Ахборотнома - Август 2022

logo_uz
logo_uz_3
INL_Logo_1
Regional_Dialogue_Uzbekistan_logo_big

Ўзбекистонда демократия

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти ҳамда "Минтақавий мулоқот" (Regional Dialogue) халқаро нодавлат ташкилотининг ойлик бюллетени   

    Ахборотнома № 24                                                                                  2022 йил 5 август 

Мазкур электрон нашр АҚШ Давлат департаментининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти ва халқаро гиёҳванд моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш Бюроси (INL) кўмагида тайёрланди. Ахборотлар мазмуни учун муаллифлар жавобгар, INL ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини билдирмайди.

Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамалари якунланди

1

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси ва таклифларни қабул қилиш 1 август соат 00:00 да якунланди. Муҳокамалар 25 июндан бошланганди.

Аввалига муҳокамалар учун 10 кун ажратилганди, сўнг депутатлар таклифи билан муҳокамалар муддати узайтирилди.

Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари фуқаролардан келиб тушган таклифларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва қонун лойиҳасини такомилига етказиш борасидаги фаолиятини давом эттиради.

Конституциявий комиссия маълумотларига кўра, 30 июль ҳолатига кўра, умумхалқ муҳокамалар доирасида фуқаролар ва жамоатчилик томонидан 117 300 дан ортиқ таклифлар тақдим этилган (шундан 62 мингдан ортиғи қонун лойиҳаси эълон қилингунга қадар келиб тушган). Таклифларнинг аксарияти – 77,6 мингтаси телефон орқали қабул қилинган. meningkonstitutsiyam.uz сайти орқали 24,3 мингта таклиф киритилган. 14,5 мингта таклиф фуқароларнинг бевосита қабул орқали олинган. Жамоавий таклифлар сони 860 га яқин.


Сенаторлар учта Қонун ва Уй-жой кодексини рад этди

2_9c2ee7f5

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати 4 августда бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида учта Қонун ва Уй-жой кодексини маъқулламади.

Хусусан, Оила кодексига ўзгартишлар киритишни рад этди. Янги нормада никоҳ тузиш ФҲДЁ органларига ариза берганидан кейин бир ой ўтгач эмас, балки ариза берганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтганидан кейин амалга оширилиши назарда тутилганди.  Сенаторларнинг фикрича, амалдаги бир ой муддат ёшлар томонидан шошма-шошарлик билан никоҳдан ўтишга йўл қўймасликка, уларни оилавий ҳаётга тайёрлашга, мамлакатда ажрашишлар сонининг камайишига имкон бериши мумкин.  

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Дилорам Тошмуҳаммедова таъкидлашича, тиббий кўрикдан ўтиш оиланинг саломатлиги ва мустаҳкамлиги, бепуштлик, ирсий ва генетик касалликларнинг олдини олиш ва соғлом бола туғилиши нуқтаи назаридан муҳимдир. Афсуски, тиббий кўрикдан ўтмаслик ҳолатлари ҳам мавжуд.

2021 йилда 910 минг янги чақалоқ дунёга келган бўлса, шундан 170 минг нафари — асоратли туғруқ билан туғилган. Бу деярли 20 фоиз фарзандларимиз. Демак ҳар бешинчи бола асоратли туғиляпти”, - дейди сенатор.

Сенаторлар, шунингдек, ҳимоя ордери талабларини бузганлик учун жаримани бир неча баробарга кучайтиришни назарда тутувчи Қонунни  маъқулламади. Халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра, оиладаги зўравонлик содир этганликда айбланган шахсларга жарима солиш жабрланувчига тушадиган юк ҳисобланади ва шунинг учун бу ҳуқуқбузарлар учун номақбул жазо туридир.

Рад этилган учинчи Қонунда судлар фаолияти рақамлаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилганди. Муҳокама жараёнида Қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган қатор масалалар мавжудлиги айтилди. Жумладан, ишда иштирок этувчи шахсларни улар судга маълум қилган телефон рақамларига “SMS-хабар” ёки электрон манзилига электрон хабар орқали хабардор қилиш ва хабардор қилинганлик факти қайд этилиши тартибини ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этиш, унинг амалиётда самарадорлигини баҳолаш, суд ва адвокатура, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу тартибни тўлақонли қўллаш бўйича амалиёт йўлга қўйилмаган. Сенаторларга кўра, аҳолининг жорий этилаётган тизим бўйича фикрини ҳам ўрганиш зарур. Бу тизимни ҳуқуқий эксперимент тариқасида айрим ҳудудларда жорий этиш ва синовдан ўтказишни кўриб чиқиш кераклиги таъкидланди.

Ялпи мажлисда Уй-жой кодекси ҳам рад этилди. Таъкидланишича, Кодексда айрим нормаларни қўллаш механизмлари етарлича очиб берилмаган.

Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат уй-жой фондидаги турар жойларни юридик шахсларга белгиланган мақсадда фойдаланиш учун ижара шартномаси шартлари асосида бериш ваколатини амалга ошириш тартиби белгиланмаган. Бу эса ҳокимият ваколатларини суистеъмол қилиш ва бошқа коррупцион ҳолатларга шарт-шароитлар яратиб беради.

Кодексда белгиланган жисмоний ва юридик шахслар томонидан турар жойларни хусусийлаштириш йўллари яъни, якка тартибда қурувчиларнинг ширкатлари томонидан уй-жой қуриш ҳамда облигацияларини олиш йўлларини тартибга солувчи амалда бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги таъкидланди.


Илк бор Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза тақдим этилди

photo_2022-08-05_16-35-58

Сенатнинг 29-ялпи мажлисида илк бор Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза кенг муҳокама қилинди.

Мажлисда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов томонидан мамлакатда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Қайд этилганидек, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш мақсадида биргина 2021 йилда 4 та қонун, Президентнинг 9 та фармон ва қарори, 5 та идоравий ҳужжат ишлаб чиқилиб, қабул қилинди.

Бу борадаги давлат сиёсати изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш механизми жорий этилди (2021 йилда 18 нафар шахс мукофотланган). Барча давлат органлари томонидан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштириладиган ижтимоий аҳамиятга эга маълумотлар рўйхати тасдиқланди ва очиқлик рейтинги эълон қилиниб борилиши белгиланди. Давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида давлат органлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 18 турдаги маълумотнома ва ҳужжатлар талаб қилиш бекор қилинди. Ер участкаларини ҳокимларнинг қарорлари асосида тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиёти бекор қилинди, ер участкаларини фақат ким ошди савдоси орқали сотиш тартиби белгиланди. Тадбиркорлик соҳасида 132 та лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари ҳам бекор қилинди.

91 та давлат органи ва ташкилотида комплаенс-назорат қилувчи тузилмалар ташкил этилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартиби жорий этилди.

Муҳокамалар давомида сенаторлар ушбу соҳада амалга оширилган ислоҳотларга қарамасдан, коррупциявий ҳолатлар кўпайганлигини танқид қилди. Давлат харидлари соҳасида республика бўйича бюджет буюртмачилари томонидан 458 та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунлар талаблари бузилган.

Муҳокамалар давомида Сенат аъзолари томонидан Вазирлар Маҳкамаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва қатор вазирликларга коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятларини янада такомиллаштириш, давлат органлари ҳамда ташкилотлари ички назорат тузилмаларининг мустақиллигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, “очиқ, шаффоф ва ҳисобдор ҳудуд” ва “очиқ, шаффоф ва ҳисобдор вазирлик” лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар билдирилди.


Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат бекор қилинди

4_67c36779

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати 20 июль куни бўлиб ўтган қўшма мажлисда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон ҳудудида фавқулодда ҳолат тартибини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги фармонини маъқуллади. Шу куни парламент палаталарининг қўшма қарори кучга кирди.

Ҳужжатда “Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жамоат тартиби тикланганлигини ва кўрилган чоралар натижасида фуқароларнинг хавфсизлиги, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси таъминланганлиги” қайд этилган.


Парламент комиссияси Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганишни давом эттирмоқда

5_86c11b65

Қорақалпоғистон Республикасида июль ойи бошида юз берган воқеаларни ўрганиш ва улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича қўшма комиссия аъзолари иш фаолиятини давом эттирмоқда.

Комиссия Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг қўшма қарори билан тузилди. Унга омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилмоқда. У парламентнинг иккала палатасига Қорақалпоғистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласига доир мурожаат билан чиққанди.

Комиссия вазифаларига инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар ва ҳодисаларни чуқур ўрганиш, фаолияти доирасида амалга оширилаётган ишларни ҳужжатлаштириш, шу жумладан аудио-, фото- ва видео ёрдамида қайд этиш, ўрганиш натижалари бўйича якуний ахборот тайёрлаб, Олий Мажлис палаталарига тақдим этиш киради.

Комиссия таркибига 14 киши киритилди. Хусусан, Қорақалпоғистон вакиллари – Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат университети юридик факультети декани Елизавета Кутыбаева, Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси раиси Кенес Каримов ва Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги минтақавий вакили Женисбай Шлымбетов киритилди.

Таркибга, шунингдек, қатор ННТ вакиллари ҳам киритилди. Улар: Бобур Бекмуродов "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси, Бехзод Шарипов — “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти раиси, Аъзамжон Фармонов — “Ҳуқуқий таянч” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари, Гулноз Мамарасулова — Швециянинг “Маразий Осиё ассоциацияси” нодавлат нотижорат ташкилоти директори.


Нукус воқеаларига халқаро ҳамжамият муносабати

1—3 июль кунлари Нукусда содир бўлган тартибсизликлар ва бузғунчилик ҳаракатлари муносабати билан Қорақалпоғистон ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилди. Мақсад — фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишдир.

Марказий Осиё давлатлари, йирик давлатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон раҳбариятининг вазиятни барқарорлаштириш, ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйиш, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Улардан баъзиларининг муносабатлари ушбу #инфографикада келтирилган.

37

ТИВ: Қорақалпоғистонда Интернет тармоғи фейклар олдини олиш учун вақтинча ўчирилган

6_ad7c8fb5

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистонда юз берган воқеалар ортидан республика ҳудудида Интернет тармоғи чекланиши юзасидан баёнот берди.

 “2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитиги ва бирлигига путур етказишга уриниш юз берди. Конституциявий ислоҳотлар бўйича умумхалқ муҳокамасига киритилган таклифларга қарши норозилик баҳонасида бир гуруҳ тажовузкор шахслар томонидан давлаи ҳокимияти органлари биноларини зўравонлик, отишма ва куч ишлатиш орқали эгаллаб олишга ҳаракатлар бўлди. Душман кайфиятидаги кучлар популистик шиорларни ниқоб қилган ҳолда уяли алоқа ва Интернет орқали сохта хабарларни тарқатиб, фуқароларни аксилконституциявий фаолиятга оммавий равишда жалб қилишга уринишди. Бу Интернет алоқасини вақтинча чеклаш чораларини кўришга мажбур қилди”, дейилади баёнотда.

Вазирликка кўра, давлат органларининг жами 270 нафар ходими, шу жумладан ҳужумлар пайтида 107 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жароҳатланган.

Оммавий вайронагарчиликлар чоғида Жўқорғи Кенгес (парламент), Нукус шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларига ҳужум қилишга уринишлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини гаровга олиш ва уларнинг ўқотар қуролларини тортиб олиш, давлат, жамоат, шахсий мулкка ўт қўйиш, бузиш, шаҳар инфратузилмасига жиддий зарар етказишга уринишлар кузатилган.


Ҳарбий хизматчиларга қурол ишлатмаслик буюрилди

41_e368bc23

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Қорақалпоғистонда 2 июль кунги намойишлар вақтида одамлар томонидан тўхтатилган БТР махсус техникаси ичида бўлган ҳарбийларнинг интервьюсини эълон қилди.  Ҳарбийлар июль ойининг биринчи кунларида оммавий намойишлар бўлиб ўтган республикадаги вазиятни барқарорлаштиришга жалб этилганди.

Қурол ишлатиш мумкин эмаслиги бўйича буйруқ олгандик. Чунки у ёқда тинч аҳоли, оддий, содда халқ… Ҳамма ўзининг доимий жойига, ҳарбий қисмларига, постларига етиб бориши бўйича команда олдик. Шахсий таркибимга зудлик билан БТР техникасига ўтиришини тайинладим ва ҳаракатни бошладик. Асосий мақсадимиз ўша ерда қорақалпоқ халқини тинчлигини, осойишталигини сақлаш бўлганлиги сабабли шу вазиятда техникамиз билан халқни устига бостириб ҳайдамадик. Халққа қурол ишлатмадик. Уларни бирортасини жонига озор берганимиз йўқ”, — деди Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилувчи капитан Рустам Бобожонов.


Даулетмурат Тажимуратов айбланувчи, Лолагул Каллыханова гумонланувчи сифатида қамоққа олинди

8_4942716c

Бош прокуратура Қорақалпоғистонда содир этилган оммавий намойишлар юзасидан Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми (Ҳокимиятни босиб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов доирасида 14 нафар шахснинг ҳибсга олинганини маълум қилди.

Даулетмурат Тажимуратов ва Азамат Турдановларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилинди. Уларга нисбатан суднинг қарори билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Лолагул Қаллыханованинг ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига тажовуз қилиш жинояти аломатлари аниқланди. У жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланди.

Хабарда таъкидланишича, “тергов ҳаракатлари гумон қилинувчи ва айбланувчиларга ҳимоя ҳуқуқи тўла таъминланган ҳолда ўтказилмоқда, сақлаш жойларида қонунда назарда тутилган барча шароитлар таъминланган”.


Ташаббусли бюджет тартибига ўзгаришлар киритилди

40

Ўзбекистон молия вазирлиги 15 июлдан “Очиқ бюджет” порталида “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2-мавсуми бошланганини эълон қилди.

Фуқаролар томонидан илгари суриладиган лойиҳаларни молиялаштиришга республика бўйлаб қарийб 900 млрд сўм маблағлар йўналтирилиши кутилмоқда.

Эндиликда ташаббусли бюджет жараёнларининг ҳар бир босқичи 20 кундан – жами 60 кун давом этади (аввал 31, 10 ва 20 кун эди):

  • 1-босқичда таклифлар илгари сурилади – 15 июлдан 3 августгача
  • 2-босқичда лойиҳалар саралаб олинади – 4 августдан 23 августгача
  • 3-босқичда лойиҳаларга овоз берилади – 24 августдан 12 сентябргача

         Фуқаролар лойиҳаларини илгари суришда ўзлари яшайдиган вилоят (туман ёки шаҳар)дан ташқари маҳаллани танлаши ва лойиҳа номини киритишда олдиндан шакллантирилган ташаббуслар рўйхатидан танлаши керак. Киритилган ўзгариш барча ҳаракатларни (лойиҳа матнини ёзишдан ташқари) яхлит бажариш имконини беради.  

Фуқаролар  SMS ёки “Очиқ бюджет” порталидаги шахсий кабинети орқали овоз беришлари мумкин.


БМТ Ўзбекистон ташаббуси бўлган Марказий ва Жанубий Осиё бўйича махсус резолюцияни тасдиқлади

11_399e156e

БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан 40 та мамлакат ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюцияни бир овоздан маъқуллади.

Ушбу резолюцияни ишлаб чиқиш ва унда икки минтақа мулоқотининг умумий ёндашувлари, асосий принциплари ва йўналишларини мустаҳкамлаб қўйиш ташаббуси президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил июль ойида ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги Тошкент конференциясида илгари сурилган эди.

Ҳужжат ҳаммуаллифлари қаторида Озарбайжон, Арманистон, Ангола, Вьетнам, Вануату, Гана, Куба, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Кот-д'Ивуар, Қатар, Миср, Эрон, Непал, Малайзия, Мўғулистон, Марокаш, Покистон, Россия, Сенегал, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Шри-Ланка, Филиппин ва бошқалар бор.

Резолюцияда Вена декларацияси ва унинг 2014−2024 йилларга мўлжалланган денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун ҳаракат дастурини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, иқтисодий ўсишни тезлаштириш учун транспорт ва транзит коридорларининг аҳамияти ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар самарадорлигини ошириш ва уларнинг ноёб транспорт, транзит ва сармоявий салоҳиятини рўёбга чиқаришнинг муҳимлиги қайд этилган.

Ҳужжатда минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашда минтақавий ташкилотларнинг муҳим роли, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни ўрнатишда Афғонистоннинг роли, шунингдек, унинг иқтисодий ривожланиши ҳамда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашувининг аҳамияти эҳтироф этилди.


Ўзбекистонда ишсизлик даражаси

12_6c4aeeaa

2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,2 фоизни ташкил этди.

Бу 2021 йил (10,2 фоиз), 2020 ва 2019 йиллар (9,4 фоиз) ҳамда 2018 йил (9,7 фоиз)нинг шу даврига нисбатан паст. 2019 йил охирида ишсизлик даражаси 9 фоизни ташкил этганди, сўнг коронавирус пандемияси ва карантин чекловлари туфайли уларнинг сони кўпая бошлади.

Умуман, 1 апрель ҳолатига кўра, ишга муҳтож фуқаролар сони 1,4 миллион кишига етган. Ушбу кўрсаткич 16-30 ёшгача бўлганлар орасида — 14,9 фоиз, аёллар орасида — 12,8 фоиз ҳисобланади.

2022 йилнинг I чорак якуни бўйича республикада меҳнат ресурслари сони 19 миллион 400 минг нафарни ташкил этади.


Маҳаллаларда микромарказлар ташкил этилади

13_93a4e7ac

Ўзбекистон Президентининг 25 июлдаги қарори билан маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик йўналишларида микромарказлар ташкил этилмоқда.  

Ҳужжатга мувофиқ:

  • микромарказлар маҳаллалар ёки маҳаллаларнинг туташ ҳудудларида бўш турган давлат мулки объектлари негизида ёки қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер майдонида ташкил қилинади;
  • ҳар бир микромарказ майдони давлат мулки объектининг 150 квадрат метридан ёки ер участкасининг 0,1 гектаридан ошмаслиги лозим;
  • микромарказлар заруратга қараб ҳар бир маҳалла учун алоҳида ёки бир нечта маҳаллалар учун аҳолига қулай бўлган жойларда ташкил қилинади;
  • микромарказларни ташкил қилиш давлат мулки объектлари ва ер участкаларини белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион орқали тадбиркорларга ижара ҳуқуқи асосида бериш йўли билан амалга оширилади;

Микромарказлар фойдаланишга топширилган кундан бошлаб 3 йил муддатга ташкил этилган микромарказлар объектлари ва улар жойлашган ер участкалари бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғи учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.


Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш тизими ривожлантирилади

KKn2yv15181644112818_l

“Қорақалпоғистон Республикасида 2022–2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан соғлиқни сақлаш вазирининг Оролбўйи минтақасида тиббий хизмат бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Ўринбосар соҳага оид муаммоларни шаҳар ва туманларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда жойида ҳал этиб бориш учун тегишли чоралар кўрилишини таъминлайди.

2022 йил 1 июлдан лепрозорийларда ишлайдиган барча ходимларнинг лавозим маошига 50 фоиз миқдорида устама белгиланди.

Сурункали касаллиги ва ногиронлиги мавжуд бўлган болалар учун 120 ўринли Болалар тиббий реабилитация маркази, 80 ўринли Болалар фтизиатрия санаторийсини ташкил этиш кўзда тутилган.

2022 йил якунига қадар Қорақалпоғистонда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча 34 та маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш ва уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш белгиланган.


USAID 35 нафар одам савдоси қурбонларини Ўзбекистонга қайтаришга кўмаклашди

15_e6ec6854

2021 йилнинг октябрь ойидан буён одам савдоси қурбонларининг 35 нафари “Istiqlol Avlodi” ННТ ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан Ўзбекистонга қайтариб олиб келинди.

Одам савдосидан жабрланганларнинг барчасига тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари кўрсатилди. Ўзбекистон фуқаролари мажбурий меҳнат ва жинсий эксплуатация қилиш учун хорижий давлатларга, жумладан, Россия ва Қозоғистонга олиб кетилган.

Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам одам савдоси қурбонларини аниқлаш учун USAID Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича Миллий комиссия ва маҳаллий ҳамкорлар, жумладан, комиссия аъзоси бўлган “Istiqlol Avlodi” ННТ билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Яқинда USAID кўмагида Жиззах шаҳрида одам савдоси қурбонларини аниқлашга кўмаклашиш мақсадида Мигрантлар учун ахборот ресурс маркази очилди. Марказ меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзоларига маслаҳат ва керакли маълумотлар беради.

USAID`нинг “Марказий Осиёда хавфсиз миграция” лойиҳаси доирасида биз меҳнат муҳожирлари ва хавф остида бўлган шахсларнинг қонуний ишга жойлашиш йўллари, шунингдек, чет давлатлардаги мигрантларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида хабардорлигини ошириш устида ишлаяпмиз”, — деди “Istiqlol Avlodi” раҳбари Назифа Камолова.


Жаҳон банки Ўзбекистонда ўрмонларни тиклаш лойиҳасини молиялаштиради

16_4b3d4a4f

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга 142 млн долларлик имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Ушбу маблағлар мамлакатнинг турли ҳудудларида ландшафтлар барқарорлигини ошириш ва ўрмонларни қайта тиклашга, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро табиий зоналарни тиклаш ҳамкорлигини ривожлантирувчи лойиҳани молиялаштиришга йўналтирилади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси лойиҳа доирасида:

  • Ўзбекистонда ўрмон плантациялари бўйича биринчи ягона маълумотлар базасини, шунингдек, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ахборот-коммуникация платформасини яратишга кўмаклашади;
  • деградацияга учраган ерларни тиклаш мақсадида ҳамда дарахтлардан кенг фойдаланган ҳолда тадбирларни амалга оширади;
  • табиий ресурслардан самаралироқ фойдаланадиган кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш учун фермерларга молиявий ва ўқув хизматларини кўрсатади;
  • муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва ўрмон қўриқхоналарини янада самарали бошқаришга, шунингдек, улар негизида барқарор экотуризмни ривожлантиришга кўмаклашади.

Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган янги лойиҳа ҳукуматга 2020 йил октябрь ойида қабул қилинган 2030 йилгача Ўзбекистон ўрмон хўжалиги тизимини ривожлантириш концепцияси қоидаларини амалга оширишда ёрдам беради”, – дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

Долзарб мавзулар

Ўзбекистонда қатор ижтимоий тармоқларга қўйилган чекловлар олиб ташланди

17

Ўзбекистонда 1 августдан Twitter, “ВКонтакте” ижтимоий тармоқларига ва WeChat мессенжерига қўйилган чекловлар олиб ташланди.

“Ўзкомназорат” давлат инспекцияси ўтган йилнинг ёзида  Twitter, TikTok, “ВКонтакте” ижтимоий тармоқларини ҳамда WeChat ва Skype мессенжерларини "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги қонун бузилгани учун блоклаб қўйган эди.  Қонунга кўра, хорижий компаниялар Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари қайта ишланадиган серверларини мамлакат ичкарисида жойлаштиришлари керак.

Чеклов олиб ташланган юқоридаги ижтимоий тармоқлар қонун бузувчилар реестридан чиқариб ташланди.  Ҳукумат бу билан қонун талабалари бажарилган ёки бажарилмаганини ҳали маълум қилмади.


Абдулазиз Комилов: Муносабатлар яхшиланиши Афғонистон ҳукуматини тан олишга йўл очади

38

Ўзбекистон президентининг махсус вакили Абдулазиз Комилов  Афғонистон ҳукуматини яқин келажакда тан олиш масаласи ҳозир кун тартибида йўқлигини, бироқ у “Толибон” ҳаракати ва жаҳон ҳамжамиятининг умумий тил топишишга ҳаракат қилаётгани ижобий тенденция эканлигини таъкидлади.

Менимча, бу тенденция, биринчи навбатда, ҳукумат билан муносабатларни нормаллаштириш нуқтаи назаридан ижобий. Яъни муносабатларнинг нормаллашуви кейинчалик тан олинишга йўл очади”, — деди А.Комилов.


Тошкентда аёллар учун IT-клуб ташкил этилди

19_1c4afc24

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан ва IT Парк ҳамкорлигида "GAP" деб номланган IT соҳасидаги аёллар клуби ишга туширилди.

Клубнинг асосий мақсади – хотин-қизларни IT-соҳасига жалб қилиш ҳамда уларнинг соҳага бўлган қизиқишини янада ошириш, юқори маошли иш топиш имконини беришдан иборат.

Эндиликда клуб аъзолари ҳар ой расмий ва норасмий қисмларни ўз ичига олган тадбирларни ўтказади.


Ногиронлиги бўлган ёшларга субсидия ажратишга аризалар қабули бошланди

20_f6e69a2f

Ўзбекистонда йилига 500 нафар ногиронлиги бўлган ёшларга давлат томонидан субсидия (БҲМнинг 50 бараваригача) ажратилади. Имтиёздан фойдаланиш учун 1 августдан my.gov.uz орқали маcофадан рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди.

Ёшлар аризаларни:

  • ўқиш харажати учун субсидия ажратишга
  • асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратишга
  • ўқиш даврида яшаш ва транспорт харажатлари учун субсидия ажратиш учун юбориши мумкин.

Ўзбекистон ва Исроил меҳнат миграцияси бўйича битим имзолади

21_39a8b1db

25−27 июль кунлари меҳнат миграцияси масалалари бўйича Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Исроилда ишчи ташриф билан бўлди.

Ташриф давомида икки давлат ҳукуматлари ўртасида ўзбекистонлик ишчиларни Исроил меҳнат бозоридаги махсус секторларда вақтинчалик иш билан таъминлаш тўғрисидаги битим ва ушбу битимни амалга ошириш баённомаси имзоланди.

Ҳужжатлар ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган ва Ўзбекистон фуқароларини Исроилда ташкилий, хавфсиз ва қонуний меҳнат олиб боришлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.


АҚШ Ўзбекистонни санкцияга тушган товарларни потенциал етказиб берувчилар рўйхатига киритди

22

АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа қатор давлатларни Россия ва Беларусга санкциялар билан чекланган товарлар етказиб берилиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатига киритди.

Аввалроқ, АҚШ Давлат департаменти Россия корхоналарига қарши санкциялар режимини бузгани учун Ўзбекистоннинг “Promcomplektlogistic” компаниясига нисбатан чекловларни жорий қилганди. У бошқа компаниялар қаторида “Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлаш”да гумон қилиниб, “қора рўйхат”га киритилган.


Ҳукуматнинг 300 дан ортиқ қарори бекор қилинди

14

Қонунчилик базасини янада тизимлаштириш чора-тадбирларига оид Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарор билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни “тартибга солувчи гильотина” усули орқали тизимлаштириш натижасида 422 та Ҳукумат қарори ўз кучини йўқотди. Ўз кучини йўқотган ҳужжатларнинг (1991—2022 йилларда қабул қилинган) 90 фоизи, яъни 331 таси яхлит қарорлар, 10 фоизи, яъни 91 таси эса ҳужжатларнинг айрим бандларидир.

Мазкур ҳужжатларнинг бекор қилинишига бир хил нормалар мавжудлиги ёки нормаларнинг зид келиб қолгани, ўз долзарблигини йўқотгани, қарорларда белгиланган бир марталик, вақтинчалик бажарилиши лозим бўлган топшириқлар ижроси таъминлангани асос бўлган.

2021 йилнинг февраль ойида 1887 та Ҳукумат қарори ўз кучини йўқотган деб топилди, 2020 йилда 500 та ҳужжат бекор қилинди.


Россияда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 19 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди

10_56663f31

Ўзбекистон фуқаролари – ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, қаровсиз, назоратсиз қолиб кетган ва ёрдамга муҳтож бўлган 19 нафар бола 25 июль куни олиб келинди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва ИИВнинг тегишли фармойишига асосан ишчи гуруҳ тузилиб, ички ишлар органлари, ССВ, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ходимлари ҳамкорлигида ўзга юртда қаровсиз, назоратсиз қолиб, ёрдамга муҳтож вояга етмаган болаларни ватанга олиб келиш чоралари кўрилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Россиянинг турли шаҳарларида болалар қаерда сақланаётгани, уларнинг саломатлиги қай аҳволда эканини аниқлаб, керакли ҳужжатларни тўплади. Сафар давомида қабул қилиб олинган болаларнинг ҳар бири ССВ ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.

Болалар дастлаб Москва шаҳри Aлтуфьев туманидаги Вояга етмаганларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш марказига етказилди, сўнг  Ватанга қайтарилди.

Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари чет элда қонуний вакиллари ҳамроҳлигисиз турган болаларнинг — Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳисобини юритади ва уларнинг қайтарилиши бўйича чоралар кўради. Болаларни қайтариш масалалари Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари асосида ҳал қилинади.


Бўлажак тадбирлар

Ноябрда Самарқанд шаҳри нуфузли конференцияга мезбонлик қилади

34

17-18 ноябрь кунлари Самарқандда “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” барқарор ўзаро боғлиқлик масаласига бағишланган халқаро конференция ва вазирлар даражасидаги учрашув ўтказилиши режалаштирилган.

Унда Марказий Осиёнинг беш давлати ташқи ишлар вазирлари ҳамда Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили – Европа комиссияси раиси ўринбосари Жозеп Боррел ва халқаро ҳамкорлик бўйича ЕИ комиссари Ютта Урпилайнен иштирок этади.

Самарқанд конференцияси 2021 йил 1 декабрда қабул қилинган ЕИнинг “Глобал дарвоза” номли янги стратегияси доирасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича ташкил этиладиган биринчи минтақавий конференция ҳисобланади. Форум ЕИнинг 2019 йилда қабул қилинган Марказий Осиё бўйича стратегиясида келтирилган барқарорлик, тараққиёт ва минтақавий ҳамкорлик мақсадларини ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашувчи умумий концепция бўйича ички-ташқи минтақалараро мулоқот учун ўзига хос платформа бўлиб хизмат қилади.


Янги тайинловлар

Жонатан Ҳеник АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тасдиқланди

23

АҚШ Сенати қўмитаси АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига Жонатан Ҳеник номзодини тасдиқлади. Тегишли қарор Сенатнинг халқаро алоқалар қўмитасида сайтида эълон қилинди

2019 йилдан шу вақтгача мазкур лавозимда фаолият юритган Дэниел Розенблюм эса мамлакатнинг Қозоғистондаги элчиси бўлди.

Жонатан Ҳеник — АҚШ дипломатик хизматининг маслаҳатчи-элчи мақомига эга юқори лавозимли амалдор ҳисобланади. Ўтган йилдан бери у Миллий мудофаа университети қошидаги Ахборот ва кибермакон коллежида АҚШ Давлат департаменти кафедраси мудири лавозимида ишлаб келмоқда.


Сардор Умурзоқов энди Президент Администрациясини бошқаради

24_3933af61

Президент фармони билан Сардор Умрзоқов Президент администрацияси раҳбари этиб тайинланди. У 2019 йил январдан буён инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимида ишлаб келаётганди. 2020 йил мартдан бошлаб Қонунчилик палатаси томонидан Бош вазир ўринбосари лавозимига тасдиқланган.

С.Умрзоқов (1977 йилда туғилган) Тошкент давлат иқтисодиёт университети (бакалавр) ва Рэдинг университетини (Буюк Британия, магистратура) тамомлаган. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга.

Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки тизимида, Европа тикланиш ва тараққиёт банкида (Лондон шаҳри) ишлаган.


Комил Алламжонов Президент Администрацияси раҳбарига ўринбосар бўлди

25_2a2f171e

Президент фармони билан Комил Алламжонов Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Янги ташкил этилган ушбу лавозимда у жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсатига масъул бўлади.

К.Алламжонов (1984 йилда туғилган) Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти (2006) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети (2010) битирувчиси. 2020 йил январь ойидан буён у Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди васийлик кенгаши раиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Унгача эса 2019 йил февралидан Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори лавозимида ишлаган.


Жамшид Хўжаев Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига тасдиқланди

27

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 16 июль куни Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига Жамшид Хўжаев номзодини кўриб чиқди ва тасдиқлади. Унинг номзоди ушбу лавозимга тасдиқлангани ҳақида Президентнинг тегишли фармони имзоланди.

Ж.Хўжаев (1979 йилда туғилган) 2000 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (2000), Буюк Британиядаги Бирмингем университетини (2003) тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида Марказий банк, Миллий банк, Ҳисоб палатасида ишлаган.

2017 йил ноябрда ташқи савдо вазири этиб, 2019 йил январда қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланганди.


Қорақалпоғистонда янги тайинловлар

photo_2022-08-05_12-13-13

Қорақалпоғистон Республикасида қатор янги тайинловлар амалга оширилди:

  • Эркабай Аминович Тажиев прокурор этиб тайинланди. У 2016—2017 йилларда Қорақалпоғистон, сўнгги вақтларда Қашқадарё вилояти прокурори эди.
  • Полковник Бахтияр Исмандиярович Торебеков ички ишлар вазири этиб тайинланди. У бунга қадар Қорақалпоғистоннинг Қўнғироқт тумани ички ишлар бўлими бошлиғи эди.
  • Аманбай Орынбаев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар Қорақалпоғистон ички ишлар вазири эди.

Ўзбекистон ва рейтинглар

Ўзбекистон “Тинчликсевар глобал индекси”да юқорилади

26

Ўзбекистон Global Peace Index 2022 — "Тинчликсеварлик глобал индекси"да 7 поғонага юқорилаб, 163 давлат орасида 86-ўринни эгаллади.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон “Россия ва Евроосиё” гуруҳида 1,5 фоизга ўсиб, энг катта яхшиланишни кўрсатган.

Қўшни мамлакатлар орасида Қозоғистон 97-ўриндан (-29), Қирғизистон 91-ўриндан (-21), Тожикистон 92-ўриндан (+6), Туркманистон 104-ўриндан (+5) жой олди.


Ўзбекистон мобил интернет нархи бўйича жаҳон рейтингида кўтарилди

28

Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида мобил интернет арзонлиги бўйича 15-ўринни эгаллади.

Ушбу маълумотлар Буюк Британиянинг “Cable” порталида эълон қиладиган рейтингда келтирилди. Унда таҳлилчилар 233 та мамлакатда 1 Гб мобил интернетнинг нархини таҳлил қилган. Хусусан, Ўзбекистон 2021 йилдаги кўрсаткич – 21-ўриндан 15-ўринга юқорилаган. Қайд этилишича мамлакатда 1 ГБ мобил интернетнинг юқори нархи $2,73, ўртача нархи $0,37 ва энг арзон нарх $0,13 ташкил қилган.

Қўшни давлатлардан Қозоғистон 16-ўрин — $0,23, Туркманистон 227-ўрин — $7,14 ва Тожикистон 131-ўрин — $0,94.


Ўзбекистон ННТларининг муваффақият тарихи


Корея Республикаси экспертлари билан ҳамкорликда ННТ мактаби ташкил этилди

33_3010a085

1—5 август кунлари Тошкент вилоятида ННТ мактаби доирасида навбатдаги интенсив курс ўтказилди.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан танлаб олинган нодавлат нотижорат ташкилотларининг 20 нафар вакили беш кун давомида ташкилий ривожланиш, ижтимоий шериклик асослари бўйича салоҳиятни ошириш, маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тажриба алмашиш, Корея Республикаси ННТлари билан биргаликда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш имкониятига эга бўлди.

ННТ мактабининг жорий ўқув курсида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатига Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлик қилди. Бу жорий йилнинг 21 июнь куни имзоланган ўзаро ҳамкорлик Меморандумида кўзда тутилган. Ҳужжат билан, хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш, фуқароларни ижтимоий инновациялар ва бошқа соҳалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Тренингларни Жанубий Кореянинг фуқаролик жамияти соҳаси экспертлари: "Global Civic Sharing" ижрочи директори Хёнжу Чо ва Корея ноҳукумат ташкилотлари кенгашининг ривожланиш мақсадида халқаро ҳамкорлик бўйича сиёсий маркази директори Жеюн Шин ўтказди.

Маълумот учун: 2020—2022 йиллар давомида ННТ мактаби лойиҳаси 5 марта ўтказилди. Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан юзга яқин ННТ вакиллари қамраб олинди. Улар ташкилий ривожланиш, лойиҳалар ёзиш ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш асослари бўйича ўз билим ва кўникмаларини оширди.


Грант лойиҳаси доирасида 25 нафар хотин-қиз иш билан таъминланади

31_9578b149

“Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш – тинч ва фаровон ҳаёт гарови” лойиҳаси доирасида 25 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ўрганмоқда. Лойиҳа Жиззахдаги “Аёллар маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ЎзННТМА ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. 

“Зилол” шаҳар маҳалласи ҳудудида жойлашган ўқув марказида ўтказилаётган ўқув дарсларга “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарига киритилган хотин-қизлар қамраб олинган.

Грант маблағлари ҳисобидан тикувчилик курсларини ташкил этиш учун шароит яратилди, хомашё ва асбоб-ускуналар харид қилинди. “Ишга марҳамат” мономаркази билан имзоланган меморандум асосида у ерда касбий тикувчилик курсларини тамомлаган қизлар ва аёллар “Аёллар маркази” ННТ негизида амалиёт ўтаб, маҳалла аҳолисига ҳунармандчилик асосларини ўргатмоқда.

Ташаббускорларнинг қайд этишича, лойиҳа натижасида тикувчилик курсларини муваффақиятли тамомлаган 25 нафар хотин-қиз доимий иш жойига, барқарор даромадга эга бўлади.


71 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди

32_958ae1b7

Наманган вилояти Косонсой тумани “Истиқлол” маҳалласида “Барчамиз инсон қадри ва ижтимоий турмуш тарзи учун маъсулдирмиз!” лойиҳаси натижалари тақдимот қилинди. Лойиҳа “Ижтимоий ҳимоя” жамияти томонидан ЎзННТМА ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида нодавлат нотижорат ташкилоти Қирғизистон билан чегарадош “Истиқлол” маҳалласига аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 700 метрлик қувур ётқизиш ташаббуси билан чиқди.

Лойиҳа амалга оширилгунга қадар ҳар бир оила ҳар ҳафта камида 100 минг сўмдан (тахминан 10 доллар) сув сотиб олишга ва 2-3 км масофага сув ташишга мажбур эди. Қиш ва баҳорда кучли ёғингарчилик бўлганда, аҳвол қийинлашарди ва муаммо янада катталашарди.

“Ижтимоий ҳимоя” жамиятига лойиҳани амалга оширишда “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси ва аҳолининг ўзи фаол ёрдам бериб, ер ва қурилиш-монтаж ишларида бевосита иштирок этди. Саъй-ҳаракатлар ўз самарасини берди. Ҳозирда маҳалладаги 71 та хонадон ичимлик сувига эга бўлди. 

© Copyright 2021 • info@yumh.uz • Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Ш.  Рашидов кўчаси, 16-уй

You received this email as you are on the mailing list of the Nationwide Movement "Yuksalish" (Uzbekistan). 

If you are not willing to receive the newsletter, please Unsubscribe

Отправлено через

SendPulse