилавий зўравонликни жиноят деб белгиловчи қонун лойиҳасини қабул қилди |
|
Ўзбекистонда оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилиши режалаштирилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 23 март куни бўлиб ўтган мажлисда тегишли қонунни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилиб, ҳужжатни тасдиқлаш учун Сенатга юборди. Қонун лойиҳаси билан номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш, 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, уларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш, вояга етмаган шахс иштирокидаги порнографик маҳсулотни тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ жиноий хатти-ҳаракатлар учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда. Мазкур жиноятларни содир этган шахслар учун жазо тайинлашни енгиллаштирувчи ҳолатлар, шу жумладан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллаш тақиқланмоқда. Ногиронлиги бўлган шахсларга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий дахлсизликка ва эркинликка қарши жиноятларни содир этганлик, шунингдек, ушбу жиноятларни жабрланувчини тарбиялаш, ўқитиш ёки унга ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан содир этиш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Бундан ташқари, оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритилмоқда. Хусусан, жисмоний зўравонлик билан бир қаторда иқтисодий ва руҳий зўравонлик учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан бир овоздан қабул қилинди. |
|
Фолькер Тюрк: “Ўзбекистонда ислоҳотлар жадаллашди, лекин олдинда ҳали ишлар кўп” |
|
БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк 13−15 март кунлари Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи якунлари бўйича ўз кузатувлари ва тавсияларини журналистлар билан ўртоқлашди ҳамда бу ҳақда мамлакат расмийларига билдирди. Унинг тавсиялари барча соҳаларда – гендер тафовутини бартараф этиш, жумладан, сиёсий, гендер асосидаги зўравонликни жиноийлаштириш, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақлаш жойларида қийноқлар ва шафқатсиз муомалага барҳам бериш, ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамиятининг тўлақонли иштирок этиши, журналистлар ҳимояси ва сўз эркинлиги, маданий ҳуқуқларга ҳурмат, шунингдек, ўтган йилги Қорақалпоғистон фожиасидан сабоқ чиқариш кабиларга оид бўлди. Ташриф чоғида Фолькер Тюрк нафақат Президент ва бошқа расмийлар, балки ҳуқуқ фаоллари ва ёшлар билан ҳам учрашди. У Нукусга бориб, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган тадбирда нутқ сўзлади. “Ўтган олти йил давомида Ўзбекистонда кўплаб ўзгаришлар юз берди ва мен Президентнинг инсон ҳуқуқларини ривожланиш йўлининг марказига қўйишга содиқлигини чуқур қадрлайман. Ислоҳотлар тезлашди ва мен бу босқичма-босқич жараёнлигини, олдинда ҳали ишлар кўплигини тушунаман”, — дея таъкидлади Фолькер Тюрк. “Ўзбекистон кейинги ислоҳотларни режалаштирар экан, менинг идорам инклюзивлик, иштирок этиш ва ҳимояга асосланган ижтимоий шартномани мустаҳкамлашда ёрдам беришга тайёр”, — дея қўшимча қилди у. |
|
Давлат органларининг Очиқлик индекси эълон қилинди |
|
29 март куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги index.anticorruption.uz платформасида Ўзбекистондаги давлат органлари ва ташкилотларининг 2022 йил учун Очиқлик индекси натижаларини эълон қилди. Очиқлик индекси 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида баҳоланди. Самарадорлик кўрсаткичлари 71 баллдан 100 баллгача тўплаганлар - “яшил”, 55 баллдан 71 баллгача бўлганлар - “сариқ” ва 55 баллдан паст кўрсаткич қайд этганлар - “қизил” тоифаларга киритилди. Баҳолашда умумий 86 та вазирлик, идора ва муассасалар қамраб олинган бўлиб, улардан 21 таси вазирлик, 14 таси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, 32 таси давлат иштирокидаги ташкилотлар ҳамда 19 таси қўмита ва агентликлар. Натижаларга кўра, 15 та давлат органининг очиқликни таъминлаш фаолияти “яшил” (71-100 балл), 44 таси “сариқ” (55-71 балл) ва 27 таси “қизил” (55 баллдан паст) самарадорлик кўрсаткичлари билан баҳоланган. Энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари Статистика агентлиги (89 балл), Божхона қўмитаси (88 балл), Тошкент вилоят ҳокимлиги (83 балл), Хоразм вилоят ҳокимлиги (79 балл) ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти (79 балл) томонидан қайд этилган. Очиқлик бўйича энг паси кўрсаткичларни Миллий телерадиокомпания, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, “Uzbekistan Airports”, “Ўзавтосаноат” компаниялари, Самарқанд вилояти ҳокимлиги қайд этган. |
|
Урганчда “Меҳрибонлик уйи”нинг уч нафар тарбияланувчиси ҳимояга олинди |
|
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги оилавий меҳрибонлик уйининг бир неча ойлар давомида жинсий зўравонликка учраган 3 нафар қизи хавфсизлик билан таъминланди, деб хабар берди Ўзбекистон Президенти Администрацияси коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири, давлат раҳбарининг қизи Саида Мирзиёева. Қизлар қўриқчилар билан таъминланган, уларнинг кўчага чиқиши, жумладан, мактабга бориш ва қайтиши ҳам кузатиб борилади. “Зўравонлик доим бўлган, лекин айнан ҳозир очиқлик туфайли ушбу ҳодиса ҳақида баланд овоз билан гапиряпмиз ва бунга қарши курашиш учун реал ресурсларимиз пайдо бўлди. Ўзбекистон сўз ва медиа эркинлиги борасида зиммасига олган мажбуриятлари, бу жараён барча учун жуда оғриқли кечаётган бўлса-да, ўз мевасини бермоқда”, — дея қайд этган Мирзиёева. У, шунингдек, бу кейс юзасидан бефарқ бўлмай, фуқаролик позициясини билдирган барча ОАВ ва фаолларга миннатдорлик билдирган. |
|
ЮНИСЕФ раҳбари болаларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилишга чақирди |
|
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи”да қизларнинг жинсий зўравонлик ва эксплуатация қилиниши ҳақида хабарлардан чуқур хавотирда эканлигини билдирди. У болаларни жинсий зўравонликдан ҳимоялаш ва муқобил парвариш стандартларини яхшилаш учун ҳаракат қилишга чақирди. “Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ва эксплуатацияга қарши кураш устувор бўлиши, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар малакали ижтимоий ходимлар томонидан мунтазам равишда назорат қилинадиган сифатли оилавий муҳит негизида муқобил парвариш билан таъминланиши ҳамда буни малакали ижтимоий хизмат ходимлари мониторинг қилиши зарур”, — деди ЮНИСEФ ваколатхонаси раҳбари. Болалар дамғармаси ушбу соҳа бўйича масъулиятни ижтимоий хизмат кўрсатиш учун жавобгар бўлган тузилмаларга топширишни, бу соҳада фақат малакали мутахассислар ишлашини таклиф қилган. “Биз тегишли ташкилотларга болаларни ўз оилаларидан заруратсиз ажратишнинг олдини олиш ва муқобил парвариш, хусусан, профессионал фостер ҳомийлик хизмати сифатини яхшилаш учун оилани қўллаб-қувватлаш хизматларини кучайтиришда ёрдам беришга содиқмиз”, — дея қўшимча қилган Мунир Мамедзаде. |
|
Адлия вазири: “Партияни рўйхатдан ўтказиш учун 20 минг имзо тўплаш унча кўп эмас” |
|
Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов 28 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида партияни рўйхатдан ўтказиш учун 20 минг имзо унчалик кўп эмаслигини айтди. “Агар аҳоли 36 миллион киши бўлса, бу 1 фоиздан кам. Бошқа давлатларнинг ҳам тажрибасини ўрганганмиз. Уларда ҳам бизникидан кескин фарқ қилмайди. Тасаввур қилинг, ҳар 5 минг ёки 10 минг одам партия очса, қанча партия бўлиб кетади? Сайлов вароғига ҳам етмайди. Шунинг учун бундай чекловлар бор”, — деди вазир. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўз муносабатида адлия вазирининг позициясини “тўлиқ авторитар” деб атади. “Ҳар битта сиёсий тизимнинг фундаментал фалсафаси бўлади”, — дейди эксперт. “Партияларнинг кўп ва фаол бўлиши — халқ давлатни, парламентни ва ижроия ҳокимиятини бошқаряпти дегани. Партиялар тузиш қийинлаштирилганми, демак, бу ерда энг асосий демократик механизм ишламаяпти. Демократик қоидаги кўра, халқ ўзи истаган партияларни тузади ва ҳеч қандай тўсиқларсиз ўзининг ғоя ва дастурларини сайловга қўяди ва овоз ололса, ҳокимиятга айланади”, — деб ёзади Камолиддин Раббимов. |
|
Саида Мирзиёева БМТда “Aral Culture Summit” лойиҳасини тақдим этди |
|
Ўзбекистон Президенти Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева 22−24 март кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида бўлиб ўтган БМТнинг сув ресурслари бўйича конференциясида иштирок этди. “Орол денгизининг инқирози инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатмадир. Бироқ ғамхўр одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли у яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда”, — деди С.Мирзиёева. Унинг аниқлик киритишича, 2018 йилда БМТ шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст фонди маблағлари ҳисобидан қиймати 14 млн АҚШ долларидан ортиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Мамлакатимиз Орол денгизининг қуриган тубини боғга айлантиришни ўз олдига улкан мақсад қилиб қўйган ва ҳозирда қарийб 1,5 миллион гектар майдон кўкаламзорлаштирилган. Давлатимиз экологик ҳалокатга қарши курашишда вақт қадрини чуқур англагани боис, бу вазифани тезкор равишда амалга оширмоқдамиз”, — деди у. Саида Мирзиёева Орол денгизи экологик ҳалокатига қарши курашишда маданият ва бунёдкорлик муҳимлигини таъкидлади. Ҳамда Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг йирик таълим ва маданий дастурларни ўз ичига олган “Aral Culture Summit” (Орол маданияти саммити) лойиҳасини тақдим этди. Саммит фаолияти Оролбўйида биомаданий, маданий ва тиллар хилма-хиллигини асраб-авайлашга қаратилган. |
|
Журналист Есимхан Канаатов суд қарорини адолатли, деб ҳисоблайди |
|
“Ишонч” газетаси мухбири, ЎзАнинг собиқ журналисти Есимхан Канаатов ўтган йил ёзда юз берган Қорақалпоғистон воқеалари ишида айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилди. У суд ҳукмини адолатли, деб атади. Канаатовнинг сўзларига кўра, у тартибсизликлар акс этган видеоларни хориж оммавий ахборот воситаларига юборган, чунки вазият маҳаллий ОАВда ёритилмаган, шу сабабли Президент Қорақалпоғистондаги вазиятдан бехабар бўлган бўлиши мумкин. Журналист тергов жараёнида айбига иқрор бўлиб, вазият ҳақида ўзи гапириб берганини, шу сабабли, суд жазони енгиллаштирганини ва эндиликда озодликка чиққанини таъкидлади. Айблов хулосасида қайд этилишича, Канаатов “сепаратизм ғоялари асосида мақолалар тайёрлаган ва чоп этган, шунингдек, оммавий тартибсизликлар уюштиришда фаол иштирок этган”. |
|
Давлат хизматчиларининг совға олиш тартиблари белгиланди |
|
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг буйруғи билан “Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби тўғрисида"ги Низом тасдиқланди. Унга кўра, давлат фуқаролик хизматчиси Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида амалга ошириладиган хизмат сафарлари; халқаро ва бошқа расмий тадбирлар; Ўзбекистон ҳудудида ўтказиладиган халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан совға олиши мумкин. Ўзбекистондаги бошқа хизмат сафарларида совға олиш мумкин эмас. Давлат фуқаролик хизматчиси совғани тадбирдан келгандан сўнг 3 иш кунида хўжалик бўлимига беради ва бунда далолатнома тузилади. Совғанинг қиймати аниқ бўлмаса, хўжалик бўлими уни баҳолайди ва унинг қиймати БҲМнинг 4 бараваридан (1,2 млн сўмдан) кўп бўлмаса, совға давлат фуқаролик хизматчисига берилади. Давлат фуқаролик хизматчилари фуқаролар ёки бевосита бошқа манфаатдор шахслардан муайян ишни ҳал қилиб бериш ёки келгусидаги манфаатлар учун совға олиши тақиқланади. |
|
“The Economist”: Ўзбекистан Россиянинг дўстлари индексида 12 мамлакат орасида 12-ўринда |
|
Британиянинг “The Economist” журнали Россияга геосиёсий яқин давлатлар рейтингини эълон қилди. Рўйхатни шакллантиришда дипломатик, ҳарбий, энергетика ва иқтисодиёт каби 11 та жиҳат асос қилиб олинган. Рейтингда Ўзбекистон фақатгина “Россиянинг дўстлари” индексида қайд этилган бўлиб, у ерда 12 давлат орасида 12-ўринни эгаллаган. Индексга кўра, Ўзбекистон Россияга қарши овоз бермаган, лекин БМТнинг асосий резолюцияларини қўллаб-қувватламаган, Россияга қурол етказиб бермаган, КХШТга аъзо эмас, февраль ойидан буён унинг ҳудудида Россия қўшинлари ёки ёлланма ҳарбийлари йўқ. 2022 йилда қўшма ҳарбий машқлар ўтказмаган. Шу билан бирга, “Росатом” билан лойиҳа бўйича якуний келишувга ҳали эришилмаган бўлсада, Ўзбекистон Россия ядро технологияларига қарам эканлиги қайд этилган. “The Economist” ёзишича, Ўзбекистон Россиядан газ етказиб беришга қарам эмас, бироқ мамлакат Россия Федерациясига экспорт ҳажмини оширган, унинг умумий савдодаги улуши 2022 йилда 17,9 фоиздан 18,6 фоизга ошган. |
|
Нукус воқеалари ишига алоқадор 39 кишига суд ҳукми ўқилди |
|
17 март куни Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1−2 июль кунлари Нукус воқеаларида қатнашганликда гумонланган 39 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича биринчи инстанция суди тугаб, ҳукм эълон қилинди. Судга Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Даулетбай Разов раислик қилди. 28 киши 5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, қолган 11 нафар судланувчининг 5 йилга озодлиги чекланди. Энг узоқ муддатни (11 йил) “Нызам устинлиги” адвокатлик идораси адвокати Оралбай Досназаров олди. Шунингдек, содир этилган жиноятлар оқибатида етказилган 6,5 миллиард сўмдан зиёд миқдордаги моддий зарарларни судланувчилардан солидар тартибда ундириш, судланувчиларга тегишли бўлиб жиноят иши доирасида хатловга олинган мол-мулкларни келтирилган зарарни қоплашга қаратиш белгиланди. |
|
Фурқат Сидиқов АҚШда элчи сифатида иш бошлади |
|
Фурқат Сидиқов Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчисиси лавозимига киришди. 4 апрель куни у мамлакат протокол раҳбари Руфус Гиффорд билан учрашиб, унга ишонч ёрлиқларини топширди. Ф.Сидиқов 2022 йил ноябридан буён Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. 3 март куни Олий Мажлис Сенати Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимига унинг номзодини маъқуллади. |
|
Ўзбекистонда Покистоннинг янги элчиси иш бошлади |
|
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Покистоннинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Аҳмад Фаруқдан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон-Покистон ўртасидаги сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация алоқалари, шунингдек, минтақалараро ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни янада ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Аввалги элчи Саид Ғилоний эди. У февраль ойи бошида Ўзбекистондаги миссиясини якунлади. |
|
Мажбурий ижро бюросига янги директор тайинланди |
|
Президент фармони билан адлия катта маслаҳатчиси Музаффар Эминович Эгамбердиев Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори лавозимига тайинланди. У тайинловга қадар Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган. Андижон вилояти прокурори бўлиб ҳам фаолият юритган. |
|
Меҳриддин Абдуллаев “Ўзбекнефтгаз”дан Ҳисоб палатасига қайтди |
|
Президентнинг 10 мартдаги фармони билан Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев Ўзбекистон Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди. У 2020 йил январидан 2023 йил мартигача “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятини бошқариб келди. 2017−2020 йилларда Ўзбекистон Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари бўлган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1993) ва Тошкент давлат юридик институти (2005) битирувчиси. |
|
Интерполнинг Ўзбекистондаги бюросига янги раҳбар тайинланди |
|
Генерал-майор Шуҳратжон Ўринбоевич Собиров Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси бошлиғи этиб тайинланди. 2020 йил мартидан 2023 йил февралигача у ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган. Аввалроқ Андижон вилояти ИИБ бошлиғи бўлган. |
|
Тошкентнинг янги ҳокими в.б. — Шавкат Умрзоқов |
|
Шавкат Бўронович Умрзоқов Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 2018 йил июнидан бери у “Ўзавтосаноат”га раислик қилиб келаётганди. Шавкат Умрзоқов (1979 йилда туғилган) 2013—2018 йилларда Ўзбекистон бош прокуратурасида Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи, 2011—2013 йилларда Тошкент вилояти прокуратурасининг иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган. |
|
| Ўзбекистон Конституциявий суди: референдумни ўтказишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар йўқ |
|
Ўзбекистон Конституциявий суди янги Конституция тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказилишига тўсқинлик қиладиган ҳолатларни аниқламади. Бу ҳақда 13 март куни бўлиб ўтган мажлисда Конституциявий суд раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов маълум қилди. Мажлис тўғридан тўғри эфирга узатилди. Конституциявий суд раиси ўринбосари Асқар Ғофуров янги Конституциянинг референдум йўли билан қабул қилиниши Ўзбекистон тарихида илк бор амалда қўлланилаётганини таъкидлади. Референдум санасини белгилашда қонун талабларига риоя қилинди. Хусусан, овоз бериш парламент палаталарининг қарорлари эълон қилинган кундан бошлаб бир ярим ойдан уч ойгача бўлган муддатда исталган кунга белгиланиши мумкин. Янги таҳрирдаги Конституция тўғрисидаги қонун ҳар бир моддаси ўрганилганда референдум предмети бўлиши мумкин бўлмаган масалалар аниқланмади, деди Асқар Ғофуров. Конституция тўғрисидаги қонун референдум сайловчиларининг ярмидан кўпи овоз берган тақдирда юридик кучга эга бўлади. |
|
Сенат 30 апрель куни Конституция бўйича референдум ўтказишни маъқуллади |
|
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 14 март куни бўлиб ўтган мажлисда янги таҳрирдаги Конституция тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги қарорни маъқуллади. Мажлис тўғридан тўғри эфирда намойиш этилди. 83 сенатордан 80 нафари қарорни қўллаб-қувватлади, бир нафари бетараф қолди, икки нафари эса овоз бермади. Умумхалқ референдумини 30 апрель куни ўтказиш режалаштирилган. Сайлов бюллетенида “Сиз «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деган савол бўлади. |
|
Янги Конституция лойиҳаси: парламент ва Президент ваколатлари қандай ўзгармоқда? |
|
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, шунингдек, Президент ваколатларига ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилмоқда. Бу парламент томонидан маъқулланган янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасида назарда тутилмоқда. Лойиҳада Бош қомуснинг моддалари сони амалдаги Конституциядаги 128 тадан 155 тагача оширилган. Парламент. Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сонини 5 тадан 12 тага, Сенатникини 14 тадан 18 тага ошириш таклиф этилмоқда. Президентнинг ижро ва суд ҳокимияти тизимини шакллантириш соҳасидаги амалдаги ваколатларининг бир қисми парламентга ўтади. Палаталарнинг қўшма юрисдикциясига коррупцияга қарши кураш бўйича йиллик миллий ҳисоботни эшитиш, давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш, парламент текширувини ўтказиш каби ваколатлар киритилади. Олий Мажлис палаталари фаолиятидаги функцияларнинг такрорланишига барҳам берилмоқда. Хусусан, Бош вазир ва ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш, давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатаси раисининг ҳисоботини эшитиш каби ваколатлар Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сифатида белгиланяпти. Сенат Президент тақдимига биноан коррупция ҳамда ва монополияга қарши курашиш органлари раҳбарларини сайлаш ваколатига эга бўлади. Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига президент томонидан тавсия этилган номзод бўйича президент ва Сенат ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказиш тартиби белгиланмоқда. Сенат аъзолари сонини 100 нафардан 65 нафарга қисқартириш режалаштирилган, шу сабабли 2024 йилда навбатдаги чақириқда ҳар бир вилоятдан 4 нафардан (ҳозирги 6 та сенатор ўрнига) сенатор сайланади. Президент тайинлаши мумкин бўлган сенаторлар сони 16 тадан 9 тага қисқаради. Президент. Конституцияда президентнинг янги ваколатларини бирлаштириш режалаштирилмоқда: - вазирликлар ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ва тугатиш, кейинчалик ушбу масалалар юзасидан қарорларни Сенат тасдиғига киритиш;
- Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашини шакллантириш ва унга раҳбарлик қилиш, президент Администрациясини шакллантириш;
- вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларини бош вазирнинг розилигисиз тайинлаш ва лавозимидан озод этиш.
Президент Ўзбекистон давлат раҳбари сайловини муддатидан олдин белгилаш ҳуқуқига ҳам эга бўлади. Президентнинг ваколат муддати 7 йилга узайтирилмоқда. Бош вазир номзоди нафақат Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган партия билан эмас, балки барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашганидан сўнг Президент томонидан таклиф этилади. |
|
Ҳокимлар кенгашга раислик қилолмайди |
|
2024 йилдан Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимларига кенгаш раиси лавозимини эгаллаши тақиқланиши мумкин. Бу Конституциявий қонун лойиҳасида назарда тутилмоқда. Бу жараён 2024 йилдан (маҳаллий кенгашларга сайлов натижаларига кўра), туман ва шаҳарларда эса 2026 йил 1 январдан бошланиши мумкин. Кенгашга, қонун ҳужжатларига мувофиқ, унинг ўринбосарлари орасидан сайланадиган раис бошчилик қилади. Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида кенгаш раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас. Айни бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ кенгаш раиси лавозимида ишлай олмайди. Худди шундай талаб ҳокимлар учун ҳам татбиқ этилган. Шу билан бир пайтда, ҳужжатда ҳокимларнинг кенгаш депутати, кейин эса сенатор этиб сайланишига тақиқ қўйилмаган. Ҳозирда деярли барча вилоятлар ҳокимлари сенатор ҳисобланади. |
|
ЕҲХТ бюросининг Ўзбекистонда референдумни кузатиш бўйича миссияси иш бошлади |
|
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕҲХТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) 30 апрель куни Ўзбекистонда ўтказиладиган конституциявий референдуми учун чекланган мониторинг миссиясини бошлади. Бюро Тошкентда ўз ваколатхонасини очган ва аллақачон Марказий сайлов комиссияси билан учрашган. Бу кузатув миссияси бюронинг Ўзбекистондаги 10-миссияси бўлади. Миссия таркибига Тошкентда жойлашган асосий гуруҳнинг 10 нафар халқаро эксперти ва 5 апрелдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб иш бошлайдиган 14 нафар узоқ муддатли кузатувчилар киради. Экспертлар бутун жараённи, шу жумладан ундан олдинги ва кейинги бўладиган воқеаларни назорат қилади. Бунга сайлов қонунчилигининг ижроси, сайловолди ташвиқотини ўтказиш, сайтдаги низоларни ҳал этиш, оммавий ахборот воситаларида ёритиш масалалари киради. Шунингдек, улар ДИИҲБнинг сайловлар бўйича олдинги тавсияларининг бажарилишини ҳам баҳолайди. Кузатув давомида миссия давлат ҳокимияти ва сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти, медиа ва ўзаро муносабатлар вакиллари билан мунтазам учрашувлар ўтказади. “Бизнинг ролимиз — аралашиш эмас, сайлов жараёнини кузатиш ва ҳисобот бериш. Бизни натижалар эмас, жараённинг шаффофлиги ва ЙХҲТ олдидаги мажбуриятларга мувофиқ амалга оширилаётгани қизиқтиради. Фактлар миссия учун гапиради”, — дея таъкидлади ДИИҲБ миссияси раҳбари Альберт Йонссон. |
|
Референдумда муддатидан олдин овоз бериш санаси 19−26 апрель кунларига белгиланди |
|
“Ўзбекистон Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича республика референдумида муддатидан олдин овоз бериш жараёни 19−26 апрель кунлари бўлиб ўтади. Унда референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаганлар иштирок этишлари мумкин. Муддатидан олдин овоз бериш учун участка комиссияларига овоз бериш бюллетенлари 13 апрелгача етказиб берилади. |
|
ДХШ асосида МТМларни ташкил этишда коррупция хавфи омилларини баҳолаш бўйича тадқиқот натижалари эълон қилинди |
|
“Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси доирасида 2022 йил давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида мактабгача таълим муассаса (МТМ)лари ташкил этилишида ва уларнинг фаолиятида ноҳалоллик хавфи омиллари баҳоланди. |
|
Тошкент метроларидан аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ҳақида ижтимоий рекламалар жой олди |
|
Тошкент метрополитенида аёлларнинг зўравонликка қарши ёрдам сўраб қилган мурожаатларини радиотўлқинлар шаклида акс эттирган баннер ва постерлар жойлаштирилди. Уларнинг ҳар бирида QR-код мавжуд бўлиб, у орқали ёрдам ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин. Ўзбекистон жамоатчилиги эътиборини аёлларга нисбатан зўравонлик муаммоси ва унинг олдини олишга қаратиш мақсадида яратилган ушбу лойиҳа Nolalar.com деб номланган. |
|
Митинглар ҳақидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди |
|
Митинглар тўғрисидаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Президенти Администрациясида кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда 28 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Адлия вазирлиги қонунчилик департаменти бошлиғи Миржалол Аллақулиев маълум қилди. “Митинглар ва оммавий намойишлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган. Ички ишлар вазирлиги тавсиясига кўра, лойиҳа Президент Администрациясида кўриб чиқилмоқда”, — деди вазирлик вакили. |
|
Болалар омбудсмани: Хорижда ота-она қарамоғисиз қолиб кетган 43 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди |
|
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида 2022 йилда чет элда ота-она қарамоғисиз қолиб кетган 43 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилган. Хусусан, Россиядан 37 нафар, Қозоғистондан 4 нафар, Туркиядан 2 нафар вояга етмаган бола олиб келинган. 2021−2022 йилларда Ўзбекистонда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга мўлжалланган жами 21 та болалар муассасаси фаолияти тугатилган. Ҳозирда республика бўйича 139 та оилавий болалар уйи ташкил этилган, уларда 822 нафар бола тарбияланмоқда. |
|
Эндиликда ногиронлик фуқаролар иштирокисиз белгиланади |
|
1 апрелдан ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахсларнинг ногиронлиги идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида фуқароларнинг иштирокисиз белгиланмоқда. Ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади. |
|
Ўзбекистон Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони билан ҳамкорлик ўрнатади |
|
Президент Шавкат Мирзиёев 29 март куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони (ШУАР) Партқўми котиби Ма Синжуй бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Шу куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ШУАР делегацияси билан музокаралар ўтказди ҳамда икки томонлама шартномалар имзоланди. Хусусан, Тошкент вилояти ва ШУАР ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Huadian Xinjiang билан Навоий ва Фарғона вилоятларида қуёш электр станцияларини қуриш бўйича меморандум имзоланди. |
|
Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарани демаркациялаш тўғрисидаги битимни ратификация қилди |
|
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 28 март куни Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида қозоқ-ўзбек давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Қозоғистон раҳбари сайтида хабар берилди. Дарё оқими ўзгаргани сабабли давлатлар ўртасидаги чегара 5 километрга чўзилган. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегарани қонуний расмийлаштириш жараёни 2022 йил 22 декабрь куни Тошкентда икки давлат президентлари томонидан чегарани демаркация қилиш тўғрисидаги битим имзоланиши билан якунланган. У 2001 ва 2022 йиллардаги давлат чегараси ҳақидаги шартномалар асосида амалга оширилган. |
|
Ўзбекистон ва Афғонистон Қўштепа канали лойиҳасини муҳокама қилди |
|
Афғонистон Амударёдан Қўштепа канали қурилиши лойиҳасини “Ўзбекистон билан ўзаро англашув асосида” амалга оширишга тайёрлигини билдирган. Бу ҳақда Афғонистон муваққат ҳукумати бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар 22 март куни Кобулда Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Aбдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси билан учрашув вақтида маълум қилган. Томонлар савдо, транспорт, аёллар ҳуқуқлари ва бошқа мавзуларни ҳам муҳокама қилган. |
|
Ўзбекистонга 875 минг дозадан зиёд Pfizer вакцинаси келтирилди |
|
13−15 март кунлари ЮНИСЕФ Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида CОVID-19`га қарши жами 875 520 доза Pfizer вакцинасини олиб келди. Ушбу вакциналар коронавируснинг омикрон B.A.4 va B.A.5 штаммларига қарши ҳисобланади. |
|
Венгрияда Ўзбекистон элчихонаси очилди |
|
Будапешт шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси очилди. Маросимда Ўзбекистон ва Венгрия ташқи ишлар вазирлари Бахтиёр Саидов ва Петер Сийярто иштирок этди. Бунгача Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси, бир вақтнинг ўзида Австриядаги элчиси ҳам бўлган. Венгрия 2016 йилда Тошкентда элчихонасини очган. |
|
Тараққиёт стратегияси: 2022 йилдаги асосий натижалар |
|
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган мамлакатни 2022—2026-йилларда ривожлантириш бўйича Тараққиёт стратегияси 7 та асосий йўналишни қамраб олади. Анъанага кўра[1], 2022 йил Президент томонидан “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дея эълон қилинди. 2022 йил учун қабул қилинган Давлат дастурида маҳалла институтининг ролини оширишга урғу қаратилиши билан бирга, бошқа соҳаларда ҳам комплекс вазифалар назарда тутилган. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ушбу Тараққиёт стратегиясини бажарилишини доимий мониторинг қилиб борди. Расмий маълумотлар ва бошқа очиқ эълон қилинган янгиликлар асосида стратегия қай тарзда ижро этилаётганлиги ва бу борадаги асосий натижаларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Ўзбекистонда маълум бир соҳани ривожлантириш мақсадида йилларга алоҳида ном берилиб, давлат дастурларини қабул қилиш анъанага айланган. |
|
|
---|
|
Ўзбекистон ННТларининг муваффақият тарихи |
|
|
---|
|
“Ezgu Amal” фонди 2022 йил сарҳисобини қилди |
|
“Ezgu Amal” хайрия жамоат фонди 2022 йилдаги фаолияти тўғрисида очиқ ҳисобот берди. Беш йил аввал Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ташкилот саратон касаллигига чалинган болаларга ёрдам бериб келмоқда. Ташкилот фаолияти очиқ: ҳар чораклик ва йиллик ҳисоботларни веб-сайтда, шунингдек, тўлов тизимлари орқали ўтказмалар бўйича кундалик ҳисоботларни эълон қилиб боради. Фонд бошқаруви раиси Мунира Ходжахонованинг сўзларига кўра, фонд жамоаси одамлар пул қаердан келиб тушгани ва қандай сарфланаётганини билиши муҳим, деб ҳисоблайди. 2022 йилда контрагентлар томонидан “Ezgu Amal”га 6,6 миллиард сўм хайрия қилинган. Уларнинг 3,4 миллиарди (сумманинг 52 фоизи) Тошкент шаҳри ва вилоятларда ўрнатилган хайрия қутиларидан жамғармага тушган маблағлардир. Юридик шахслар томонидан оғир касал болаларни даволаш учун 1,1 миллиард сўм (18 фоиз), жисмоний шахслар томонидан 286,5 миллион сўм (4 фоиз) маблағ ўтказилди. Тўлов тизимлари орқали кўрсатилган молиявий ёрдам 953 миллион сўмни (14 фоиз) ташкил этди. 5,5 миллиард сўмнинг 4 миллиард сўмдан ортиғи оғир хасталикка чалинган 240 нафар болага ёрдам кўрсатиш учун юборилган бўлиб, бу хорижда тиббий буюмлар харид қилиш ва тиббий хизмат ҳақини тўлашда ўз ифодасини топди. Онкологик беморларнинг муаммоларига жамоатчилик эътиборини қаратишга “Ezgu Amal”нинг хайрия лойиҳалари ёрдам бермоқда. Кўпинча ташаббус турли ташкилотлар ва жамоалар томонидан билдирилади. Масалан, “Diplomat International School” хусусий мактабидаги ярмаркада 67 миллион сўм маблағ тўплашга ва бемор Ризо Муҳамедовга протез сотиб олишга муваффақ бўлинди. “Tribe” кроссфит-клуби “Taskin” болалар хосписини қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия марафонини ташкил этиб, хоспис эҳтиёжлари учун 19 миллион сўм маблағ йиғиб берди. “Ezgu Amal” фондининг Васийлик кенгаши аъзоси Азиза Умарованинг айтишича, “Taskin” болалар хосписини очиш жамғарманинг 2022 йилдаги асосий мақсади бўлган. Бунга Исроил элчихонаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида эришилди. 2023 йилда ҳам фонд жамоаси ўз олдига янги мақсад қўйди. Бу – болалар онкологияси кафедрасини ташкил этишга кўмаклашиш, маҳаллий онкологларга илмий адабиётлардан фойдаланишда, хорижда малака оширишда ёрдам кўрсатииш. Бундан ташқари, фонд йирик фанлараро форумлар ва маслаҳатлашувлар ташкил этиш орқали тажриба алмашишни ҳам режалаштирган. |
|
Сайловларни ёритишда медиасаводхонлик ва инклюзивлик бўйича онлайн тренинглар ўтказилди |
|
23—24 март ва 27—28 март кунлари ёшлар ва ОАВ вакиллари учун сайлов жараёнларини ёритишда медиасаводхонлик ҳамда инклюзияни тарғиб қилишга қаратилган онлайн тренинглар ташкил этилди. Тренинглар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 70 дан ортиқ ёшларни, 30 га яқин журналист ва блогерларни қамраб олди. Тренерлар сифатида PR ва коммуникациялар бўйича фан доктори (DSc), "New Media Education Center” ННТ директори Беруний Алимов ҳамда Словениянинг ОАВ мониторингига ихтисослашган “МЕМО 98” нодавлат ташкилотининг медиа эксперти Иван Годарский таклиф этилди. Қайд этилганидек, янги медиа даври бошланиши билан ахборот оқими кучайиб, сохта хабарларни ҳақиқатидан ажратиш тобора қийинлашиб бормоқда. Бугунги кунда ҳар қандай Интернет фойдаланувчиси энди шунчаки контент истеъмолчиси эмас, технология туфайли у ахборот манбаи ва тарқатувчисига айланиши мумкин. Ахборотни узатиш ва қабул қилиш усулларининг эволюцияси "fake news”, “матндан парча” ва “постҳақиқат” каби атамаларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Баъзан улар жамоатчилик онгини ўзгартирмоқда, ахборотни қабул қилишига таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун, фактчекинг кўникмалари, яъни фактларни текшириш ва ёлғон маълумотларни аниқлаш нафақат соҳа мутахассисларига, балки барча Интернет фойдаланувчиларига бехабарлик туфайли дезинформация (ёлғон ахборот) тарқатувчига айланиб қолмаслик учун зарур. Бу муҳим сиёсий тадбирлар – сайловларда, айниқса долзарб. Тренинглар давомида иштирокчилар дунёда бу йўналишдаги тенденция ва муаммолар ҳақида дастлабки маълумотларга эга бўлишди, фактларни сохта ва ҳақиқийсидан фарқлаш, ”нафрат тили”ни аниқлашни ўрганишди. Амалий машғулотларда эса улар фотосурат, видео, веб-сайт, матнларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун асосий фактчекинг воситаларидан фойдаланиб кўришди. Шунингдек, Ўзбекистон сайлов қонунчилиги, сайлов жараёнларини ёритишнинг гендер жиҳатлари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов жараёнларидаги иштироки, бу борадаги халқаро стандартлар ҳам кўриб чиқишди. Вебинарлар ”Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Халқаро сайлов тизимлари жамғармаси (IFES) кўмагида ташкиллаштирилди. |
|
Ёшлар ташаббусларига 12,5 минг евро ажратилди |
|
Самарқанд шаҳрида уч кун давомида Марказий Осиё дўстлик ва мустаҳкам қўшничилик ёшлар форуми бўлиб ўтди. Форум Европа Иттифоқи молиялаштирилаётган “Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик йўлида трансчегаравий кўп томонлама мулоқот” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа Конрад Аденауэр номидаги жамғарма бошчилигидаги консорциум билан учта мамлакатдаги ҳамкорлари — “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), “БИОМ” экологик ҳаракати (Қирғизистон) ҳамда “Гендер ва тараққиёт” жамоат ташкилоти (Тожикистон) томонидан амалга оширилмоқда. Форумда Марказий Осиё давлатларидан 100 га яқин ёшлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Унинг дастуридан ёшлар ўртасида халқаро мунозаралар, таълим ва ахборот сессиялари, муҳокамалар жой олди. Шунингдек, ўзаро мулоқот ва тинчлик ўрнатиш бўйича келгусида қўшма трансчегаравий лойиҳалар учун ғоялар ишлаб чиқилди. Якунда ёшларнинг 5 та инновацион ғояси танлаб олинди. Уларни амалга ошириш учун жами 12,5 минг евро ажратилди. Кичик лойиҳалар дўстлик, бағрикенглик ва тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган. |
|
|
---|
|
НАШР УСТИДА ИШЛАДИ: Элвина Мустафина, Муниса Алиева, Сухроб Тухтамишев, Людмила Стайшюнайте, Шамшод Юнусов САҲИФАЛОВЧИ ДИЗАЙНЕР: Жасур Олтинбоев |
|
|
---|
|
© Copyright 2021 • info@yumh.uz • Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш. |
|
|
---|
|
|
|