Ўзбекистонда демократия"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти ҳамда "Минтақавий мулоқот" (Regional Dialogue) халқаро нодавлат ташкилотининг ойлик бюллетени Ахборотнома № 27 2022 йил 5 ноябрь
Мазкур электрон нашр АҚШ Давлат департаментининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти ва халқаро гиёҳванд моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш Бюроси (INL) кўмагида тайёрланди. Ахборотлар мазмуни учун муаллифлар жавобгар, INL ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини билдирмайди. |
|
|
---|
Давлат дастурининг 9 ойлик ижроси: 342 та вазифадан 258 таси бажарилган |
|
31 октябрь куни Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи 2022 йилги Давлат дастури ижросининг 9 ойлик ижроси юзасидан муқобил ҳисобот тақдим этди. 2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига Давлат дастурининг 210 та банди бўйича 342 та вазифалар амалга оширилиши кўзда тутилган. Ҳисобот даврида 258 та вазифа ижроси таъминланган, шундан 27 та вазифа ижроси муддатидан олдин бажарилган. Давлат дастурида Экология қўмитаси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул бўлган 2 та банд бўйича вазифалар бажарилмаган. Ижро муддати келган (ўтган) 58 та банд бўйича 91 та вазифа юзасидан норматив ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган ва кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун тегишли идораларга киритилган бўлиб, қабул қилинмасдан турибди. Ҳудудий дастурларни амалга ошириш бўйича 14 та ҳудудда 123 та вазифа бажарилмаган. Эслатиб ўтамиз, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи ташкил этилган. Гуруҳ Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурларида белгиланган мақсадларга эришилганлик даражасини баҳолаш мақсадида ҳар йили муқобил ҳисоботлар тайёрлайди. |
|
Депутатлар манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунни қабул қилди |
|
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 25 октябрь куни ялпи мажлисда “Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди. Энди уни Сенат кўриб чиқади. Қонуннинг қабул қилиниши давлат идораларида коррупциявий хавф-хатарларнинг бартараф этилишига, энг асосийси — давлат хизматида таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликнинг олди олинишига хизмат қилади. Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаровнинг айтишича, қонуннинг кўлами бошқа давлатлардаги шу каби меъёрий ҳужжатлардан анча кенг. Хусусан, қонун давлат улушига эга бўлган акциядорлик жамиятлари ва бундай акциядорлик жамиятларининг улуши бўлган жамиятлар (давлат улуши билан), шунингдек, улар билан муносабатларга киришувчи ташкилотларга ҳам тегишли бўлади. Ҳужжатда “манфаатлар тўқнашуви”, “қардош шахслар”, “шахсий манфаатлар”, “яқин қариндошлар” тушунчалари белгиланган. Қонунда давлат тузилмалари фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасидаги ваколатли органлар: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ахлоқ бўйича комиссиялар, кадрлар бўлими ва давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички тузилмаларнинг вазифалари белгилаб берилган. |
|
Ўзбекистондаги болалар ва аёллар ҳолати натижалари маълум қилинди |
|
20 октябрь куни Давлат статистика қўмитаси ва БМТ Болалар жамғармаси 2021—2022 йилларда Ўзбекистонда ўтказилган мультииндикатор кластер кузатувлари (MICS) натижаларини эълон қилди. Тадиқот болалар ва аёллар саломатлиги, болалар ривожланиши, тарбияси, уларнинг ўқиши ва овқатланиши, зўравонликка дучор бўлишлари, оилаларнинг асосий санитария ва гигиена воситаларидан фойдаланиш имконияти бўйича мамлакат бўйлаб тасодифий танланган 556 та маҳалладаги 15 мингдан ортиқ хонадондан тўпланган маълумотларни ўз ичига олган. Тадқиқотчилар жойларда электрон сўровномаларни тўлдиртирган ҳолда респондентлар билан интервьюлар ўтказди. Респондентларнинг 23 фоизи аёллар бошқараётган уй хўжаликларидир. Кўпчилик, яъни 5 ёшгача ва 5-17 ёшгача бўлган болалар 90 фоизининг онаси ёки тарбияловчиси ўрта ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига эга. Баъзи натижалар: Гўдаклар ва болалар ўлими Сўнгги 15 йил ичида (аввалги MICS тадқиқотидан кейин) чақалоқлар ўлими (1 ёшгача) ва 5 ёшгача бўлган болалар ўлими камайди. Яъни 2006 йилдаги 57 тага нисбатан 1000 тирик туғилган чақалоққа 25 ўлим. Туғилиш ва оилани режалаштириш Ўзбекистонда туғилишнинг умумий коэффициенти 1 аёлга 3,3 туғилишни ташкил этади. Туғиш ёшининг чўққиси 20-24 ёшга тўғри келади ва 29 ёшга қадар анча юқори бўлиб қолади, шундан сўнг аста-секин пасайиш бошланади ва 45 ёшга келиб туғилиш минимал даражага тушади. Оналар ва чақалоқлар саломатлигини сақлаш Аёлларнинг 90 фоизи туғишгача назорат даврида малакали тиббиёт ходимлари томонидан камида 4 марта, 98 фоизи эса камида 1 марта кўрикдан ўтказилган. 83 фоиз аёллар ҳомиладорликнинг дастлабки тўрт ойи давомида биринчи текширувдан ўтган. ОИВ ҳақида билим 15-49 ёшдаги аёлларнинг 80 фоизи ОИВ/ОИТС ҳақида эшитган, 15-49 ёшдаги аёлларнинг атиги 14 фоизигина касаллик ҳақида ҳар томонлама билимга эга. Болаларнинг овқатланиш ҳолати Сўров шуни кўрсатдики, 5 ёшгача бўлган болаларнинг 7 фоизининг бўйи паст. Бу кўрсаткич 2006 йил тадқиқот натижаларига нисбатан 2 баробарга (14,6 %) камайган ва ҳудудда энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Бўй пастлик кўрсаткичи 24-35 ойлик (9%), янада пастлик 6-11 ойлик (2%) болаларда кузатилган. Ортиқча вазнли болалар 5 ёшгача бўлган болалар умумий сонининг 5% ини ташкил қилади, 2006 йилги тадқиқот давомида бу кўрсаткич 7% ни ташкил этди. Эрта никоҳ Ҳозирда 20-24 ёшдаги аёлларнинг атиги 3 фоизи 18 ёшга тўлмасдан аввал расмий ёки норасмий никоҳга кирган, 15 ёшгача бўлган никоҳнинг эса унча аҳамияти йўқ ва нолга яқин. Бу кўрсаткич 12,5 фоизни ташкил этган 2006 йилги натижаларга нисбатан сезиларли даражада камайган. Ичимлик суви, санитария ва гигиена Сўров натижаларига кўра, уй хўжаликлари аҳолисининг 95 фоизи асосий ичимлик суви, 92 фоизи асосий санитария ва 81 фоизи асосий гигиена воситаларига эга. Шу билан бирга, қишлоқ аҳолисининг қарийб 3 фоизи сув олиш учун кунига бир соатдан кўпроқ вақт сарфлайди. Сув манбаи ташқарида жойлашган уй хўжаликларида сув етказиб беришда асосий масъул аёллар ва қизлар ҳисобланади (42%). |
|
АҚШ меҳнат вазирлиги Ўзбекистонда болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам беришда сезиларли ўсиш бўлганини қайд этди |
|
АҚШ Меҳнат вазирлиги ўзининг ҳисоботида (“TDA Report”) 2011 йилдан бери биринчи марта Ўзбекистонни болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлиги бўйича “сезиларли тараққиёт”нинг энг яхши тоифасига киритди. Бу мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашиш борасида олиб борилаётган самарали давлат сиёсати, шунингдек, ушбу соҳада жиноий жавобгарликнинг халқаро стандартларга тўлиқ мос равишда кучайтирилгани туфайли эришилгани алоҳида таъкидланди. “Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам қисқа вақт ичида таъсирчан тараққиётга эриша оладиган намунали давлатга айланмоқда", – деди АҚШ Меҳнат вазирлигининг Болалар ва мажбурий меҳнат бўйича бошқармаси раҳбари Марсиа Еугенио. Бундан ташқари, Ўзбекистон эришган ютуқларни инобатга олган ҳолда, АҚШ Меҳнат вазирлиги мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтани “Болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхати”дан чиқарилишини эълон қилди. Ушбу қарор Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта ва ундан тайёрланган маҳсулотларни АҚШга олиб киришга қўйилган расмий чекловларни бекор қилади ва шу орқали тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун янги имкониятлар очади. |
|
Ўзбекистон “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этишни таклиф қилди |
|
Ўзбекистон Президенти 27 октябрь куни Остона шаҳрида ўтказилган биринчи “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” саммитида нутқ сўзлаб, “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё” Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этишни, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегик дастурни ишлаб чиқишни таклиф қилди. Шавкат Мирзиёев иқтисодий соҳада бундан буён ҳам тадбиркорлар учун энг қулай шароитларни яратиш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш, рақобат ва инновацион бизнес муҳитининг ривожланишини рағбатлантириш давом эттирилишини таъкидлади. “Биз эришган муваффақиятларимиз билан чекланмаймиз ва янги ўзгаришлар кўламини янада кенгайтиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бу ўринда гап аввало қонуннинг сўзсиз устуворлиги, фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳақида бормоқда”, - деди давлат раҳбари. Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, яхши қўшничилик ва минтақавий шериклик масаласини қатъий илгари сурди. “Албатта, минтақада ҳали ҳам ўз ечимини топмаган масалалар бор. Бироқ ишончимиз комилки, бизнинг кучли сиёсий иродамиз ва умумий бунёдкорлик руҳи минтақадаги қардош мамлакатлар ва халқларни янада яқинлаштиришга хизмат қилади”, - дея қайд этди Президент. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Европа томонни Марказий Осиё минтақасида қабул қилинган “Яшил кун тартиби” дастурини амалга оширишда фаол иштирок этишга чақирди. |
|
1 октябрь ҳолатига бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат бериш Хоразм вилоятида 94 % мактабларда йўлга қўйилган, Қорақалпоғистонда эса бир ойга кечиккан |
|
Жорий йилнинг сентябрь ойи охирида "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати томонидан Давлат дастурининг 211-бандига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш вазифаси жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ўрганишлар давомида 1 октябрь ҳолатига жорий ўқув йилидан бошлаб Хоразм вилоятида кейтеринг усулида бепул овқат бериш 94% мактабларда йўлга қўйилган бўлса, Қорақалпоғистонда ҳали тендер танловларини ўтказиш давом этаётганлиги боис ушбу амалиёт ҳали бошланмаганлиги маълум бўлди. Мониторинг давомида мазкур амалиётни йўлга қўйишда қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Бепул овқат билан таъминлашнинг ўз вақтида ташкил этилмаганлигининг асосий сабаблари сифатида Ҳукумат қарорининг кеч қабул қилинганлиги ва тасдиқланган таомномага мувофиқ ҳар бир ўқувчига ажратилган маблағ миқдори тадбиркорларда кам қизиқиш уйғотганлигини келтириш мумкин. Шунингдек, маҳсулотлар сифати, уларни сақлаш ва санитария талабларига риоя этиш билан боғлиқ қатор муаммолар мавжудлигини қайд этиш лозим. Ўтган ўқув йили давомида муддати ўтган маҳсулотлар тарқатилганлиги ҳолатлари аниқланган ва бу ота-оналарнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлган. |
|
Афғонистон бўйича халқаро музокаралар гуруҳини ташкил этиш таклиф қилинди |
|
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI саммитида нутқ сўзлаб, унда Афғонистондаги вазиятга эътибор қаратди. Давлат раҳбари Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоритмини тайёрлаш ва келишиш учун юқори даражадаги халқаро музокаралар гуруҳини тузиш ташаббуси билан Осиё давлатларининг БМТ Бош Ассамблеясига қўшма мурожаати имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. “Афсуски, бошқа ўткир халқаро муаммолар қалқиб чиқиши натижасида Афғонистон масаласи иккинчи даражага тушиб қолмоқда. Ўттиз йил муқаддам ушбу давлат амалда халқаро террорчилик маконига айланиб қолгани билан боғлиқ аччиқ тажриба қайта такрорланишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Афғонистон муваққат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқишимиз зарур” — деди Шавкат Мирзиёев. |
|
Ўзбекистонда қишлоқ туманларини барқарор ривожлантириш лойиҳаси ишга туширилди |
|
БМТ Тараққиёт дастури, Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ва ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси ҳамкорлигида Ўзбекистонда “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Асосий мақсад – қишлоқ аҳолиси учун қулай турмуш даражасини яратиш, уларни асосий инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва таълимдан фойдаланиш имконини яратишдан иборат. Янги лойиҳа қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этишга, бунда ресурс тежовчи ва экологик тоза технологияларни қўллаш орқали қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини оширишга қаратилган. Хусусан, лойиҳа доирасида Қорақалпоғистоннинг 20 тумани, Навоий, Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги 170 та маҳалла фуқаролар йиғинида ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш ва капитал таъмирлаш кўзда тутилган. 2022 йил охиригача 66 та жамиятни ривожлантириш режаси ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 2022—2025 йиллар учун 338 миллион долларни ташкил этади. |
|
Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан Ўзбекистоннинг чекка маҳаллаларида электр таъминоти яхшиланмоқда |
|
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт” маркази томонидан Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Самарқанд вилоятининг иккита чекка ҳудудида кичик инфратузилма яхшиланади. Хусусан, Пахтачи туманидаги “Гулобод” ва “Дўнг”, Қўшробот туманидаги “Тоз” маҳаллаларига энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 263,9 миллион сўмлик 14 турдаги электр асбоб-ускуналар билан таъминланади. Бугунги кунга қадар 191,1 миллион сўмлик электр жиҳозлари, жумладан 124,4 миллион сўмга 3 дона трансформатор ва 72,8 миллион сўмга 52 дона темир-бетон устунлар харид қилиниб, манзилларга етказиб берилди. Самарқанд вилоятидаги мазкур 3 та олис маҳаллада электр таъминотини яхшилаш ишлари аҳоли мурожаати ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, маҳаллий ҳокимликлар, электр тармоқлари корхоналари билан ҳамкорликда бажарилмоқда. |
|
Тадбиркорлик билан шуғулланаётган давлат хизматчилари сони маълум қилинди |
|
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётгани ҳолатлари юзасидан маълумот берди. Сентябрь-октябрь ойларида Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида 1 378 нафар давлат хизматчиси (138 нафари ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, 148 нафари давлат банклари бошқарувчиси ва уларнинг ўринбосарлари, 1 092 нафари ҳоким ёрдамчилари) давлат хизмати билан бирга (раҳбар ёки таъсисчи сифатида) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётгани аниқланган. Хусусан, 2021—2022 йилнинг 6 ойи давомида Бухоро вилоятида 340 та ҳолатда 34,3 млрд сўмлик давлат харидларидан 19 та ҳолатда ташкилот раҳбари ва молиявий масалалар бўйича ўринбосарлари, 72 та ҳолатда бухгалтерия ходимлари, 24 та ҳолатда омбор мудири ва таъминот ходимлари, 30 та ҳолатда инженер ва техник назоратчилар, 20 та ҳолатда шартномаларни ҳуқуқий экспертизасини амалга оширувчи юристлар ва қолган ҳолатда бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлган. Шу каби Сурхондарё вилоятида 155 та ҳолатда 16,1 млрд сўмлик давлат харидларидан 67 та ҳолатда бош ҳисобчи, ҳисобчи ва иқтисодчилар, 60 та ҳолатда хўжалик ва омбор мудирлари, 28 та ҳолатда бўлим бошлиқлари ва бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлганлиги аниқланди. |
|
Омбудсман Самарқандда қийноқ қўлланилганини тасдиқлади |
|
Омбудсман Феруза Эшматова ижтимоий тармоқларда тарқалган “ИИВ ходимлари калтакладими ёки мотоциклдан йиқилиб тушдими?” хабарига расмий муносабат билдирди. Ушбу хабар 23 октябрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси матбуот гуруҳининг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинди. унда ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинган А.Э.га нисбатан қийноқлар қўлланилгани, натижада эркакнинг учта қовурғаси синганлиги, танасида бошқа тан жароҳатлари борлиги хабар қилинган. Шу куни Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги вакили Диёр Ҳусанов вилоятдаги 7-сонли тергов изоляторида сақланаётган А.Э. билан учрашди. Суҳбат чоғида А.Э. хабарда айтилган ҳолатларни тасдиқлаб, тан жароҳати олганлигини билдирди ва вазиятни ўрганиш, бу ишга қўл урган ички ишлар органи ходимларини жиноий жавобгарликка тортишда омбудсмандан ёрдам сўради. Омбудсман номидан Ўзбекистон Бош прокуратурасига юқоридаги хабар ҳамда маҳкум А.Э.нинг мурожаатини ҳар томонлама ва тўлиқ текшириш юзасидан мурожаат юборилди. |
|
Самарқанд МДҲ Парламентлараро ассамблеяси ялпи мажлисига мезбонлик қилди |
|
27 октябрь куни МДҲ иштирокчи давлатлари Парламентлараро ассамблеяси Кенгашининг 54-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ҳамдўстлик мамлакатлари парламент делегациялари, ҳамкор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Парламент аъзолари сайлов, референдум ва уларни кузатиш тўғрисидаги кўплаб намунавий қонунларни, шунингдек, хавфсизлик, фан ва таълим, интеллектуал фаолият ва бошқа соҳаларга оид қатор намунавий ҳужжатларни кўриб чиқди. Ҳамдўстлик давлатларининг депутатлари ва сенаторлари келгусида ўз давлатларининг миллий қонунчилигида намунавий қонунларда мавжуд бўлган ҳуқуқий нормалардан фойдаланиши мумкин бўлади. 2023−2025 йилларга мўлжалланган МДҲда намунавий қонун ижодкорлигининг Истиқболли режаси лойиҳаси ва Парламентлараро Ассамблеянинг келгуси йил учун иш режаси тақдимот қилинди. Кенгаш иштирокчилари МДҲ ПА ҳузуридаги Экология ва табиатдан фойдаланиш бўйича Эксперт кенгашини тузиш ташаббусини қўллаб-қувватлади ҳамда Кенгаш тўғрисидаги низомни тасдиқлади. |
|
Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари тасдиқланди |
|
14 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди (2016 йилги қоидалар ўрнига) ва Одоб-ахлоқ комиссиясининг намунавий низоми тасдиқланди. Ҳужжат касбий этика, расмий фаолияти, хизматдан ташқари ўзини тутиш, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатлар, ташқи кўриниш, кийиниш услуби ва бошқаларга тегишли одоб-ахлоқ қоидаларини қамраб олади. Хусусан, давлат хизматчилари фуқароларга тенг ҳурмат билан муносабатда бўлишлари, совға-саломлар қабул қилмасликлари, танқидга сабаб бўладиган хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликлари, давлат идоралари фаолиятини Интернет тармоқларида муҳокама қилмасликлари, уларда одамларда ислоҳотларга ишончсизлик уйғотадиган материалларни жойлаштирмасликлари керак. Қоидаларга риоя қилмаслик давлат хизматчиларини интизомий ёки қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. |
|
Ўзбекистонда илк бор ўсмирларнинг руҳий саломатлиги тадқиқоти натижалари эълон қилинди |
|
БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) 14 октябрь куни ўсмирларнинг психологик саломатлигига оид Ўзбекистон тарихидаги илк тадқиқот натижаларини тақдим этди. Тадқиқот ўспиринларнинг эҳтиёжларини, уларнинг руҳий саломатлиги ва руҳий-ижтимоий фаровонлигига таъсир қилувчи мактаб билан боғлиқ омилларни яхшироқ тушуниш мақсадида март-май ойларида ўтказилди. Унда Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг барча вилоятларидаги 299 та мактабнинг 6-, 9- ва 11-синфларида таълим олувчи 22 854 нафар ўқувчилар иштирок этди. Тадқиқот шуни кўрсатдики, ўқувчиларнинг 15,4 фоизи — ўртача ва ўта оғир безовталик ҳамда 9,8 фоизи — депрессиядан қийналмоқда. Уларнинг орасида ота-онаси уйдан камида бир ой узоқда яшаган ўқувчилар, қолаверса, ишлаётган мактаб ўқувчилари ва қизлар улуши кўп. Ишлайдиганлар ўсмирларнинг 5 фоизини ташкил этди. Бу тенденция 11-синфлар орасида кўпроқ намоён бўлди. Ўсмир ёшдаги ўғил-қизларнинг кўпчилигининг айтишича, уларнинг оиласидаги муносабатлари қониқарли, бироқ уларнинг деярли 9 фоизи мактаб ёки дўстлик билан боғлиқ масалаларда оиласи томонидан ёрдамни ҳис қилмаган. Мос равишда гарчи ўсмирларнинг кўпчилиги ҳаётнинг турли жабҳалари (яшаш жойи, оиласи, ўзлари)да қониқиш ҳис қилсада, 10% ўсмир ёшидагилар мактаб ва дўстлик тажрибасидан қониқмайди. Ўқувчиларнинг 10 фоиздан ортиғи ижтимоий алоқанинг етишмовчилиги ва изоляцияни бошдан кечирмоқда: 85 фоиздан 89 фоизга бўлган қисми ўқитувчилари ва улар билан мулоқот ҳақида ижобий фикр билдирди. Қолганлари ўқитувчилар ва уларнинг ўқувчиларга бўлган муносабатини салбий баҳолади. Сўров иштирокчилари уларнинг руҳий саломатлиги ва руҳий-ижтимоий фаровонлигини яхшилаши мумкин бўлган ҳимоя омилларини санаб ўтди. Улардан асосийлари — ижобий оилавий муносабатлар, сифатли дўстлик ва ижтимоий алоқалар, инклюзив ҳамда қўллаб-қувватловчи ўқитувчилар, ўқитувчилар ва ўқувчилар нисбати ва замонавий ўқитиш усуллари нуқтаи назаридан яхши мактаб шароитлари, шунингдек, дарсдан ташқари машғулотларда қатнашишдан иборат. |
|
Олмалиқлик волонтёрлар уйсиз итлар учун бошпанани сақлаб қолишга уринмоқда |
|
Ирода Маткаримованинг “Ҳаёт” бошпанасининг филиали қайта ташкил этилмоқда. Бир гектар майдонда 300 дан ортиқ итлар қолмоқда, улар кўчалардан ва қопқон хизмати томонидан қутқариб олиб келинган. Ушбу филиал фаолиятини 2020 йил бошлаган. Ўшанда Маткаримовага Олмалиқ шаҳрида яшовчи аҳоли қаровсиз итлар учун бошпана ташкил этишда ёрдам сўраган. “Ҳаёт” нодавлат нотижорат ташкилоти Олмалиқ шаҳар ҳокимлигига 2020 йил баҳорида бошпана учун ер ажратишни сўраб мурожаат қилган. Ўшанда ҳоким лавозимида ишлаб келган Усмон Раҳимов “Зарбулоқ” маҳалласи ҳудудидаги бошпанага яқин жойдан 1 гектар ер ажратган. Октябрь ойида шаҳарга Қобил Ҳамдамов раҳбар бўлиб келди ва аввалги ҳоким қарорини бекор қилди. Жамоатчилик норозилиги ҳоким ва волонтёрлар учрашувига сабаб бўлди. Унда Пискент туманидаги 1 гектар ерни 55 йилга фойдаланишга бериш бўйича келишувга эришилди. Бошпана қуриш ишлари 2021 йилнинг баҳорида бошланган эди. Бошпана филиал мақомини олди. Ирода Маткаримованинг айтишича, бу чорасизликдан қилинганди. Бу ерда итлар сони икки мингга етди. Нафақат Олмалиқдан, балки Оҳангарондан ҳам кучуклар келтирила бошланди. Бир ярим йил давомида филиал ҳудуди бетон панжара билан ўралди, қоровуллар учун дарвоза қурилди, ветеренария блоки жойлаштирилди. Ҳудуднинг бир томонидаги 25 та волъер (ҳайвон сақлаш учун атрофи ўралган майдонча)дан 9 таси тайёр қилинган. Уларнинг ҳар бирига 25-30 тагача кучуклар сиғади. Яқин келажакдаги муҳим вазифалардан бири бу – ветеренария блоки қурилишини якунлаш. Битиши билан волонтёрлар ветеренарларни таклиф қилиши мумкин. Унгача кучукларни кўрикдан ўтказиш, операция ишларини амалга оширишга жой йўқ. Ҳайвонлар ҳимоячилари ва волонтёрлар фикрича, давлат иштирокисиз бошпанасиз ҳайвонлар ва уларга нисбатан шавқатсизлик муаммоларини ҳал қилиб бўлмайди. Давлат қаровсиз ҳайвонларни тутиш, йўқ қилишга бюджет маблағларини ажратмоқда, лекин уларни сақлаш масаласи эътибордан четда қолмоқда. |
|
| Мўйноқдан Андижонгача “Яшил белбоғ” |
|
Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳасини ишлаб чиқувчилар Ўзбекистоннинг Мўйноқдан Андижонгача бўлган “Яшил белбоғи”ни яратиш концепциясини таклиф қилди. Унинг узунлиги 1 500 ким бўлиши мумкин. "Яшил белбоғ" — шаҳар атрофи ёки уларга туташ ҳудудларда дарахт ва буталардан иборат экозона. Улар, асосан, ўша ерларни урбанизация таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадиди ташкил этилади. |
|
Мактабларда ўзбек имо-ишора тили ва Брайл алифбосини ўрганиш курслари очилади |
|
2023 йил 1 январдан бошлаб ўрта таълим муассасаоари ва “Ишга марҳамат” моно марказларида, эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, ўзбек имо-ишора тили ва Брайл алифбосини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этилади. Кўриш, эшитиш ва нуқтида нуқсони бўлган шахслар, шунингдек, бундай болаларнинг ота-оналари учун таълим бепул бўлади. Бу Президентнинг 20 октябрдаги қарорида назарда тутилган. |
|
Маҳкумлар давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш имконига эга бўлади |
|
Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумларга давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш имкониятини яратмоқчи. Бунинг учун мавжуд ички қоидаларга тегишли ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда. Колониялар ҳудудидан алоҳида хона ажратилиб, уни веб-камера ва Интернет тармоғига улаш, компьютерлар билан жиҳозлаш режалаштирилган. Маҳкумлар электрон давлат хизматларидан, шу жумладан нотариал хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлади. Лойиҳа муҳокамаси 9 ноябргача давом этади. |
|
Ўзбекистон Афғонистондаги аэропортни тиклашга кўмаклашди |
|
Ўзбекистон Афғонистоннинг Мавлоно Жалолиддин Балхий номидаги Мозори Шариф халқаро аэропортини тиклашга техник кўмак кўрсатди. Шу муносабат билан 25 октябрь куни тантанали маросим ўтказилди. Ўзбекистонлик мутахассислар бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишда, яъни аэронавигация ва метеорология жиҳозларини таъмирлаш, учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш, шунингдек, аэропортнинг электр таъминотини тиклаш бўйича ишларни амалга оширди. |
|
Самарқандда жамоатчилик мониторинги ўтказилди |
|
Жорий йилнинг 17—18 октябрь кунлари Самарқанд вилоятида 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси бўйича жамоатчилик мониторинги амалга оширилди. Тадбирлар “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Мониторинг давомида Давлат дастурида кўзда тутилган репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, туманлараро перинатал марказларини ташкил этиш, ҳудудларда бирламчи тиббий хизматни жорий этиш, жумладан оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларини ташкил этиш бўйича шу кунга қадар бажарилган ишлар билан танишилди. |
|
Эрон дронлари Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилмайди – ТИВ |
|
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги украиналик журналист Дмитрий Гордон ва исроиллик тадбиркор Леонид Невзлиннинг суҳбатида айтилган Ўзбекистонда гўёки Украинага қарши урушда қўлланилаётган Эрон дронлари ишлаб чиқарилаётгани ҳақидаги гаплари юзасидан баёнот берди. “Ўзбекистон Республикаси Эрон ислом республикаси билан ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик қилмаслигини ва ўз ҳудудида эрон ҳарбий техникаларини ишлаб чиқармаслигини маълум қиламиз”, - дейилади баёнотда. Аввалроқ Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳам бу гап-сўзларни рад этиб, баёнот берганди. |
|
Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисидаги қонунни қайта ишлаш бўйича келишув комиссияси тузилади |
|
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 октябрда бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонунни қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Сентябрь ойида ушбу Қонун Сенат томонидан унинг айрим моддаларида ноаниқликлар борлиги, моддаларлан бири Солиқ кодексига мос келмаслиги ва 30 га яқин ҳавола нормалари мавжудлиги сабабли рад этилганди. Қуйи палатанинг баъзи депутатлари Сенат рад этган “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”га Қонунни бевосита Президентга юборишни таклиф қилди. Аммо муҳокамалардан сўнг 128 нафар депутатдан 121 нафари ҳужжатни охирига етказиш учун Сенат билан келишув комиссиясини тузишга овоз берди. |
|
Ўзбекистон COVID-19га қарши Johnson & Johnson вакцинасининг биринчи партиясини қабул қилиб олди |
|
Ўзбекистон COVAX тизими доирасида етказилган COVID-19га қарши 419 950 доза Johnson & Johnson вакцинасининг биринчи партиясини қабул қилиб олди. 2022 йил охиригача ушбу вакцинадан яна 1 000 800 доза етказилиши режалаштирилган. Бу Канада ҳукуматининг (471 600 доза) ҳамда COVAX жамғармаларининг (583 600 доза) ҳадиясидир. Бугунга қадар COVAX орқали ЮНИСЕФ Ўзбекистонга жами 21,4 млн доза вакцина етказиб берди. |
|
Венгрияда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси очилади |
|
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг 4 октябрь куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган музокараларида 15 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Шу билан бирга, Будапештда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонасини очиш бўйича келишувга эришилди. Ҳозирда Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси бир вақтнинг ўзида Австриядаги элчиси ҳамдир. Венгриянинг Тошкентдаги элчихонаси 2016 йилда очилган. |
|
Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти саммити бўлиб ўтади |
|
Туркий давлатлар ташкилотининг саммити 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ўтказилади. Бу 2021 йил ноябрда Туркий кенгаш ўрнида тузилган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити бўлади. Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизисстон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо бўлган (2019 йилдан бери). Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомида. |
|
Ўзбекистон туманларида маҳаллий бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда |
|
Ўзбекистоннинг 28 вилоятида ҳокимлар ваколатларини кенгайтирадиган маҳаллий бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда. Хусусан, ҳокимларга республика ижро ҳокимияти органларининг туман ва шаҳар бўлимлари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилаётган Президент қарори лойиҳасида кўзда тутилган. Қолаверса, ҳудуд хусусиятларидан келиб чиқиб, туман ёки шаҳар Кенгашларида 2-3 нафар депутатнинг доимий асосда ишлаши, улар маҳаллий бюджетдан маош олиши, шу сабабдан бошқа ҳақ тўланадиган жойларда, илмий ва педагогик фаолият бундан мустасно, ишлай олмаслиги тартибини киритиш режалаштирилмоқда. |
|
Германияда “Орол орзуси” платформаси ва “Шўрхок” фильми намойиш этилди |
|
Германиянинг Берлин шаҳрида “Орол орзуси” дастури тақдимот қилинди, унинг доирасида “Орол орзуси” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш, бунга хайрия ва донорлар маблағларини жалб қилиш, “Орол денгизи элчилари” тармоғини яратиш ва бошқа ташаббусларни амалга ошириш кўзда тутилган. Дастур Орол фожиаси ҳақида ҳикоя қилиш, халқаро ҳамжамият ва оммавий ахборот воситаларини, сиёсий арбоблар, жаҳон, маданий ва ижодий намоёндалар эътиборини жалб қилишга қаратилган. Шунингдек, Берлинда Оролбўйи муаммоларига бағишланган “Шўрхок” фильми премьераси бўлиб ўтди. |
|
Ўзбекистон ва БМТнинг терроризмга қарши курашиш бошқармаси ўртасида “Йўл харитаси” имзоланди |
|
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТнинг терроризмга қарши курашиш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков 18 октябрь куни Душанбеда ўтказилган анжуман доирасида “Йўл харитаси”ни имзолади. “Йўл харитаси”да қуйидагилар кўзда тутилган: Марказий Осиёда кибертерроризмга қарши курашиш бўйича виртуал тармоқ яратиш, репатриантларни реабилитация қилиш ва реинтеграциялашда маҳаллий ҳамжамиятлардан самарали фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш, мазкур масалаларда БМТнинг терроризмга қарши курашиш бошқармаси раислигида минтақавий экспертлар кенгашини тузиш ва бошқа тадбирлар. |
|
USAID Ўзбекистонда таълимни қўллаб-қувватлашга қўшимча 5,35 млн доллар ажратди |
|
АҚШ халқаро Тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги билан амалга ошираётган грант битими (DOAG) га ривожланиш мақсадларига эришиш учун қўшимча 5,35 млн доллар миқдорида маблағ ажратди. Қўшимча маблағ, шунингдек, USAID ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 8—11 синф ўқувчиларини “келажак иқтисодиётида иш ўринларини яратиш ва таъминлаш учун зарур бўладиган” тадбиркорлик, иқтисодий кўникмаларга ўқитиш бўйича ҳамкорликдаги ишларини қўллаб-қувватлайди. |
|
Шарль Мишель: “Биз Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлашда Ўзбекистон ролини юқори баҳолаймиз” |
|
Шарль Мишель, Европа кенгаши президенти: — Биз минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда Ўзбекистон, унинг Президенти ва ҳукуматнинг муҳим ролини юқори баҳолаймиз. Европа Иттифоқи барқарорлик ва фаровонлик йўлида шерик бўлишга, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга доимо тайёр. Европа Иттифоқи етказиб беришни диверсификация қилиш, ҳамкорлар доирасини кенгайтириш умидида. Шунинг учун кўплаб истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришимиз мумкин бўлган ишончли шериклар сифатида Ўзбекистон ва Марказий Осиёга таянамиз. |
|
Бейбут Атамқулов Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси бўлди |
|
Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб Бейбут Бакирович Атамқулов тайинланди. 1964 йилда туғилган элчи Қозоғистон политехника институтини, Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт ва молия университетини тамомлаган, иқтисод фанлари номзоди. Меҳнат фаолиятини Норилск кон-металлургия комбинати мис эритиш заводида бошлаган. 1991 йилдан 2006 йилга қадар хусусий секторда фаолият юритиб, саноат корхоналарини бошқарган. 2006—2012 йилларда Қозоғистоннинг Россия, Эрон, Малайзия, Индонезия, Бруней Даруссалам, Филиппинлаги дипломатик ваколатхоналарида ишлаган. 2018—2019 йилларда Бейбут Атамқулов Қозоғистон ташқи ишлар вазири, 2019 йил сентябридан 2022 йил январигача саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири бўлган. |
|
Ўзбекистон "Интернети эркин бўлмаган" мамлакатлар рўйхатига кирди |
|
Ўзбекистон Freedom House нодавлат ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан тузиладиган “Интернет эркинлиги” рейтингида 70 мамлакат орасидан 60-ўринни эгаллади. Ҳисобот 2021 йил 1 июндан 2022 йил 31 майгача олинган маълумотларга асосланади. Шунингдек, 31 майдан кейинги баъзи маълумотлар ҳам инобатга олинган. Рейтинг 3 та омилга таянади: Интернетга киришдаги тўсиқлар, контент чекловлари ва фойдаланувчилар ҳуқуқларининг бузилиши. Ўзбекистон 100 баллдан 27 балл тўплаб (аввалги рейтингда 28 балл эди), “эркин бўлмаган Интернет”га эга давлатлар қаторидан жой олди. Мамлакат Беларусь ва Эфиопия ўртасида. Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда Интернет тармоғи БАА, Судан, Венеция, Баҳрайнга қараганда нисбатан эркинроқ. Шу билан бирга, Freedom House интернет нархлари аҳоли даромадларига нисбатан пасайганини қайд этган. Ҳисоботда “нотехник” цензура ва онлайн-контентларнинг ўзини-ўзи цензура қилиниши ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган. Жумладан республикада оммабоп онлайн-нашрлар ҳисобланадиган Rost24, Kun.uz, Daryo.uz, Gazeta.uz ва бошқаларда материалларнинг олиб ташланиш ҳолатлари назарда тутилган. |
|
|
---|
Ўзбекистон ННТларининг муваффақият тарихи |
|
|
---|
Навбатдаги экоакцияда 400 туп дарахт кўчати экилди |
|
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг “Бир миллион дарахт” акцияси доирасида куз мавсумида жами 400 туп манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди. 200 туп манзарали дарахт кўчатлари Ҳаракат ходимлари ва волонтёрлар томонидан Тошкент халқаро таълим университети ҳудудига экилган бўлса, яна 200 туп бута кўчатлари Тошкент шаҳридаги Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда 15 та умумтаълим мактабларига ҳадия қилинди. Бу гал дарахт кўчатларини экишда илдизпояда намликни сақлашга ёрдам берадиган гидрогелдан фойдаланилди. Навбатдаги экологик акция Ўзбекистондаги Huawei компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Маълумот учун, 2019 йил октябрь ойида “Юксалиш” ҳаракати бутун республика бўйлаб “Бир миллион дарахт” акциясини ўтказиш ташаббуси билан чиққан эди. 2019—2022 йилларда ҳудудларда жами 3 млн 800 минг туп дарахт кўчатлари экилди. Бу, ўз ўрнида, ҳудудлар, ижтимоий соҳа объектлари, маҳаллаларнинг кўкаламзорлаштирилишига хизмат қилди. |
|
Экспертлар ва маҳаллий ҳокимлик вакиллари учун тренинглар ташкил этилди |
|
“Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббуси доирасида экспертлар ҳамда маҳаллий ҳокимлик вакиллари учун тренинглар ташкил этилди. Мақсад – маҳаллий бошқарув органларида ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, манфаатдор томонларнинг ваколатларини оширишга қаратилган самарали механизмларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш. Интерфаол шаклда ўтказилган тренинг иштирокчилари натижага йўналтирилган бошқарув концепцияси, муаммоларни таҳлил қилиш, шаҳар/туманни ривожлантиришни стратегик режалаштириш, бюджетлаштириш жараёни каби масалаларни кўриб чиқишди. Улар болалар ва ёшлар учун шароитларни яхшилашда мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этишга қаратилган ўйин-машқларни бажаришди. Тренинглар якунида Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиб, тақдимот қилинди. Маълумот учун, “Болалар ва ёшларга дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббуси “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Швейцария ҳамкорлик агентлиги молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Бунинг учун Ўзбекистоннинг 6 та шаҳар ҳудуди танлаб олинган. Булар: Асака (Андижон вилояти), Қўқон (Фарғона вилояти), Зарафшон (Навоий вилояти), Термиз (Сурхондарё вилояти), Янгибозор (Хоразм вилояти) ва Бўстон (Қорақалпоғистон Республикаси) шаҳарларидир. Ушбу шаҳарлардаги ҳокимлик органларига кўрсатиладиган кўмак, асосан болалар ва ёшларга оид муҳим қарорларни қабул қилишда уларнинг ўзларини жалб қилиш, дастурларни улар иштирокида режалаштиришга қаратилган. Якунда Ҳаракатлар режасида болалар ва ёшлар манфаатларини аниқ ифода этганига қараб 6 та шаҳардан 3 таси танлаб олинади, мақсадларни амалга ошириш учун уларга қўшимча маблағ берилади. Шунингдек, ушбу шаҳарлар “Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар” мақомига эга бўлади. Ташаббуснининг муваффақияти 2023 йил охиригача баҳоланади ва шундан келиб чиқиб уни бутун мамлакат бўйлаб татбиқ этиш режаси ишлаб чиқилади. |
|
“Sharq ayoli” — хотин-қизлар ва ННТларнинг новатор таклифлари элчиси |
|
Шу йил октябрда Ўзбекистондаги йирик жамоат бирлашмаларидан бири — "Sharq ayoli” халқаро аёллар жамоат фонди ташкил топганига 23 йил тўлди. Фонд фаолияти, ўтган давр мобайнида босиб ўтган йўли ҳақида унинг асосчиси Саодат Турсунбоева сўзлаб беради: — Фондимиз фаолият йўналиши турлича, айнан мана шу йўналиш деб айтиш қийин. У кўп қиррали: аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан тортиб, новаторлик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва IT-саноатни ривожлантиришгача. Иш кўлами ҳақида шуни айтоламанки, ташкилот билан бир вақтнинг ўзида 400 нафар волонтёр ва 27 нафар лойиҳа бошқарувчилари доимий асосда ишлайди. Бироз тарихга қайтамиз: “Шарқ аёли” халқаро аёллар жамоат фонди 1999 йил 26 октябрда фаолиятини бошлаган. У халқаро жамғарма мақомига эга аёлларнинг мустақил ташаббуси асосидаги биринчи ташкилот сифатида МДҲ мамлакатлари тарихига кирган. Вазифамиз инновациялар, маданият, таълим, халқ дипломатияси, халқаро муносабатлар соҳасидаги фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат. Фондни фуқаролик жамияти, инновацион компаниялар ва илмий-тадқиқот институти вакилларининг новатор таклифларини етказиб берувчи тажрибали “элчиси”, дейиш мумкин. Фонд аёллар ННТлари, АКТ, электрон тижорат, таълим лойиҳалари йўналишларида халқаро муҳокама майдонларида фаол иш олиб боради. У ахборот технологиялари саноати вакиллари, муҳандислар, шифокорлар, педагоглар, тижоратлаштириш ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш мутахассислари, молиячилар, ҳуқуқшунослар ва бошқа касб эгаларини бирлаштиради. Фондга кўплаб хотин-қизлар, олималар, ўзининг таклифлари, ташаббуслари билан мурожаат қилади. Уларга Фонд томонидан тижорат, давлат ва жамоат тузилмалари, халқаро грантлар, волонтёрларни жалб қилиш масалаларида ёрдам берилади. Бу билан “Шарқ аёли” халқаро жамоат фонди Ўзбекистон ННТларининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий тараққиётида иштирок этишига ҳисса қўшмоқда. Фонд даромадларининг бир қисми ижтимоий лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган шўъба корхоналарни ташкил этиш тажрибасига эга. Масалан, 2001 йилда телекоммуникация соҳасида лицензияланган хизматларни кўрсатувчи “Шарқ тараққиёти” интернет-провайдери рўйхатдан ўтказилди. 2009 йилда Фонд томонидан 2015 йилгача фаолият кўрсатган “Шарқ билим зиёси” ўқув маркази очилди. 2022 йилда Фонд ёрдами билан “Ўзбекистон электрон тижорат ва рақамли касблар академияси” нодавлат таълим муассасаси ташкил этилди. Фонд Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати қўмиталарининг экспертлар гуруҳи таркибига, Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ишбилармон аёллар кенгаши аъзолигига киради. Шунингдек, Бутунжаҳон тадбиркорликни ривожлантириш ассоциациясининг “Ишбилармон аёллар кенгаши” ҳамда Бутунжаҳон ихтирочи ва тадбиркор аёллар ассоциацияси аъзоси ҳамдир. 2020 йилда “Шарқ аёли” халқаро жамоат фонди “Гендер тенглиги фаоли” умуммиллий танловида ғолиблар қаторида бўлди ва гендер тенгликни таъминлаш бўйича энг фаол ННТ сифатида эътироф этилди. Жорий йилда Фонд Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон ННТлари ассоциацияси ташаббуси билан тузилган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг “Очиқлик индекси”да кучли 20 таликка кирди. |
|
|
---|
НАШР УСТИДА ИШЛАДИ: Элвина Мустафина, Муниса Алиева, Сухроб Тухтамишев, Людмила Стайшюнайте, Шамшод Юнусов САҲИФАЛОВЧИ ДИЗАЙНЕР: Жасур Олтинбоев |
|
|
---|
© Copyright 2021 • info@yumh.uz • Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Ш. Рашидов кўчаси, 16-уй |
|
|
---|
|
|