Ахборотнома - январь 2022

logo_uz
logo_uz_3
INL_Logo_1
Regional_Dialogue_Uzbekistan_logo_big

Ўзбекистонда демократия

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти ҳамда "Минтақавий мулоқот" (Regional Dialogue) халқаро нодавлат ташкилотининг ойлик бюллетени

     Ахборотнома № 18                                                                                 2022 йил 5 февраль  

Мазкур электрон нашр АҚШ Давлат департаментининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти ва халқаро гиёҳванд моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш Бюроси (INL) кўмагида тайёрланди. Ахборотлар мазмуни учун муаллифлар жавобгар, INL ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини билдирмайди.

2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди

ban

Президент 28 январь куни “2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида"ги фармонни имзолади. Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси;
  • Стратегияни "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури;
  • 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича республика комиссияси ҳамда унинг ишчи гуруҳи таркиблари.

Стратегияни "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида давлат иштирокидаги 14 та фаолият тури бўйича монополиялар тугатилиши, Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш амалиёти жорий қилиниши, мактабларда 141 мингта янги ўқув ўринлари яратилиши, ҳудудларда “бир қадам” тамойили асосида 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника ташкил этилиши кўзда тутилган. Янада батафсил бизнинг инфографикада танишиш мумкин.

Бундан ташқари, 2022 йилги Давлат дастури доирасида "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи ташкил этилади. Гуруҳ Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурларида белгиланган мақсадларга эришилганлик даражаси бўйича йиллик муқобил ҳисоботлар тайёрлайди.

Тараққиёт стратегияси беш босқичда амалга оширилади, уларнинг ҳар бири аниқ мақсадлардан иборат. Ҳаммаси бўлиб 7 та устувор йўналиш ва 100 та мақсад мавжуд. Давлат дастурини 2022 йилда амалга ошириш учун 55 трлн сўм ва 11,7 млрд АҚШ доллари ажратилади.


Ўзбекистонда Helvetas Swiss Intercooperation филиали рўйхатдан ўтказилди

MNELPU16430291393620_b

Адлия вазирлиги 24 январь куни Швейцариянинг Helvetas Swiss Intercooperation мустақил ташкилотининг Ўзбекистондаги филиалини рўйхатдан ўтказди.

Ташкилот 1955 йилда ривожланаётган мамлакатларга ёрдам бериш учун очилган. Айни пайтда 32 та мамлакатда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами шароитлари ва турмуш сифатини яхшилашга кўмаклашишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Helvetas Swiss Intercooperation таълим тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда профессионал таълим тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини 2021—2025 йиллар давомида амалга оширишни режалаштирган. Мазкур лойиҳа буджети 4,8 млн франк (5,26 млн доллар)ни ташкил этади.


2023 йилга қадар Экологик кодекс ишлаб чиқилади

1_58279b51

Давлат экология қўмитаси 1 декабргача жамоатчилик, илмий-тадқиқот институтлари ва ОАВ вакилларини жалб этган ҳолда Экологик кодекс лойиҳасини ишлаб чиқади. Бу Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қарорида кўзда тутилган.

Экологик кодекс, хусусан, қуйидагиларни назарда тутиши лозим:

  • экологияга оид қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ва ихчамлаштириш;
  • атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик назоратининг роли ва таъсирини ошириш;
  • биохилма-хилликни асраш, тиклаш ва кўпайтиришнинг аниқ механизмлари ва рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
  • атроф-муҳитни муҳофаза қилишда давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • экологик назорат ва мониторинг турларини амалга ошириш тартиби, шу жумладан, “яшил иқтисодиётни” рағбатлантириш чоралари;
  • экологик экспертизани амалга ошириш тартиби.

Нукусда “Дўстлик ва ННТлар уйи” очилди

11_312ff365

Қорақалпоғистонда “Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи” очилди. Бинода 40 дан ортиқ ННТ ва 5 та миллий маданият марказлари жойлашган. Таъмирлаш ва фойдаланиш учун барча маъмурий харажатлар Жўқорғи Кенгес ҳузуридаги жамоат фонди, маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланади.

“Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”ни ташкил этиш давлат раҳбарининг 2018 йил 4 майдаги қарорида кўзда тутилган. Бугунги кунда мамлакат бўйлаб 10 та шундай уй бор. Янги ташкил этилган, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга ҳудудларда фаолият юритувчи ННТлар ушбу биноларда ижара ҳақининг “ноль” ставкасидан фойдаланган ҳолда жойлашади.

Тошкент шаҳри, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидаги “Дўстлик ва ННТ уйлари”да қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда.


Давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича рейтинг жорий қилинади

3

1 февралдан бошлаб ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 26 та давлат ташкилоти ва органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг тизими эксперимент тариқасида жорий қилинади. Бу Ўзбекистон Президентининг 12 январдаги қарорида белгиланган.

Рейтинг баҳолаш 5 та йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилади:

  1. Давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ва амалиётга татбиқ этилганлиги;
  2. Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
  3. Давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;
  4. Ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
  5. Коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.

Рўйхатдан 11 та вазирлик, 4 та давлат қўмитаси, 7 та агентлик ва 4 та ҳокимлик, шу жумладан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Бўка тумани ҳокимликлари ўрин олди.

2022 йил 1 июлдан ушбу рейтинг баҳолаш тизими барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий қилинади. Рейтинг баҳолашни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги “E-Anticor.uz” электрон платформаси орқали амалга оширади.


Имтиёзли тоифадаги барча шахслар компенсация тўловини олади

4

1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига ойлик компенсация пул тўловлари, уни олиш ҳуқуқига эга бўлган барча имтиёзли тоифадаги шахсларга, ушбу шахсларнинг пенсия (ижтимоий нафақа) олиши ёки олмаслиги ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бориши ёки олиб бормаслигидан қатъи назар тўлаб борилади. Бу Президентнинг 28 январдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳимояга муҳтож тоифаларни моддий қўллаб-қувватлаш тизимни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.

Шунингдек, ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга ҳам компенсация тўлови жорий этилади. Бунда, ҳар ойлик компенсация тўлови – пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида тўланади.

Бундан ташқари, ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда – пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.

Қўшимча тўлов пенсия ва нафақа тайинланган ташкилот орқали республика бюджети ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. 


ННТларнинг Очиқлик индекси эълон қилинди

5

Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси 2021 йил якуни бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларининг “Очиқлик индекси”ни эълон қилди. Очиқлик индексини жорий қилиш Президентнинг 2021 йил 4 мартдаги “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони белгиланган.

Ушбу мақсадлар учун нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлик даражасини баҳолаш методикаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Методика асосида 100 дан ортиқ республика нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти баҳоланди.

Энг шаффоф 10 та ННТ рўйхати:

  1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди
  2. Ўзбекистон—Япония маркази
  3. “Заковат” интеллектуал клуби ННТ
  4. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати
  5. “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси
  6. Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти
  7. “Шарқ аёли” халқаро аёллар жамғармаси
  8. Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази
  9. Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази
  10. Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази

Тошкентда Инсон қадри индекси жорий этилади

6

Тошкент шаҳрида аҳолининг ҳаёт сифати, саводхонлик даражаси ва умри давомийлигини қиёсий баҳолайдиган кўрсаткич — Инсон қадри индекси жорий этилади. Шаҳар ҳокимлигида очилган Ситуацион марказ аҳоли ҳаёт даражасини маҳаллалар кесимида ўрганади.

Индексни жорий этиш учун Чилонзор, Учтепа, Сергели ва Юнусобод туманларидан биттадан маҳалла танлаб олиниб, аҳоли ўртасида 56 хил масала бўйича сўровнома ўтказилган. Бу орқали маҳаллада қайси соҳа оқсаётгани, одамларда нималарга талаб борлиги аниқланган.

31 январь куни давлат раҳбарига қилинган тақдимотда шундай таҳлилни синов тариқасида пойтахт маҳаллалари кесимида йўлга қўйиш, унинг натижаларига қараб, муайян ҳудудга эътиборни кучайтириш таклифи билдирилди. Президент индекс лойиҳасини мутахассислар билан муҳокама қилиб, ҳар томонлама такомиллаштириш, сектор раҳбарларига бу тизимни ўргатиш бўйича тавсиялар берди. Бу уларнинг ўз иш услубини ўзгартиришга ундашини таъкидлади.


Манфаатлар тўқнашуви тасдиқланди

7

Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш агентлиги Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдуҳолиқов ҳамда  “Sevimli” телеканали раҳбарияти ўртасида шартномалар тузилишида ва давлат субсидияси маблағларининг тақсимланишида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги ва аффилланганлик ҳолатлари бўйича ўрганиш натижаларини маълум қилди.

Кинематография агентлиги директори ва бир вақтнинг ўзида субсидия маблағларини тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатига эга Бадиий кенгаш раиси – Ф.Абдуҳолиқов субсидия маблағларининг тақсимланиши ва контрагентни танлаш жараёнида яқин қариндошлари бенефициар бўлган (таъсисчилари: Ф. Шарапова —  турмуш ўртоғи 70%, А.Рашидова — қизи 20%, А.Абдухаликов — ўғли 10%) “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ билан манфаатлар тўқнашуви ҳолати тасдиқланди.

Масалан, 2021 йилнинг ўзида Кинематография агентлиги томонидан берилган давлат буюртмалари асосида “Sevimli” телеканали иштирокида “Орзулар палатаси” ва “Тузоқ” сериаллари суратга олинган. 22 февраль куни Кинематография агентлиги, “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ ҳамда "MY-FILMS" МЧЖ ўртасида “Орзулар палатаси” миллий сериалини суратга олиш мақсадида қиймати 3,0 млрд сўмлик шартнома имзоланиб, Кинематография агентлиги томонидан 1,5 млрд сўм пул маблағлари “MY-FILMS" МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.

Ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага юборилган.


Ўзбекистондаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси бўлади

8

Президентнинг 19 январдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистоннинг ҳар бир маҳалласида ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади.

Ёшлар етакчиси маҳаллаларда жамоат тадбирларини, интеллектуал ва спорт мусобақаларини мунтазам ўтказиш билан шуғулланади. Ёшларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш, улар фаолиятига кредит, субсидия ва бошқа ёрдам чораларини жалб қилишда ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорлик қилади.

Номзодлар очиқ танлов асосида ишга олинади, танлов комиссиясига туман (шаҳар) ҳокимлари раислик қилади. Ҳар чоракда маҳаллада ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликка эришаётган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар етакчилар бир ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.


Кооперативларнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди

5_3618a467

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти USAID дастури билан ҳамкорликда 14 январь куни ҳуқуқий сиёсат бўйича халқаро анжуман ўтказди. “Кооперациянинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш – ижтимоий-иқтисодий ривожланиш шарти” мавзусидаги анжуман онлайн ва оффлайн форматда 100 дан ортиқ иштирокчиларни бир майдонга тўплади.

Миллий ва халқаро экспертлар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида кооперативларнинг ролини ҳамда турли соҳаларда (ишлаб чиқариш, транспорт, суғурта, қишлоқ хўжалиги) кооперативларни шакллантириш ва кенгайтириш усулларини муҳокама қилишди.

Ўзбекистон иқтисодиётида кооперативлар ҳиссаси чекланиб қолмоқда: мамлакатда 1,5 мингга яқин кооперативлар мавжуд бўлса, Италияда 39,6 мингта, Туркияда 33,9 мингта, Францияда 22,5 мингтани ташкил этмоқда. Ўзбекистонда кооперативлар фаолиятидаги тўсиқлар қаторига эскирган қонунчилик базаси ва ҳаддан зиёд давлат назоратини киритиш мумкин. Анжуман сўнггида кооперативлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Урганчда ННТлар учун коворкинг маркази очилди

photo_2022-02-03_12-01-03

Урганч шаҳридаги “Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да коворкинг марказ иш бошлади. Марказ Хоразм вилоятидаги “Истиқбол аёллар” маркази томонидан давлат ижтимоий буюртмаси доирасида ташкил этилган. Лойиҳани амалга ошириш учун Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 400 млн сўм маблағ ажратилди.

Коворкинг фуқаролик жамияти институтларининг мулоқот қилиш, салоҳиятини ошириш ва соғлом рақобат муҳитини яратиш учун “очиқ майдон”га айланиши кутилмоқда. Маҳаллий ННТ вакилларининг танлов асосида жойлашиш концепцияси ва механизмини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда. Резидентлар учун ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни ёзиш ва уларни амалга ошириш бўйича 24 та бепул ўқув семинарлари, маҳорат дарслари режалаштирилган. Коворкинг маркази зарур мебеллар, ускуналар ва инвентарлар билан жиҳозланган. Юқори тезликдаги Интернет тармоғи мавжуд, видеоконференциялар учун шароитлар яратилган.


Жаҳон банки Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини таҳлил қилди

bank

Жаҳон банки Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар дуч келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни таҳлил қилувчи янги ҳисоботини эълон қилди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳисоботда ушбу гуруҳнинг соғлиқни сақлаш, таълим, реабилитация ва ёрдамчи реабилитация воситаларидан фойдаланиш имкониятлари, меҳнат бозори, инфратузилма, ижтимоий ҳимоя, COVID-19’нинг уларга таъсири, шунингдек, ҳукумат томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлари баҳоланади.

Хусусан, ногирон болалар ва катталарнинг 25 %и зарур тиббий хизматларни олмайдилар, ногирон бўлмаганларда эса бу кўрсаткич атиги 10 %ни ташкил қилади. Тўлов билан боғлиқ қийинчиликлар, қаердан олишни билмаслик ва бошқа омиллар туфайли фуқароларнинг ушбу тоифаси шифокорлар томонидан белгиланган дори-дармонларни қабул қилишга бўлган имкониятлари уч баравар кам.

Керакли инфратузилмалардан фойдаланиш имкониятининг йўқлиги ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш тарзи ва фаровонлигига салбий таъсир қилади. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, Тошкент шаҳридаги бинолар ва ижтимоий инфратузилмаларнинг 85 %и ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилмаган, гарчи бу ерда қарийб 70 минг ушбу тоифадаги фуқаролар истиқомат қилади.

Пойтахтдаги жамоат транспорти ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик мезонларига жавоб бермайди, бу ногиронлиги бўлган шахслар фаровонлиги учун жиддий ижтимоий-иқтисодий оқибатларга эга.

Тадқиқот ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳаётга жалб қилиш бўйича тавсиялар беради. Масалан, ушбу тоифадаги фуқароларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик ва давлат дастурларини БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидалари ва тамойилларига мувофиқлаштириш зарурлиги билдирилади: умумэътироф этилган халқаро таърифлар ва воситалар асосида ногиронлиги бўлган шахслар билан боғлиқ статистика ва маълумотларни йиғиш тизимини уйғунлаштириш, шунингдек, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини миллий даражада амалга оширишни идоралараро мувофиқлаштириш ва назорат қилиш механизмларини кучайтириш.

Бундан ташқари, тадқиқот ҳокимият органларига ногиронлиги бўлган шахслар манфаатларини ифодаловчи маҳаллий ННТлар салоҳиятини ривожлантиришни тавсия қилади.


COVID-19 пандемияси

Ўзбекистон COVAX доирасида 11 млн доза вакцина олади

9_b4cb1970

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон глобал COVAX механизми доирасида коронавирусга қарши 11 млн дозадан ортиқ вакциналарни бепул олиши керак.

“Ўзбекистон COVAX платформаси орқали AstraZeneca, Moderna, Pfizer/BioNTech ва Sinovac вакциналарини олди. ЮНИСЕФ Ўзбекистон ҳукуматига COVID-19 га қарши вакциналар етказиб беришга ёрдам беришда давом этади”, - дейди жамғарма ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.


Янги вакциналар келтирилди

10

14 январь куни COVAX глобал платформаси орқали Тошкентга Pfizer/BioNTech коронавирусга қарши вакцинасининг 310 050 дозадаги навбатдаги партияси етказилди. Вакцина АҚШ ҳукумати томонидан бепул тақдим этилган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениел Розенблум сўзларига кўра, пандемияни фақат дунёдаги барча ҳамкорлар билан ҳамкорликда ишлаб енгиш мумкин. “Биз бу ишни давом эттирамиз, келгусида вакциналар кўпроқ келтирилади", - дейди у.

Ўзбекистонга етказилган Pfizer/BioNTech вакцинасининг умумий дозалари 2,626 млндан ортиқни ташкил этди.

Аввалроқ, 7 январь куни COVAX глобал дастури доирасида 500 400 доза Moderna вакцинаси Тошкентга бепул келтирилди.


Буюк Британия Ўзбекистоннинг COVID сертификатларини тан олишни бошлади

11

Буюк Британия хорижга кетаётганлар учун Ўзбекистонда берилган эмлаш сертификатларини расман тан олишни бошлади. Сертификатнинг тан олиниши Англияга ПЗР тестини тақдим этмасдан кириш имконини беради.

Британия ҳукумати сайтида сертификатлари Англияда тан олинган мамлакатларнинг янгиланган рўйхатида Ўзбекистон 10 январь кунидан бошлаб унга киритилиши айтилган.

Қўшимча маълумотни инглиз тилида Буюк Британия ҳукумати веб-сайтидан олиш мумкин.

Долзарб мавзулар

63 нафар маҳкум афв этилди

8

Ўзбекистон Президентининг фармони билан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтиб, жазо муддатини ўтаётган 63 нафар фуқаро афв этилди.

Хусусан, 44 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 19 нафарига тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.


ID-картани давлат хизматлари марказидан олиш мумкин бўлди

13

Энди Ўзбекистонда ID-картани ички ишлар миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари билан бир қаторда Тошкент шаҳрининг туманларидан ҳамда Нурафшон шаҳридаги Давлат хизматлари марказлари (ДХМ)дан ҳам олиш мумкин.

Расмийлаштириш бўйича хизматлар пойтахтнинг Миробод, Мирзо Улуғбек, Янгиҳаёт, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Яккасарой, Яшнобод, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Олмазор туманлари ДХМлари, қолаверса, Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳар ДХМ орқали кўрсатилади.

Аввалроқ ДХМларда хорижга чиқиш биометрик паспортини ҳам олиш расмийлаштириб бериш бошланганди.


Мунир Мамедзаде: “Синфда бўлиш болаларнинг энг яхши манфаатларига мос келади”

14

ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мактаблар ёпилишининг узоқ муддатли оқибатлари қайтарилмас бўлиши мумкинлигини маълум қилиб, барча мамлакатларни COVID-19 тарқалишига қарамасдан, мактабларни ёпмасликка чақирди.

Ташкилот  тарқатган баёнотда, жумладан, шундай дейилади: “... Мактаблар таълим бериш билан бир қаторда ижтимоий заиф болаларнинг фаровонлигига ҳисса қўшиб, кўплаб муҳим хизматларни тақдим этади. Мактаб болалар учун тенгдошлари ва ўқитувчилари билан муносабатлар қуриш учун асосий ижтимоий муҳитдир. Ҳимоя чоралари кўрилган ҳолда мактаблар очиқ қолиши лозим”.

ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде таъкидлашича, мактабларнинг ёпилиши бутун дунё бўйлаб юзлаб миллион мактаб ўқувчиларига, Ўзбекистонда эса 6 млндан ортиқ ўқувчиларга таъсир кўрсатди. ”Синфда бўлиш болаларнинг энг яхши манфаатларига мос келади”, - дейди у.


Қамоқда бўлган ижтимоий тармоқ фаоли озодликка чиқарилди

15

Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция тартибида фуқаро Рустам Хаирнуровга сиртдан қамоққа олиш бўйича биринчи инстанция ажримини бекор қилди ва айбланувчи “уй қамоғи”га ўтқазилди.

Р.Хаирнуров ижтимоий тармоқларда ёлғон хабар тарқатиб, туҳмат қилишда айбланган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди. У 31 декабрь куни қамоқдан озод қилинди.

Апелляция суди “иш материалларида айбланувчи терговдан яширинганлигини тасдиқловчи бирон бир ҳужжат мавжуд эмас”лигини тан олди.


Яна 120 нафар қатағон қурбонлари номлари оқланди

16_4e6d40e8

Ўзбекистон олий судининг 6 январь куни ўтказилган очиқ суд мажлисида 1920—1930 йилларда қатағон қилиниб, реабилитация қилинмай қолиб кетган яна 120 нафар шахс жами 6 та жиноят иши бўйича оқланди.

Қатағон қурбонлари рўйхати Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ шакллантирилган Республика ишчи гуруҳи томонидан тузилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг август ойида Олий суд 1920—30 йилларда отувга ҳукм қилинган ёки концлагерларда озодликдан маҳрум қилинган 115 нафар шахсни оқлаган эди.


Ижтимоий тармоқлардаги экстремистик ва террористик деб топилган саҳифалар рўйхати янгиланди

17

Ўзбекистон адлия вазирлиги ижтимоий тармоқлардаги бир қанча экстремистик ва террористик деб топилган саҳифа ва каналларнинг янгиланган рўйхатини эълон қилди. Олий суднинг ҳал қилув қарори 2021 йил 24 декабрда қабул қилинган.

Қарорга кўра, 19 та канал (гуруҳ, материал)лар экстремистик ва террористик деб топилган ҳамда уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тарқатиш, тайёрлаш ёки намойиш этиш тақиқланган. Улардан 8 таси Telegram мессенжерида, яна 8 таси Facebook ва 3 таси Instagram платформаларида фаолият олиб боради.

Бундан аввалги рўйхат ўтган йилнинг 25 мартида эълон қилинганди.


Блогер 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

18

Cуд диний блогер Фозилхўжа Орифхўжаевни жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни сақлаш, тарқатиш бўйича айбли деб топди ва 7 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига кўра, блогернинг Facebook'даги профилига жойлаштирилган айрим материаллар “диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи” материаллар сирасига кириши аниқланган.


“Заковат” ўйини ғолиблари ўқишга имтиҳонсиз қабул қилинади

18

“Заковат” интеллектуал ўйинининг республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган ўқувчилар ҳамда олий таълим муассасалари талабалари таълимнинг кейинги босқичига тўлов-контракт асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади. Шунингдек, ғолиблар учун 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб йил давомида ҳар ойда бериладиган “Заковат” стипендияси жорий этилади. Бу бўйича 20 январь куни Президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.  

Таълим муассасаларида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал клубларининг координатори бўлган профессор-ўқитувчиларга меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 %и миқдорида бир марталик устама тўлаб берилади.

Интеллектуал ўйинларни ривожлантириш мақсадида “Заковат” интеллектуал клуби ННТга 2022 йилда давлат бюджетидан 50 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилади.


Яна бир блогер уч йилга қамалди

19

Суд 21 январь куни тошкентлик блогер Миразиз Бозоровга уч йил муддатда озодликдан чеклаш жазосини тайинлади. У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми „г“ бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.

Жазони ўташ блогернинг уй қамоғига олинган кун – 2021 йил 29 апрелдан бошланади. Эркинликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан у ёки бу баҳона билан уйдан чиқиб кетишни тўлиқ тақиқлаш ёки куннинг маълум бир вақтида уйдан чиқиб кетишни чеклашдан иборат.



Янги тайинловлар

Улуғбек Муҳаммадиев Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари бўлди

20

Улуғбек Исломович Муҳаммадиев Президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига қайта тайинланди. У аввал ҳам ушбу лавозимда фаолият юритган.

Тайинловга қадар 2020 йилдан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори эди.

У.Муҳаммадиев (1977 йилда туғилган) Ўзбекистон Миллий университети (2003)ни, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва бошқаруви академияси (2012)ни тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1999 йилда ЎзМУнинг ўқув бўлими назорат инспекцияси инспектори бўлиб бошлаган, турли йилларда Президент ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси котибиятида хизмат қилган, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси сифатида фаолият юритган. Кейинроқ Президент Администрациясида масъул лавозимларда ишлаган.


Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига янги раис сайланди

21

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) Бошқарув раиси лавозимига Шерзодхон Тожиддинхон ўғли Қудратхўжа сайланди.

У айни пайтда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, шунингдек, Халқаро пресс-клубга раислик қилиб келаётганди.

Ш.Қудратхўжа (1974 йилда туғилган) собиқ Тошкент давлат университетини журналистика мутахассислиги бўйича тамомлаган. Сиёсий фанлар номзоди. 2019 йилда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси аъзоси этиб сайланган.

ЎзЭОАВМАни 2003 йилдан бери 19 йил давомида Фирдавс Абдуҳолиқов бошқариб келаётганди.


Ўзбекистон рейтингларда

Коррупцияни қабул қилиш рейтингида 6 поғона юқорилаш

22

“Transparency International” халқаро ташкилоти 2021 йил учун  “Коррупцияни қабул қилиш индекси”нинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага кўтарилиб, 180 мамлакат орасида 140-ўринни эгаллади. Мамлакат 2019 йилда 153-ўринда, 2018 йилда 158-ўринда, 2017 йилда 157-ўринда, 2016 йилда эса 156-ўринда қайд этилганди.

Ўзбекистон қўшниларига давлат органларидаги ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш бўйича ўрнак кўрсатмоқда, дейилади ҳисоботда. Сўнгги йилларда ҳукумат коррупцияга қарши бир қатор муҳим ислоҳотларни амалга оширди, шунингдек, коррупциянинг олдини олишни устувор вазифа қилиб қўйди.

Қирғизистон (144-ўрин, 27 балл), Тожикистон (150-ўрин, 25 балл) ва Туркманистон (169-ўрин, 19 балл) ортда қолаётган мамлакатларга киради.


Ўзбекистон май ойида ташриф буюриш учун энг яхши мамлакатлар рўйхатида

23

Британиянинг “The Times” газетаси Ўзбекистонни май ойида ташриф буюриш учун энг яхши давлатлар рўйхатига киритди.

Қайд этилишича, илиқ ва қуруқ об-ҳаво май ойини иссиқ ёздан фарқли равишда мамлакатга ташриф буюриш учун энг қулай вақт ҳисобланади. Бу пайтга келиб пойтахтнинг Чорсу бозори баҳорий маҳсулотлар – кўк ўрик (довча), олма, қулупнайга тўлади.

“The Times” нашри, шунингдек, тарихий муҳит ва Шохи Зинда мажмуасига эга Самарқанд ҳамда Арк қалъаси жойлашган Бухорони зиёрат қилишни тавсия қилган.


Глобал очлик индексида 21-ўрин

22

Глобал очлик индексида Ўзбекистон 116 та давлат орасида 21-ўринни эгаллади. 2020 йилга нисбатан мамлакат 9 поғонага кўтарилди.

Қозоғистон 28-ўринни, Қирғизистон 40-ўринни, Туркманистон 48-ўринни эгаллаб турибди.


Яшаш учун энг арзон мамлакатлар ўнталигида

25

Cost of Living Index by Country 2022 индексида Ўзбекистон (2022 йилги мамлакатлар бўйича яшаш қиймати индекси) 139 давлат орасида 133-ўринни эгаллади.

Мутахассислар турли мамлакатларда ҳаёт қанчалик қиммат эканлигини баҳолашди. Уй-жой ижараси, дўконлардаги озиқ-овқат, шунингдек, ресторанга боришнинг ўртача нархи ҳисобга олинди.

Ўзбекистон индекси 27,31 баллни ташкил этган бўлса, максимал натижа деярли 150 баллга етган.


 Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши бўйича Марказий Осиёда етакчига айланади Жаҳон банки

26

Жаҳон банки кутилмаларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши 5,6 %ни ва 2023 йилда 5,8 %ни ташкил этади. Ушбу кўрсаткичлар ташкилотнинг “Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари” ҳисоботида келтирилади.

Прогнозга кўра, мамлакатимиз минтақада нисбатан юқори истиқболга эга. Тожикистонда эса ўсиш бироз секин (5,5 %).


Иқтисодий эркинлик индексида рекорд яхшиланиш

1_7cdd120e

Иқтисодий эркинлик индексининг “Савдо эркинлиги” назорат кўрсаткичи бўйича Ўзбекистонга 75,6 балл берилди. Йил давомида позициялар яхшиланди — +20,2 балл.

Бунга тўғри олиб борилган савдо сиёсати, тариф ва тарифсиз тўсиқларни оптималлаштириш соҳасидаги ислоҳотлар ёрдам берди.

Айни пайтда бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон 2021 йилда 163-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёда мутлақ етакчига айланган ҳолда 67-ўринни эгаллаб турибди.


Ўзбекистон Марказий Осиёда ўзгаришларга ягона умид бўлиб қолмоқда

2_26a3fb0f

Бу ҳақда Британиянинг нуфузли “The Economist” нашри Қозоғистондаги воқеаларга баҳо берилган мақоласида қайд этди.

Нашр ёзишича, 2016 йилда ҳокимият тепасига келган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев:

✔️ мажбурий меҳнат амалиётига барҳам берди;

✔️ оддий фуқароларга кўпроқ шахсий эркинлик берди;

✔️ мамлакат иқтисодиётини модернизация қилмоқда.

“The Economist” шарҳловчиларига кўра, бу ижобий ўзгаришлар бўлишидан дарак.


Ўзбекистон ННТлари  муваффақият тарихи

2021-10-05_20

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида тайёрланди

Профессионал ёрдам ва оилани қўллаб-қувватлаш

3_2a501bed

“Ўзбекистон cаратонга қарши жамият” нодавлат нотижорат ташкилоти 14 йилдан буён ОИВ инфекцияси билан касалланган одамларга профессионал маслаҳатлар бериш, ўзаро ёрдам гуруҳларини ташкил этиш, уларни ихтисослашган мутахассисларга йўналтириш орқали қўллаб-қувватлаб келмоқда. Алоҳида муҳим йўналиш – ОИВ билан яшайдиган одамларнинг яқинлари ва қариндошлари билан ишлаш.

2011 йилда ташкилот томонидан ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш Глобал жамғармаси лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида лойиҳани амалга оширилди. 2012 йилдан буён ташкилот фаолияти нафақат пойтахт, балки Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олди. Жумладан, Глобал жамғарма лойиҳаси доирасида республика бўйича 18 та кўп тармоқли гуруҳлар ташкил этилди. Бу ташаббус Республика ОИТСга қарши кураш маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан қўллаб-қувватланди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ОИТСга қарши кураш марказларида инфекционист, психолог, ижтимоий ходимлардан иборат гуруҳларни ташкил этиш ОИВ инфекцияси билан яшовчиларнинг ҳаёт сифатини оширишга олиб келади, уларнинг ҳаётини яхшилашга кучли туртки беради.

“Ўзбекистон саратонга қарши жамияти” ННТ ҳар йили 1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунида аҳолининг турли қатламларини фаол жалб этган ҳолда турли тадбирлар ўтказади. Мақсад – ОИВ/ОИТС ҳақида глобал хабардорликни ошириш ва пандемияга қарши халқаро бирдамликни намойиш этиш. 2021 йилда ушбу сана “Тенгсизликка барҳам бериш. ОИТСни тугатиш” шиори остида ўтказилди.

Жамият ЖССТ кўмагида ва Республика ОИТСга қарши кураш маркази билан ҳамкорликда ҳеч кимни ортда қолдирмасликка алоҳида эътибор қаратмоқда ва ОИВнинг асосий хизматларидан фойдаланишда номутаносиблик кучайиб бораётганига ишора қилмоқда.

ОИВ билан яшайдиган одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилашни таъминлаш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. ОИВ билан яшайдиган одамлар ҳали ҳам ижтимоий-психологик (стигма ва дискриминация) муаммоларга дуч келмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон саратонга қарши жамияти ЖССТнинг ваколатхонаси кўмагида ўтган йилнинг декабрь ойида Тошкентда ОИВ инфекцияси билан касалланган шахсларга ижтимоий психологик ёрдам кўрсатиш бўйича қатор тренинглар ўтказди. Тренингда ностандарт технологиялардан фойдаланилди. Хатолар устида ишланди. Умуман, тренинг иштирокчиларнинг малакасини оширишга кўмаклашди ва касбий ва шахсий ривожланишга туртки берди.


Тошкентда иш бошлаган ННТ уч йилда республика миқёсигача кенгайди

1_d5a93dfd

Соғлом оналик ва болалик, соғлиқни сақлаш муаммоларига бефарқ бўлмаган инсонларни бирлаштирган “Юксак салоҳият” нодавлат нотижорат ташкилоти бундан уч йил аввал Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтказилган эди.

Ўзбекистонда бу йўналишда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари кам. Бу эса “Юксак салоҳият” ННТ ташаббускорларига туртки берган. Дастлаб ғоялар ва вазифалар кўп эди, сўнг улар  орасидан муҳимлари ва қизиқарлилари саралаб олиниб, лойиҳаларга айланди.

Биринчи қадам сифатида “Юксак салоҳият” ходимларининг “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Қозоғистоннинг “АРГО” фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси томонидан USAIDнинг молиявий кўмагида амалга оширилган “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастурида иштирок этганини айтиш мумкин. Ташкилот грантга эга бўлди ва ташкилий ривожланиш учун техник ва молиявий ёрдам олди. ННТнинг ривожланиш стратегияси, сиёсати, тартиб ва ​​воситалари ишлаб чиқилди.

Натижада ушбу ННТ бир йилдан сўнг республика ташкилоти мақомини олди ва бу Қорақалпоғистонда, Самарқанд, Фарғона вилоятларида филиалларини очиш имконини берди. Жойларда ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этишга салмоқли ҳисса қўшаётган мутахассислардан иборат жамоа шакллантирилди.

Ҳар бир филиал ҳудудда долзарб ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширмоқда. Масалан, Самарқанд шаҳрида “Ҳуқуқий таълим барча учун” лойиҳаси амалга оширилмоқда (USAIDнинг Ўзбекистонда ҳуқуқни ислоҳ қилиш дастури кўмагида). Унинг доирасида Самарқанд вилоятининг учта тумани ва Самарқанд шаҳрида бепул юридик маслаҳат берадиган 4 та марказ очилди.

 Қорақалпоғистонда “Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани ва Нукус шаҳарларидаги меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш” лойиҳаси (бу ҳам USAIDнинг Ўзбекистонда ҳуқуқни ислоҳ қилиш дастури кўмагида) амалга оширилмоқда. Фарғонада эса АҚШ элчихонаси кўмагида “Соғлом аёл, соғлом оила” лойиҳаси йўлга қўйилди.

Ҳозирда Ўзбекистон ҳудудларида 8 та бепул юридик ёрдам кўрсатиш маркази очилган, уларда 11 нафар адвокат фаолият юритмоқда. Улар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан бирга, маҳаллалар аҳолиси билан учрашувлар ўтказиб, ҳуқуқий саводхонлигини оширмоқда.

“Юксак салоҳият” ННТ уч йил давомида донорлар кўмагида нафақат лойиҳаларини, балки ижтимоий буюртмаларни ҳам амалга оширди. Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган ижтимоий буюртмалар вазиятни таҳлил қилиш, оналар ва болалар соғлиғини сақлаш тизимини ривожлантиришнинг янги механизм ва ёндашувларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш, аёлларнинг туғиш ёши ҳақида хабардорлигини оширишга қаратилган.


Хоразмдаги ННТ аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилмоқда

6_8f073e0d

Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциациясининг Хоразм вилояти бўлими томонидан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида “Соғлом оила – соғлом жамият” давлат ижтимоий буюртмаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилади.

Лойиҳа Урганч, Гурлан ва Янгиариқ туманларининг 9 та маҳалласини қамраб олган. Биринчи босқичда ихтисослашган мутахассислар иштирокида волонтёрлар учун фавқулодда вазиятларда ўз-ўзига ва атрофдагиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди. Бу борадаги мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, Сall марказ ишга туширилди.

Шунингдек, жойларда вазиятни ўрганиш мақсадида Ассоциация ходимлари томонидан вилоятдаги давлат ва жамоат тузилмаларидаги ҳамкорлар билан Янгиариқ туманидаги “Чикирчи”, “Янгиер”, “Қўнғирот” маҳаллалари аҳолиси ўртасида сўровлар ўтказилди. Натижалар асосида мақсадли гуруҳлар аниқланиб, улар билан мутахассислар суҳбат ва интервьюлар ўтказди. “Темир дафтар”га киритилган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди. Қолаверса, аҳолининг мурожаатлари асосида юқорида қайд этилган маҳаллаларда гигиена хоналари, санитария постлари ташкил этилди. Учта маҳалла ҳудудида жойлашган мактабларда “Саломатлик бурчаклари” ташкил этилди.

Бундан ташқари, “Энг фаровон оила”, “Энг обод маҳалла”, “Дадам, онам, мен — спортчилар оиласи” каби кўрик-танлов ва мусобақаларни ўтказиш режалаштирилган. Ассоциациянинг вилоят бўлими томонидан пандемия даврида шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спортнинг афзалликлари ҳақида маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар учун махсус контент (видеороликлар) ҳамда тарқатма материаллар тайёрланмоқда. Улар манзилли равишда, айнан маҳаллаларда тарқатилади.


Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш учун платформа яратилмоқда

7_3ae3c9f6

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида фаолият юритувчи “Таскин” хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ахборот маркази 2018 йилда ташкил этилган. Марказ ходимлари ва мутахассислари вилоятдаги оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ахборот бериб келмоқда, уларнинг салоҳиятини ошириш ва касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш, оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.

  • Оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган, шу жумладан одам савдоси, оилавий зўравонлик қурбонлари, қамоқдан чиққан аёлларни қўллаб-қувватлашга ҳар томонлама ёндашяпмиз, – дейди марказ директори Гулзода Авазова. — Улар билан бизнинг психолог ва ҳуқуқшуносларимиз ишлайди. Бундан ташқари, уларни касб-ҳунарга ўргатиш учун курслар ташкил этамиз. Грант лойиҳалари доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган 160 нафардан ортиқ хотин-қизни бичиш ва тикиш, қандолатчилик курсларида ўқитдик. Бир қисми бизнес-тренингларда иқтисодий билим ва малакасини оширди. “Темир дафтар”га киритилган аёлларга психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Икки нафар вояга етмаган фарзанди бор, оилавий зўравонлик қурбонига айланган аёллардан бирига ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Туман ҳокимлиги ва ҳомийлар кўмагида уй-жой масаласи ҳам ҳал этилди. Аёлга уй қуриб берилди ҳамда ишга жойлаштирилди. Марказ ҳуқуқшуноси аёлга судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам берди. Натижада, боғдорчилик ва узумчилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун унга 1 гектар ер майдонини узоқ муддатга ижарага бериш тўғрисида қарор чиқарилди.

  • Юксалиш” ҳаракати ва Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси томонидан ташкил этилган “ННТ мактаби”да ўқиб, билим ва кўникмаларимизни оширдик. Янги лойиҳа ёзиб, “Марказий Осиёда ижтимоий инновациялар” (SICA) Innovative Solutions Grants дастури бўйича грант маблағини қўлга киритдик. Бизга мурожаатларни қабул қилиш ва қайта ишлаш платформасини яратиш ва уни ривожлантириш учун 25 минг доллар ажратилди, - дейди Гулзода Авазова.

Лойиҳа доирасида масъул давлат органларининг алоҳида шахсий кабинетлари билан махсус веб-платформа яратилади. Қулай бўлиши учун платформанинг иш столи ва мобил версиялари ишлаб чиқилмоқда. Қолаверса, фуқаролар Telegram мессенжери орқали мурожаатларини юборишлари мумкин бўлади.


Жамоатчилик кенгашлари давлат органлари ва аҳоли ўртасидаги самарали ҳамкорлик майдонига айланмоқда

8_8e41dd4a

Бундан уч йил аввал Ўзбекистонда янги институт – давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди. Давлат раҳбарининг 2018 йил 4 июлдаги қарорида ихтиёрий асосда доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органларини ташкил этиш белгиланган. Бугунги кунда 70 дан ортиқ давлат органи ва муассасалари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари ташкил этилган.  

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ACTED, Франция)нинг Ўзбекистондаги филиали томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Фуқаролик жамияти ва маҳаллий давлат органлари ўртасида инновациялар орқали шаффоф ҳамда инклюзив бошқарув” лойиҳаси доирасида Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари тажриба тариқасида ташкил этилди.

Эксперт ва тренерлар мазкур жамоатчилик кенгашларининг янги таркибини нафақат қайта кўриб чиқиш ва шакллантириш, балки ишларни тўғри ташкил этиш, жумладан, давлат органлари фаолияти ҳамда ҳудудий дастурлар ва қонун ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик мониторингини олиб боришга ҳам кўмаклашди. Жамоатчилик кенгашлари аъзолари учун бир қатор мавзули тренинглар ва маҳорат дарслари, шунингдек, Грузияга ўқув сафари ташкил этилди.

Жамоатчилик кенгашлари фаолиятида қандай ўзгаришлар юз берди?


Жамоатчилик назорати механизмлари фаол қўлланилмоқда

9_a7e3d24a

Жамоатчилик кенгаши таркиби ўтган йили тубдан қайта кўриб чиқилди. Бугунги кунда унинг таркибига вилоятдаги 19 нафар фаоли фуқаролар ва ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари кирди. Кенгаш тўғрисидаги низом, алоқа режаси ва алоҳида иш режаси тасдиқланди, - дейди Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Даврон Шодмонов.

Апрель ойида Жамоатчилик кенгаши томонидан давлат идоралари вакилларини таклиф этган ҳолда вилоятдаги ННТларнинг лойиҳа ва фаолияти тақдимоти ташкил этилди. Натижада фуқаролик жамияти институтлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида самарали ва фойдали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Июнь ойида капитал қурилиш, транспорт коммуникациялари ва коммунал хўжалигини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. 2 та маҳаллага трансформатор ўрнатилиб, 952 оила узлуксиз электр энергияси билан таъминланди, 2,5 км йўл асфальт қилинди, 7 та кўп қаватли уйнинг ертўласи тозаланди, атрофи ободонлаштирилди.

Орадан бир ой ўтгач, Жамоатчилик кенгаши аъзолари Косон туманидаги “Пудина” маҳалла фуқаролар йиғинида мониторинг ўтказилиб, аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилди. Ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Умуман олганда, 2021 йилда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши томонидан вилоятдаги ННТларни жалб қилган ҳолда 17 та жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Хусусан, уларнинг 10 таси Давлат дастурининг 7 та туман ва Қарши шаҳридаги, яна 5 таси эса инвестиция дастури ижросини ўрганишга қаратилган эди. Вилоят ҳокимлиги раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишлар ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида ўрганишлар якунлари кўриб чиқилди. Натижада 20 дан ортиқ муаммоли масалалар ҳал этилди. Масалан, Деҳқонобод туманининг энг чекка маҳаллаларидан бири “Бойқўрғон” МФЙда 72 метр узунликдаги кўприк қурилди. Бу мақсадлар учун маҳаллий бюджетдан 82 млн сўм маблағ ажратилди. Яна бир мисол, Қарши шаҳридаги 16-умумтаълим мактабини таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 3,2 млрд сўм ажратилди.


ННТ вакиллари билан мулоқот ўрнатилди

13_e9f6175f

Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг янгиланган таркиби 2021 йилнинг апрель ойида тасдиқланган эди.

  • 2018 йилда ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши вилоят ҳокимлиги ва аҳоли ўртасида чинакам “кўприк” бўла олмади. Унинг янгиланган таркибига вилоятдаги фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат идоралари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, жами 25 нафар мутахассис кирди. Бу жамоатчилик назорати механизмларидан кенгроқ фойдаланиш, давлат органи ва жамоатчилик ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилди, - дейди Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши раиси Сайёра Абдикаримова.

Жамоатчилик кенгаши томонидан ўтган йили Давлат дастурининг 15-банди, Урганч, Боғот, Шовот, Хива, Хонқа, Янгибозор ва Янгиариқ вилоятларида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг вилоятдаги ижроси юзасидан 7 марта жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. Натижалар асосида аниқланган камчиликлар юзасидан таҳлилий материаллар ва уларни бартараф этиш юзасидан вилоят ҳокимлигига таклифлар киритилди. Масъул давлат тузилмалари вакилларининг ҳисоботлари тингланди.

Урганч шаҳридаги бозорлар, истироҳат боғлари атрофидаги пиёдалар йўлаклари ва кўчалар ҳолати, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари тажрибаси асосида ёшлар саноат ва ишбилармонлик зоналарини ташкил этиш самарадорлигини мониторинг қилдик, – дейди С.Абдикаримова. — Ўрганишлар натижалари асосида аниқланган муаммо ва мутахассисларнинг тавсиялари билан таҳлилий ҳисобот тайёрлаб, вилоят ҳокимлигига тақдим этдик. Биз фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратамиз. Ўтган йили ННТ ходимлари учун давлат ижтимоий буюртмаларини тақсимлаш ва ижро этиш тартибига бағишланган туркум  жамоатчилик муҳокамаларини, жамоатчилик назорати механизмларини жорий этишга бағишланган семинар, вилоятда фуқаролик жамиятини ривожлантириш истиқболларига бағишланган форум ўтказилди. Биз мунтазам равишда ННТлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этиб, мавжуд муаммоларни, уларни биргаликда ҳал этиш усулларини муҳокама қиламиз.


Шаҳар масалаларини муҳокама қилувчи маслаҳат органидан кенгашгача

10_8b8c88d2

2019 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Қўқон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш бўйича катта тажрибага эга бўлган маслаҳат кенгашига айланди. Унда асосий эътибор таълим, соғлиқни сақлаш, экология, давлат органлари томонидан инвестиция дастурларини амалга ошириш масалаларига қаратилган.

Жамоатчилик кенгаши томонидан ўтган давр мобайнида давлат тиббиёт муассасалари томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати юзасидан жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилди, оилавий поликлиника ва шифохоналар ҳолати таҳлил қилинди. Натижада ижобий ўзгаришлар бошланди, жумладан, 2020 йилда тез тиббий ёрдам маркази реконструкция қилинди, поликлиникалар модернизация қилинди, таҳлил олиш жиҳозлари билан таъминланди, фуқароларга бепул хизмат кўрсатиш учун замонавий диагностика ускуналари ва МРТ аппарати ўрнатилди.

Қўқон шаҳрида масъул тузилмаларни жалб қилган ҳолда канал ва ариқларни тозалаш ташаббуси, умумий таълим соҳасидаги муаммоларни ўрганиш, айниқса, карантин давридаги онлайн таълим, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича эшитувлар самарали бўлди. Бунинг сабаби нимада? Биринчидан, Жамоатчилик кенгаши Қўқон шаҳар ҳокимлиги ҳузурида маслаҳат органи сифатида тузилди. Иккинчидан, Кенгаш ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш тажрибасига эга бўлгани боис, ҳар чоракда бир марта оммавий эшитувлар ўтказиб келди. Учинчидан, ННТлар ва ОАВ вакилларининг жалб этилиши жамоатчилик назорати жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлади, - дейди Қўқон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши раиси Маъруф Алиев.

2022 йил бошидан буён шаҳарнинг долзарб муаммоларини фаол муҳокама қилувчи ва ечимлар таклиф этувчи орган сифатида Жамоатчилик кенгашининг янги таркибини шакллантириш чоралари кўрилди. Янгиланган таркибга 19 нафар, шу жумладан 9 нафар ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, 2 нафар журналист, 8 нафар ижро ҳокимияти мутахассислари киритилди. Кенгаш аъзолари учун семинарлар ташкил этилди. Шунингдек, Жамоатчилик кенгашининг Одоб-ахлоқ кодекси ҳамда жорий йилга мўлжалланган иш режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

© Copyright 2021 • info@yumh.uz • Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Ш.  Рашидов кўчаси, 16-уй

You received this email as you are on the mailing list of the Nationwide Movement "Yuksalish" (Uzbekistan). 

If you are not willing to receive the newsletter, please Unsubscribe

Отправлено через

SendPulse